Рамазон ҳайити: одоб ва аҳкомлар

0

Рамазон ҳайити: одоб ва аҳкомлар

Бу – биз ислом аҳлининг байрами. Аллоҳ барчамиздан қилган солиҳ амалларимизни қабул этсин!

Оламлар Раббиси Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин! Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, у зотнинг барча оилалари ва асҳобларига Аллоҳнинг салом ва саловотлари бўлсин!

Маълумки, исломда иккита байрам бор. У ҳам бўлса рамазон ва қурбон ҳайитидир. Ундан ташқари ҳар ҳафта сўнгида келадиган байрам – жума куни ҳам бор. Мусулмонларда бундан бошқа байрамлар йўқ. Афсуски, ҳозирги замонда мусулмонлар нишонлаб келадиган кўплаб байрамлар ҳеч қандай шаръий асосга эга бўлмаган, ғайридинлардан кириб келган ботил ва бидъат байрамлардир. Мусулмон киши Раббисига қилган тоат-ибодати билан хурсанд бўлади, аслида чинакам байрам ҳам шу. Шунинг учун исломдаги бу икки байрамга назар солар эканмиз, улардан ҳар бирининг тоат-ибодат мавсумидан кейин нишонланишига гувоҳ бўламиз. Рамазон ҳайитида инсонлар ислом рукнларидан бири бўлмиш фарз рўзани адо этганлари, муборак рамазон ойида турли гуноҳ ва маъсиятлардан халос бўлганлари, гуноҳлари мағфират қилиниб, Аллоҳнинг ҳузуридаги даражалари ортганлиги билан қувонадилар. Қурбон ҳайити ҳам худди шундай, у тоат-ибодат мавсуми бўлмиш зулҳижжа ойининг биринчи ўн кунлигидан сўнг нишонланади.

Исломда ҳайит байрами ҳижратнинг иккинчи йилида йўлга қўйилган. Абу Довуд Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага ҳижрат қилиб келдилар. Мадина аҳлининг ўйин-кулгу қиладиган икки байрами бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сўрадилар: “Бу икки кун қандай байрам?”. Мадина аҳли айтдилар: “Биз бу икки кунда жоҳилият даврида ўйин-кулгу қилар эдик”. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Аллоҳ сизларга бу икки куннинг ўрнига улардан яхшироғи: қурбон ва рамазон ҳайитини берди”.

Бу икки байрамда ҳайит намози ўқиш таъкидланган суннатдир. Бу намозни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у зотдан кейинги халифалари ҳеч қолдирмай ўқиб келганлар. Имом Нававий айтади: “Салаф ва халафлардан иборат жумҳур уламолар фикрига кўра ҳайит намози ўқиш суннатдир”.

Ҳайит намозининг вақти қуёш бир найза миқдори кўтарилгач (қуёш чиққанидан тақрибан 15 дақиқа ўтиб) бошланиб, пешин намози вақти киришидан бир оз олдин тугайди. Ибн Қудома роҳимаҳуллоҳ айтади: “Қурбон ҳайитида қурбонлик қилиш вақти бемалол бўлиши учун намозни эртароқ ўқиш, фитр ҳайитида эса намозни кечиктириш суннатдир”.

Аслида ҳайит намозини шаҳар ёки қишлоқдаги катта жамоатни ўзига сиғдирадиган бирон кенг жойда ўқиш суннатга мувофиқдир. Имом Бухорий Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фитр ва қурбон ҳайитларида мусолла (шаҳардан ташқаридаги намозгоҳ)га чиқар эдилар”. Бироқ шундай бўлса-да қаттиқ совуқ, ёғингарчилик ва шу каби сабабларга кўра ҳайит намозини масжидда ўқиш ҳам жоиздир.

Ҳайит кунига оид одоб ва аҳкомлар мавжуд бўлиб, мусулмон киши унга риоя қилиши лозим.

(1) Такбир айтиш:

Ҳайит куни такбир айтиш суннат. Аллоҳ таоло айтади: “Аллоҳ (рўзасини тутолмаган кунларингизнинг қазосини тутиш билан рўзанинг) саноғини тўлдиришингиз ва ҳидоят қилгани учун (такбир айтиб) Аллоҳни улуғлашингизни хоҳлайди. Шояд шукр қилсангиз” [Бақара: 185].

Такбир айтиш вақти ҳайит куни кечаси кун ботиши билан бошланиб, то ҳайит намози бошлангунга қадар давом этади.

Такбир айтиш кўриниши:

Ибн Абу Шайба саҳиҳ санад билан ривоят қилишича, Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ташриқ кунлари қуйидаги сўзлар билан такбир айтар эди:

الله أكبر، الله أكبر، لا إله إلا الله، والله أكبر، الله أكبر، ولله الحمد.

“Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар, Аллоҳу акбар ва лиллаҳил ҳамд”.

Шунингдек, Ибн Абу Шайба айнан юқоридаги санаднинг ўзи билан ривоят қилишича, Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу юқоридагидек бошида икки марта эмас, балки уч бор “Аллоҳу акбар” дегани ҳам собитдир. Умуман олганда мазкур ва ундан бошқа такбир кўринишларидан бирини айтиш жоиз.

Ушбу такбирни масжид, уй, бозор ва кўча-куйларда айтиш мумкин. Эркаклар такбирни овоз чиқариб, аёллар эса овоз чиқармай айтадилар.

(2) Ҳайит намози учун ғусл қилмоқ, энг яхши кийимларни киймоқ ва хушбўйликлардан ишлатмоқ. Ривоят қилинишича, “Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо ҳайит куни намозгоҳга чиқишдан олдин ғусл қилар эди[1].

Нававий роҳимаҳуллоҳнинг айтишича, уламолар ҳайит куни ғусл қилиш мустаҳаб эканига иттифоқ қилишган.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг икки ҳайит ва жума  куни киядиган яктаклари бор эди[2].

Байҳақий саҳиҳ санад билан ривоят қилишича, “Ибн Умар розияллоҳу анҳумо ҳайит кунида энг чиройли кийимларини кияр эди”.

Бироқ аёллар ҳайит намозига зийнатли кийимларни кийиб чиқиш, атир-упа ишлатишдан йироқ бўлишлари лозим. Негаки, аёллар бегона эркакларга зийнатларини кўрсатиш, уларнинг олдида ясан-тусан қилишдан қайтарилганлар.

(3) Рамазон ҳайити намозига чиқишдан олдин уйда бир-неча хурмо ёки бошқа бирон нарса тановул қилиш.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам то бир нечта хурмо емагунларича ҳайит намозига чиқмас…ва хурмоларни тоқ сонда ер эдилар[3].

Ҳайит куни рўза тутиш ман қилинганини таъкидлаш ҳамда рўза тутиш ниҳоясига етгани ва еб-ичиб байрам қилиш бошланганини билдириш мақсадида ҳайит намозига чиқишдан олдин бирон нарса тановул қилиш мустаҳаб қилинган бўлса ажаб эмас.

(4) Ҳайит намозига кетаётиб баланд овозда такбир айтиш.

Дорақутний ва бошқалар ривоят қилишларича, “Ибн Умар розияллоҳу анҳумо рамазон ёки қурбон ҳайити куни тонгда уйидан чиқса, то намозгоҳга боргунга қадар берилиб такбир айтар, намозгоҳга келгач ҳам то имом намозни бошлагунга қадар такбир айтар эди”.

(5) Намозга бир йўлдан бориб, уйга қайтганда бошқа йўлдан қайтиш.

Жобир розияллоҳу анҳудан рвоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳайит куни намозга бир йўлдан борсалар, бошқасидан қайтиб келар эдилар[4].

Уламолар бу ишдан кўзланган ҳикмат хусусида қуйидаги фикрларни билдирганлар:

  • Ҳар икки йўл мусулмон кишига қилган тоат-ибодати учун гувоҳлик бериши.

  • Ҳар икки йўлда ислом шиорини ошкор қилиш.

  • Аллоҳнинг зикрини ёйиш.

  • Мунофиқ ва яҳудларни ғамга ботириш, уларга мусулмонларнинг кўплигини кўрсатиб қўйиш.

  • Одамларнинг эҳтиёжларини қондириш, йўл-йўлакай фатво сўраганларга фатво бериш, одамларга дин таълимотларини ўргатиш, муҳтожларга садақа улашиш, бошқа йўлдаги қариндошларни зиёрат қилиш.

    (6) Ҳайит намозини мусолла – масжиддан бошқа кенг жойда ўқишга ҳаракат қилинг ва бошқаларни ҳам шунга даъват қилинг. Агар бирон сабаб бўлиб масжидда ўқишга тўғри келса зарари йўқ, бўлаверади.

    (7) Ҳайит намозига аёллар, ёш болалар, ҳаттоки ҳайз кўрган аёллар ва турмушга чиқмаган қизларни ҳам олиб чиқиш мустаҳабдир. Имом Муслим Умму Атийя розияллоҳу анҳодан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларни икки ҳайит намозида эндигина балоғатга етган (одатда уйдан кўчага чиқмайдиган) қизларни ва ҳайз кўрган аёлларни ҳам чиқаришга буюрдилар. Фақат ҳайз кўрган аёлларни намоз ўқиладиган жойдан четроқда туришга буюрдилар”.

Албатта, ҳайит намозига чиққан аёллар шаръий либосда чиқишлари, эркаклар билан аралашмасликлари ва аёлларга хос исломий одобларга риоя қилишлари лозимдир.

(8) Ҳайит намози жума намози каби икки ракаатдан иборат. Жума намозидан фарқи ҳайит намозида қўшимча такбирлар айтилади. Ушбу қўшимча такбирлар сони ва айтилиш ўрни хусусида уламолар ўртасида уч хил фикр бор.

Биринчи фикрга кўра, биринчи ракаатда такбиратул эҳромдан кейин уч бор, иккинчи ракаатда эса қироатдан кейин, рукуъдан олдин уч бор такбир айтилади. Бу ҳанафий мазҳабининг фикри ҳамда Имом Аҳмаддан бир ривоятдир.

Иккинчи фикрга кўра, биринчи ракаатда такбиратул эҳром билан қўшиб етти бор, иккинчи ракаатда (қироатдан олдин) қиёмга туриш учун айтилган такбир билан қўшиб ҳисоблаганда олти бор такбир айтилади. Бу имом Молик ҳамда ҳанбалий мазҳабининг фикридир.

Учинчи фикрга кўра, биринчи ракаатда такбиратул эҳромдан ташқари етти бор, иккинчи ракаатда эса (қироатдан олдин) қиёмга туриш учун айтилган такбирдан ташқари беш бор такбир айтилади. Бу шофеий мазҳабининг фикридир. Мазкур уч фикр далилларини солиштириб қаралганда бу борада саҳоба розияллоҳу анҳумларнинг ихтилоф қилганига гувоҳ бўламиз. Шунга кўра, мазкур уч хил кўринишнинг барчаси жоиздир. Инсон қайси ислом ўлкасида бўлмасин, бу борада ўша ўлкада ҳукмрон бўлган мазҳабга эргашиши жоиз, иншааллоҳ. Шунингдек, бу борада ҳайит намозини ўқиган имомга хилоф қилиш жоиз эмас.

(9) Ҳайит намозидан кейинги хутбани тинглаш суннат. Бироқ намозни ўқиб бўлгач, хутбани тингламасдан уйга қайтиш ҳам жоиздир.

(10) Ҳайит куни билан табриклаш саҳоба розияллоҳу анҳумлардан собит бўлган. Бироқ бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бирон саҳиҳ ҳадис келмаган. Жубайр ибн Нуфайр шундай дейди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳоблари ҳайит куни ўзаро учрашиб қолсалар бир-бирларига “Тақаббалаллоҳу минна ва минка” (Аллоҳ барчамиздан қабул қилсин), дер эдилар”. Ҳофиз Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳнинг айтишича, мазкур асарнинг санади “ҳасан”дир[5].

Албатта ҳайит байрами билан ёки шунга ўхшаш хурсандчилик муносабати билан табриклаш жоиз. Одамлар бундай пайтларда бир-бирларини муборакбод этиши мусулмонлар ўртасидаги гўзал хулқ ва таҳсинга лойиқ ижтимоий одатлар қабилидандир.

Ҳайит кунига хос айрим бидъатлар:

 Кўпгина ислом ўлкаларида ҳайит куни қабристонларни зиёрат қилиш, қабрлар атрофини тозалаш, гулчамбарлар қўйиш ва қабристонда ўликлар ҳаққига фотиҳахонликлар уюштириш одат тусига кирган. Шунингдек, бу кунда азадор хонадонлар дастурхон очиб, фотиҳа учун келганларга таом тақдим қилиши, одамлар янги азадор хонадонларга кириб чиқиши ва бу хонадонлар хурсандчилик куни бўлмиш ҳайит кунини мана шундай ташвиш билан ўтказиши ҳануз юртимизда учраб турадиган ҳолатдир. Маълумки, бундай ишлар динимизда мавжуд бўлмаган бидъат ишлардир. Мусулмон киши албатта бу ишлардан йироқ бўлиши, аслида шод-хуррамлик билан ўтиши лозим бўлган кунни азага айлантирмаслиги ва азадор хонадонларга бориб уларни ҳам бу муборак кунда безовта қилмаслиги керак. Тўғри, қабрларни зиёрат қилиш шариатда тарғиб қилинган иш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларида “Қабрларни зиёрат қилингиз. Зеро, у сизларга охиратни эслатади”, деганлар. Бироқ айнан ҳайит куни қабрларни зиёрат қилиш ва буни одатий ҳолга айлантириш бидъатдир. Қолаверса, қабрларни зиёрат қилишдан мақсад ўлимни эслаш, ўтганларнинг ҳолидан ибрат олиш ва уларнинг ҳаққига Аллоҳдан раҳмат сўраб дуо қилиш бўлмоғи керак.

Ҳайит  куни йўл қўйиладиган баъзи камчиликлар:

(1) Айрим одамлар ҳайит куни хурсандчилик тадбирлари, меҳмондорчилик билан овора бўлиб одатда риоя қилиб келган жамоат намозларига эътиборсиз бўлиб қоладилар. Ёки ўзлари намозларни жамоат билан ўқисалар-да фарзандлари, айниқса ўсмирлик ёшидаги фарзандларининг жамоат намозларига қатнашишига бепарво қарайдилар. Албатта бу катта камчилик. Мусулмон киши учун чинакам хурсандчилик тоат-ибодатдадир.

(2) Айрим ота-оналар ҳайит кунида фарзандларига ҳаддан ошиқ саховат кўрсатиб, уларнинг қўлига кўп пулларни тутқазиб қўядилар. Ачинарли томони шундаки, улар фарзандларининг бу пулларни нималарга сарфлаётганини назорат қилмайдилар. Фарзандлар ҳайит кунида турли пиротехника воситаларини сотиб олиш учун кўп пулларини беҳуда совурадилар. Кўп ҳолатларда бу каби ўйинлар билан ўйнаш оқибатида турли кўнгилсиз ҳодисалар юз бериши ҳеч кимга сир эмас.

Аллоҳ таоло барча мусулмонларга рамазон ҳайитини муборак қилсин. Бу муборак ойда тутган рўзаларимиз ва ўқиган намозларимиз ва бошқа солиҳ амалларимизни даргоҳида қабул этсин. Муборак ҳайит байрамини Раббимизни рози қиладиган даражада хайрли ва сермазмун, шод-хуррамлик ила ўтказишни жумла мусулмонларга насиб этсин. Амийн!

[1] “Муваттои Молик” (428).
[2] “Саҳиҳи Ибн Хузайма” (1765).
[3] Бухорий (953).
[4] Бухорий (986).
[5] “Фатҳул Борий” (2/446).

Изоҳ қолдиринг