Уйланишдан олдин қизни кўриш (1)

0

Учинчидан: уйланишдан олдин қизни кўриш

Ҳадисларда келишича, уйланишдан олдин қизни кўриш жоиздир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан риавоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида эдим. Шунда у зотнинг олдиларига бир киши келиб, ансорлардан бир аёлга уйланганини айтди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан: “Уни кўрдингми?”, деб сўрадилар. “Йўқ” – деди ҳалиги киши. “Бориб, унга қарагин, негаки, ансорларнинг кўзларида нимадир бор (яъни баъзиларининг кўзлари кичик бўлади)” – дедилар[1].

Мўғийра ибн Шўъбадан ривоят қилинишича, “у бир аёлни қўлини сўраб боради. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Унга қарагин, зеро, унга қарашинг ўзаро аҳил ва иттифоқ бўлишларинг учун яхшироқдир”, – дейдилар[2].

Ҳадисдаги “унга қарашинг ўзаро аҳил ва иттифоқ бўлишларинг учун яхшироқдир”, деган сўздан эр-хотин ўртасидаги алоқа давомли бўлиши ва турмушлари тинч-тотув кечиши учун уйланишдан олдин қизни кўриш ва унга қараш мустаҳаб экани олинади.

Мавзуга оид айрим эслатма ва мулоҳазалар:

(1) Йигит уйланмоқчи бўлган қизига қарашидан кўзда тутилган ҳикмат юқоридаги ҳадисда баён қилинди: “унга қарашинг ўзаро аҳил ва иттифоқ бўлишларинг учун яхшироқдир”.

(2) Уламоларнинг рожиҳ фикрларига кўра, йигит уйланмоқчи бўлган қизига қараши учун унинг ўзидан ёки валийсидан рухсат олиши шарт эмас. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Агар биронтангиз бир аёлга уйланмоқчи бўлса, унга уйланишга ундаган нарса (яъни хотин-қизларнинг ташқи қиёфаси)га қарашга имкони бўлса қарасин”. Жобир айтади: “Бир қизга уйланмоқчи бўлдим. Уни пойлаб юриб, кўнглимдагидек эканини кўрдим ва шундан сўнг унга уйландим[3].

Ибн Қудома роҳимаҳуллоҳ айтади: “Уйланмоқчи бўлган қизга унинг изни билан ёки унинг изнисиз ҳам қараш жоиздир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мутлақ қарашга буюрдилар, уни чеклаш жоиз эмас[4].

(3) Қайта-қайта қараш жоизми?

Ҳа, юқорида зикр қилинган Жобир розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда келганидек, йигитнинг уйланмоқчи бўлган қизига қарашдан мақсади рўёбга чиққунча, унга уйланишга ундаган нарсани кўрмагунча қизга қайта-қайта қараши жоиздир. Шунга кўра қизга қараш маълум бир адад билан чекланмай, балки бу унга қарашдан кўзда тутилган мақсад ҳосил бўлишига боғлиқ. Эҳтимол, бу мақсад уч бор қарашдан кўпроғи билан ёки аксинча, бир қараш билан ҳосил бўлиши ҳам мумкин. Агар мақсад рўёбга чиқса, йигит ва қиздан ҳар бири турмуш қуриш тўғрисидаги ижобий ёки салбий фикрини билдирса, ундан кейин қизга қараш жоиз эмас. Негаки, бундан кейин унга қарашга ҳожат қолмайди ва қолаверса, қиз ҳануз йигитга номаҳрам саналади.

(4) Қараш жоиз бўлган жойлар:

Аксар уламоларнинг фикрича, йигит уйланмоқчи бўлган қизининг фақат юзи ва икки кафтига қараши жоиз. Довуд Зоҳирийнинг фикрича, қизнинг бутун баданига қараш жоиздир. Ҳанбалийлар бу борада ўртача йўл тутишиб, юз, икки қўл, бўйин ва қадам каби қизнинг кўпинча очиқ бўлган аъзоларигагина қараш жоиз дейишган. Имом Аҳмад бир ривоятда айтишича, йигит қизга бошяланг ҳолида қарашининг ҳам зиёни йўқ. Мазкур ихтилофга сабаб, бу борадаги ҳадис ва осорлар қайси аъзоларга қараш жоизлигини тайин қилмай, балки мақсад ҳосил бўладиган даражада қизга қарашга рухсат берган.

Бу борада кўнгил хотиржам бўладиган фикр шундан иборатки, қиздан уни кўриш учун келган йигит олдида фақат юзи ва икки кафтинигина очиши талаб қилинади. Бу жумҳур уламолар билдирган фикрдир. Қиз йигитга рўмолини ечиб кўрсатиши шарт эмас. Бироқ рўмолини ечиб кўрсатишининг зиёни ҳам йўқ[5].  Шунингдек, йигит қизни яширинча кузатиб, юз ва икки кафтидан ташқари унга уйланишга ундайдиган жойларини кўришга имкон топса, Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда келганидек, бу ҳам жоиздир, валлоҳу аълам.

(5) Хотин-қизлар ҳам турмушга чиқмоқчи бўлган эркакларга қараши жоиздир. Аллоҳ таоло айтади: “Аёлларнинг эркаклар зиммасидаги ҳуқуқлари эркакларнинг аёллар зиммасидаги ҳуқуқлари билан баробардир” [Бақара: 228].

(Давоми бор)

[1] Муслим (1424), Насоий (6/69) ва Ибн Ҳиббон (4041) ривоят қилишган.

[2] Саҳиҳ. Аҳмад (4/246), Термизий (1087), Насоий (6/69) ва Ибн Можа (1866) ривоят қилишган. Ҳадисни Албоний “Саҳиҳул жомеъ”да саҳиҳ деган.

[3] Ҳасан. Абу Довуд (2082) ва Аҳмад (3/334) ривоят қилишган. “Ас-саҳиҳа”га (99) мурожаат қилинг.

[4] “Ал-кофий” (3/4).

[5] Бу борада “Фатово уламои баладил ҳаром” китобига (392-бет) мурожаат қилинг. Унда “Исломий тадқиқотлар журнали”да (26-сон, 136-бет) босилган мавзуга доир мақола нақл қилинган. Шуни эслатиб ўтиш лозимки, икки қадамни очиш деганда икки болдирни ҳам кўрсатиш назарда тутилмайди. Шунингдек, қиз йигитнинг олдига тор ёки енгил кийимларда чиқиши ҳам жоиз эмас.

Изоҳ қолдиринг