Умар розияллаҳу анҳу: ҳижрат қилиши (2)

0

Умар розияллаҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан олдин ҳижрат қилган эди. Унга оиласи ва қавмидан бир қанча кишилар, жумладан, укаси Зайд ибн Хаттоб, Суроқа ибн Муътамирнинг фарзандлари Амр ва Абдуллоҳ, куёви Хунайс ибн Ҳузофа, ҳаётлик чоғидаёқ жаннатий экани хушхабарини олган ўн кишининг бири ва Умар розияллоҳу анҳунинг амакиваччаси Саид ибн Зайд, Воқид ибн Абдуллоҳ Тамимий, Бани Ижлдан Хавло ибн Абу Хавло ва Молик ибн Абу Хавло, Бани Саъд ибн Лайсдан Иёс, Холид, Оқил ва Омирлар ҳамроҳ бўлишди.

Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳу шундай дейди: “Мадинага биринчи бўлиб Мусъаб ибн Умайр ва Абдуллоҳ ибн Умму Мактум ҳижрат қилиб келишди. Улар Мадиналикларга Қуръон ўргатар эдилар. Сўнг Билол, Саъд ҳамда Аммор ибн Ёсир, кейин эса Умар ибн Хаттоб йигирма киши билан келди. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келдилар. Мен Мадиналикларни ҳеч қачон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг келганларига хурсанд бўлганчалик шод бўлишганини кўрмаганман” .

Шу тариқа Умар розияллоҳу анҳу динига бор куч-қуввати билан ёрдам бера бошлади. У бу йўлда ҳеч кимнинг маломатидан қўрқмас эди. У ҳижрат қилмоқчи бўлганларга қўлидан келган ёрдамини аямади. Шунинг учун у билан бирга йигирма киши қўшилиб чиқиб, ҳижрат қилиш бахтига муяссар бўлди. Келинг, Умар розияллоҳу анҳу қандай ҳижрат қилгани ҳақида унинг ўзидан эшитайлик:

“Ҳижрат қилишимизда мен, Айёш ибн Абу Рабиа ва Ҳишом ибн Ос ибн Воил Саҳмий Бани Ғифор қабиласининг Сариф водийси тепасидаги Азоа номли кўлмаги олдидаги дарахтзор олдида йиғилишга, агар бирортамиз келишилган вақтда етиб кела олмаса уни кутмасликка келишдик. Чунки келишилган вақтда етиб кела олмаган киши мушриклар тарафидан қўлга туширилган бўлади. Мен Айёш билан бирга шу дарахтзор олдида кўришдим. Ҳишом эса қўлга тушган экан. У мушрикларнинг фитнасига алданиб, динидан қайтишга рози бўлибди. Биз Мадинага етиб келганимизда Қубога, Бани Авф ибн Абу Рабиа қабиласига жойлашдик. Абу Жаҳл укаси Ҳорис билан бирга Айёшни олиб кетгани ортимиздан етиб келди. Айёш Абу Жаҳлнинг она бир укаси ва айни дамда амакиваччаси эди. Бу вақтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккада эдилар. Абу Жаҳл билан Ҳорис Айёшга: “Онанг сени кўрмагунича сочини тарамасликка, сояда ўтирмасликка қасам ичди” – дейишди. Бу гапни эшитиб, Айёшнинг онасига раҳми келди. Шунда мен унга дедим:

– Айёш, Аллоҳга қасам, бу иккиси сени динингдан қайтармочи, эҳтиёт бўл. Аллоҳга қасам, агар онанг битлардан қийналса сочини тарайди, агар Макка иссиғидан қийналса сояда ўтиради.

– Бориб келганим маъқул. Мени кўриб, онам қасамидан қайтади, баҳонада Маккада қолган пулларимни олиб келаман.

– Аллоҳга қасам, биласан, мен Маккадаги энг пулдорлардан бириман. Мол-мулкимнинг ярмини сенга бераман, лекин улар билан кетма.

Айёш менинг бу таклифимга рози бўлмади ва кетишга қарор қилди. Шунда мен унга: “Модомики кетишга қарор қилган экансан, менинг бу туямни ол. У зотдор ва итоатли. Ундан тушма. Агар бу икаласидан шубҳалансанг, шу туя билан қочасан” – дедим. Айёш йўлга чиқди. Бироз йўл юришгач Абу Жаҳл: “Айёш, туям чарчаб қолди, мени ўзинга мингаштириб олмайсанми?” – деди. Айёш бу таклифни қабул қилди ва Абу Жаҳлни миндириш учун туясини чўктирди. Туядан тушиб олгач, у иккиси Айёшга ҳужум қилиб, уни боғлаб Маккага олиб кетишди. Айёш уларнинг бу фиитнасига рози бўлди… Биз Аллоҳ таоло диндан қайтганларнинг тавба-тазаррусини қабул қилмайди, деб эътиқод қилар эдик. Чунки улар Аллоҳни таниганларидан кейин бошларига тушган мусибатга бардош бера олмай, диндан қайтган эдилар. Уларнинг ўзлари ҳам шу эътиқодда эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келганларидан кейин Аллоҳ таоло бу ҳақда қуйидаги оятларни нозил қилди: “(Эй Муҳаммад), ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: “Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманглар! Албатта (агар бандаси тавба қилса) Аллоҳ барча гуноҳларни кечиради. Албатта У Кечиримли ва Раҳмлидир. Сизларга азоб келишидан олдин Раббингизга тавба қилиб, Унга таслим бўлинглар. Акс ҳолда, сизларга ҳеч ким ёрдам бера олмайди” (Зумар: 53-54). Мен бу оятлари ўз қўлларим билан ёзиб, Ҳишомга йўлладим”.

Ҳишом айтади: “Мен Зу Туво тоғига чиқиб бу оятларни ўқир эканман, унинг маъноларини тушуна олмадим. Охири дуо қилиб: “Аллоҳим, менга бу оятларнинг маъносини тушунтир” – дедим. Шунда Аллоҳ таоло мени қалбимга солди, бу оятлар биз ҳақимизда ва бизнинг “энди тавбамиз қабул бўлмайди” деган нотўғри тушунчамиз ҳақида нозил бўлган экан. Мен шу заҳоти туямга миндим-да, Мадинага, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига йўл олдим”

(Давоми бор)

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг