Ёш болаларни масжидга олиб борса бўладими?

0

Савол:

Ассалому алайкум! Балоғатга етмаган болани масжидга олиб чиқса бўладими?

Жавоб:

Ва алайкум ассалам ва роҳматуллоҳ ва барокатуҳ!

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз, у кишининг аҳли оиласи, саҳобалар ва уларга эргашган солиҳ инсонларга салавот ва саломлар бўлсин!

Модомики, ёш болалар масжидда ўйнаб ва ҳатти-ҳаракатлари билан намозхонларга халақит ва азият бермаса, уларни масжидга олиб боришнинг зиёни йўқ. Балки уларни масжидларга боришга ўргатиш ва бунга уларни шижоатлантириш лозим. Акс ҳолда, ёш болаларни масжидга олиб бормаслик керак. Зеро, масжидлар хушуъ билан намоз ўқиш ва хотиржам зикрлар қилиш учун қурилгандир. Дарҳақиқат, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозхонлар баланд овозда қироат қилиб, бир-бирларига халақит қилишларидан қайтарганлар. Энди намозхонларнинг хушуъ ва хотиржамлигини бузадиган даражада бир ердан бошқа ерга югуриб ва ўйнаб юриш ҳақида нима деб ўйласиз?!

Имом Молик роҳимаҳуллоҳ ёш болаларни масжидга олиб бориш ҳақида сўралганида қуйидагича жавоб берганлар: “Масжидда ўйинқароқлик қилиб, намозхонларга халақит бермаса ва сўзга қулоқ соладиган бўлса, уларни масжидга олиб боришнинг зиёни йўқ. Агар ёшлик қилиб, ўйинқароқлик қиладиган бўлса, у ҳолда олиб бормаслик керак деб биламан”[“Мудаввана”,1/195].

Шайх Ибн Усаймийн роҳимаҳуллоҳга қуйидагича савол йўлланган эди: “Ҳануз эсини таниб улгурмаган ёш болаларни масжидга олиб борса бўладими? Ҳолбуки, уларга таглик (памперс) кийдирилган бўлиб, кўпинча бу таглик (памперс)лар нажосатдан холи бўлмайди. Бундай болаларни масжиддан чиқариб юбориш керакми?

Шайх шундай жавоб бердилар: “Модомики, ёш болалар масжиддагиларга озор бермас экан, уларни масжидга олиб боришнинг зиёни йўқ. Бордию масжиддагиларга озор етказадиган бўлса, у ҳолда масжиддан ман қилинадилар. Ёш болаларни масжиддан ман қилиш уларнинг ота-оналарига боғланиб, фарзандларингиз масжиддагиларга озор беряпти ёки шунга ўхшаш сўзларни айтишлик билан бўлиши керак. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жамоат намозини узунроқ ўқишни хоҳлар, бироқ ёш болаларнинг йиғисини эшитар ва оналарига раҳми келганидан намозни қисқароқ ўқир эдилар. Бу ҳадис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида ёш болалар масжидда бўлганига далолат қилади. Айтиб ўтганимиздек, бордию улар масжиддагиларга озор берадиган бўлсалар, тушунмовчилик юз бермаслиги учун ота-оналарига боғланиб, уларни масжидга келишларидан ман қиламиз. Масалан, сиз етти ёшли болани масжиддагиларга озор бергани боис уни уриб ҳайдаб чиқарсангиз, кейин отаси келиб сиз билан жанжаллашиши ва ўрталарингизда адоват пайдо бўлиши мумкин. Чунки ҳозирги кунда кўпчилик инсонларда инсоф ва адолат йўқ бўлиб кетган. Бунинг ечими ота-оналари орқали уларни масжидга келишларидан ман қилишдир.

Албатта, ёш болаларни масжидга олиб бормаган афзал. Гоҳида ёш боланинг онаси масжиддаги дарсга боришни ёки Рамазон ойида тунги намозларга келишни истайди, лекин уйда  ёш болага қарайдиган инсон бўлмагани боис уни масжидга олиб келишга мажбур бўлади.

Хуллас, ёш болани масжидга олиб келиш орқали қолганларга озор етадиган бўлса ёки отаси боласига қарайман деб намозда фикри бўлинса, олиб келмасин. Таглик (памперс) киядиган даражада кичик болаларнинг масжидга келишидан бирон фойда йўқ. Бироқ етти ва ундан юқори – биз намоз ўқишга буюришга масъул – ёшдаги болалар бўлса, улар масжидга келиши ила фойда оладилир. Бироқ ҳар қандай отага ҳам бу сўзни айта олмаймиз. Зеро, ёш боланинг онаси вафот этган бўлиши ёки зарур ишлари учун кетиб, уйда бўлмаслиги мумкин. Бу ҳолатдаги ота ё жамоат намозини тарк қилиб, фарзандига уйда қараб ўтиради ёки уни масжидга олиб боради. Ҳолатига қараб, қайси бири афзал бўлса, шуни қилади” [“Лиқоу бобил мафтуҳ”, 8/125].

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ёш бола гапга қулоқ соладиган ва масжиддагиларга озор бермайдиган бўлса, масжидга олиб келса бўлади. Акс ҳолда олиб келмаслик лозим.

Масжид жамоатига насиҳатимиз шуки, ёш болаларнинг баъзи ишларига сабр қилиб, уларга масжид одобларини ўргатайлик.

Масжидда мужаррад ёш боланинг товуши чиқиши ёки уларнинг ҳар қандай хатти-ҳаракати туфайли уларни масжиддан ман қилиб бўлмайди. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида ҳам ёш болалардан йиғлаш ва шу каби ишлар содир бўлган. У зот уларга индамас, балки уларга ва уларнинг оналарига раҳми келиб намозни қисқароқ ўқир эдилар. Бироқ ким ёш фарзанди намозхонларга азият беришини билса, то масжид одобига риоя қилмагунча масжидга олиб келмаслиги керак, валлоҳу аълам.

Шуни эслатиб ўтишимиз лозимки, “Ёш бола ва ақлдан озганларни масжидлардан четлатинглар”, деган ҳадис заиф бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу сўзларни айтмаганлар. Мазкур ҳадисни Имом Баззор, Ибн Жавзий, Мунзирий, Ҳайсамий ва Ибн Ҳажар каби муҳаддис олимлар заиф дейишган, валлоҳу аълам.

Изоҳ қолдиринг