Иккинчи ҳадис (13) қиёмат аломатлари

0

Менга қиёмат (қойим бўлиш вақти) тўғрисида маълумот беринг”, – деди нотаниш кимса”:

Қиёмат инсонлар қабрларидан чиқиб оламлар Раббиси ҳузурига борадиган кун, яъни қайта тирилиш кунидир. Бу кун даҳшатли воқеалар юз берадиган муҳим ва ҳал қилувчи кун бўлгани боис “соат”, яъни “вақт” деб номланди. Аллоҳ таоло айтади: “Эй инсонлар, Парвардигорингиздан қўрқингиз! Зеро, (қиёмат) соати (олдидаги) зилзила даҳшатли нарсадир” [Ҳаж: 1].

Пайғамбар алайҳиссалом дедилар: “Қиёмат (қойим бўлиш вақти) тўғрисида сўралган киши (бу борада) сўровчидан билувчироқ эмас”:

Пайғамбар алайҳиссалом “қиёмат (қойим бўлиш вақти) тўғрисида сўралган киши” билан ўзларини, “сўровчи” билан эса Жаброил алайҳиссаломни назарда тутдилар. У зот бу сўзлари билан “агар сен буни билмас экансан, мен ҳам билмайман ва буни сенга айтиб беролмайман, негаки, қиёмат қойим бўлиш вақти ёлғиз Аллоҳга аён бўлган ишдир”, демоқчи бўлдилар. Аллоҳ таоло айтади: “Одамлар сиздан (қиёмат) соати (қачон бўлиши) ҳақида сўрайдилар. “У (соатни) билиш ёлғиз Аллоҳнинг ҳузуридадир”, деб айтинг. Қаердан билурсиз, эҳтимол, у соат яқин келиб қолгандир” [Аҳзоб: 63]. Бошқа бир оятда Аллоҳ таоло айтади: “(Эй Муҳаммад), сиздан Соат (яъни қиёмат) қачон қойим бўлиши ҳақида сўрайдилар. Айтинг:  “Унинг билими фақатгина Парвардигорим даргоҳидадир. Вақти-соати келганида ҳам фақат Ўзи ошкор қилур. У (яъни қиёмат) осмонлар ва ер учун жуда оғир (даҳшатли) бир ишдир. У сизларга фақат тўсатдан — кутилмаганда келур”. Гўё сиз у ҳақда яхши биладигандек сўрайдилар. Айтинг: “Унинг билими фақатгина Аллоҳ даргоҳидадир. Лекин жуда кўп одамлар уни билмайдилар” [Аъроф: 187]. Шунга кўра, олам ниҳоясини аниқ белгилаш йўлидаги уринишларга ва башоратларга ишонмаслик ва уни ёлғонга чиқариш вожибдир. Кимда ким бу ҳақда башорат берса ёки бу башоратларни тасдиқласа кофир бўлади.

Айрим башоратчилар айтиб юрадиган гаплар: ер куррасининг умрини чамалаб “дунё умридан фалон вақт қолди”, деган сўзларни тилларимиз ва қалбларимиз ила инкор этмоғимиз, уларга қарата баралла “ёлғон айтасизлар”, дейишимиз вожибдир. Ким уларга ишонса кофир бўлади. Зеро, башарият ичидан юборилган пайғамбарларнинг энг билимдони ва фаришталар ичидаги энг улуғ элчининг ҳар иккиси қачон қиёмат қойим бўлишини билишмас экан, қолганлар уни қаёқдан била олсинлар!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қиёмат қойим бўлиш вақти тўғрисидаги саволга “қиёмат (қойим бўлиш вақти) тўғрисида сўралган киши (бу борада) сўровчидан билувчироқ эмас”, деб жавоб бергач, Жаброил алайҳиссалом:

 “(Ундай бўлса) менга қиёматнинг аломатлари ҳақида маълумот беринг”, – деди.

 Яъни, қиёмат яқин қолганини билдирувчи белгилар тўғрисида маълумот беринг. Аллоҳ таоло айтади: “Улар фақат тўсатдан (қиёмат) соати келиб қолишинигина кутмоқдалар. Дарвоқе, унинг аломатлари келди” [Муҳаммад: 18].

Уламолар қиёмат аломатларини уч қисмга бўлганлар:

  1. Ўтмишда юз бериб, тугаб кетган аломатлар;

  2. Вақти-вақти билан содир бўлиб турадиган ўрта аломатлар;

  3. Қиёмат қойим бўлишидан олдин юз берадиган катта аломатлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу ҳадисда қиёмат аломатларидан бир нечтасини зикр қилиб шундай дедилар:

(Қиёмат аломатларидан бири) – чўри аёл ўз хожасини туғишидир”:

Ҳадисда зикр қилинган чўри аёлдан мақсад муайян чўри аёлми ёки умумий тарзда чўри аёллар жинси назарда тутилганми?

Бу борада уламолар ўртасида ихтилоф бор. Баъзи уламоларнинг айтишича, бундан мақсад чўри аёл келажакда бевосита ўзига эмас, балки бошқа аёлларга саййид – хожа бўладиган фарзанд туғишидир. Бу фикрга кўра, ҳадисда чўри аёллар жинси назарда тутилган.

Бошқа бир фикрга кўра, ҳадисда муайян чўри аёл ўз мулкдори бўлган эркак ёки аёл хожасини туғиши назарда тутилган. Бир инсон чўри аёлидан фарзанд кўради ва бу фарзанд ўз онасининг хожасига айланади. Фарзанд ўз онасининг хожаси (мулкдори)га айланишини икки хил тушуниш мумкин. Биринчиси: чўридан туғилган фарзанднинг отаси ўша чўри аёлнинг хожаси бўлгани боис мажозий маънода ўз онасининг хожасига айланиши бўлса, иккинчиси: ота вафотидан кейин мулк фарзандга кўчиб ўтиб, оқибат фарзанднинг ўз онасининг хожасига айланишидир.

Бироқ чўри аёлларнинг келажакда мулкдор хожалар бўладиган фарзандларни дунёга келтиради, деган биринчи фикр кучли ва асослироқдир. Яъни, аёл аслида кимнингдир қули – чўриси бўлиб, келажакда мулкдор ва хожалар бўлиб етишадиган фарзандларни туғади. Бу сўз қиёмат олдидан жамиятлардаги аҳвол кескин ўзгаришини баён қилиш учун киноя тарзида айтилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам зикр қилган навбатдаги қиёмат аломати ҳам шунга далолат қилади:

ялангоёқ, яланғоч ва йўқсил чўпонларнинг ким ўзарга  баланд иморатлар қуришини кўрмоғингдир”:

Яъни, улар мол-давлат орттиришиб, ким ўзарга баланд иморатлар қурадилар. Ким ўзарга интилиш иморатнинг баландлигидами ёки чирой – кўркамлигидами ёхуд ҳар иккисидами?

Ким ўзарга интилиш мазкур икки жиҳатнинг ҳар иккисида кузатилади. Улар ким баландроқ иморат қурар экан, дея, шунингдек, кимнинг иморати чиройлироқ ва кўркамроқ, дея ким ўзарга иморат қура бошлайдилар. Бу одамлар аслида ҳеч вақосиз камбағал кишилар бўладилар. Бироқ аҳвол тезда ўзгариб, бой-бадавлат инсонларга айланадилар ва бу қиёмат яқин эканига далолат қилади.

Шу ўринда бир масала бор: ким ўзарга баланд иморатлар қуриш юз бердими-йўқми?

Жавоб шундан иборатки, эҳтимол келгусида ҳозирги замондагидан кўра баландроқ иморатлар пайдо бўлиши мумкин. Негаки, ҳар қандай замонда ўзига яраша баланд иморатлар қуриш бўлиб келган ва бўлади. Ҳар бир даврда бундай баланд иморатларни кўрган одамлар: “Бу қиёмат аломатларидан”, дейишади, валлоҳу аълам. Нима бўлганда ҳам бу қиёматнинг очиқ-ойдин бир аломатидир.

Шундан сўнг (нотаниш кимса) чиқиб кетди. Орадан анча вақт ўтди”:

Орадан қанча вақт ўтгани хусусида турлича ривоятлар мавжуд. Баъзи ривоятларда айтилишича, орадан уч кун ўтган. Бошқа бир ривоятларда уч кундан кўпроқ, айримларида эса уч кундан озроқ дейилган. Нима бўлганда ҳам орадан нисбатан узоқ вақт ўтган. Чунки ҳадисда зикр қилинган “малий” сўзи “узоқ вақт” деган маънони ифода этади. Аллоҳ таоло айтади: “Мени бутунлай (узоқ вақт) тарк эт” [Марям: 46].

Сўнг Пайғамбар алайҳиссалом шундай дедилар: “Эй Умар, савол сўраган кимлигини биласизми?”. Мен: “Аллоҳ ва Расули билувчидир”, – дедим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кейинроқ Умар розияллоҳу анҳуни учратиб қолиб, ундан мазкур саволни сўраган бўлишлари мумкин. Умар розияллоҳу анҳунинг жавобидан маълум бўладики, у савол сўраган кишининг кимлигини билмаган.

Пайғамбар алайҳиссалом: “Савол сўраган Жаброил эди, сизларга динингизни ўргатиш учун келибди”, – дедилар”:

Жаброил алайҳиссалом саҳобаларга динни савол-жавоб тарзида таълим берди. Негаки, савол-жавоб услуби эсда қоларли ва таъсирлироқ услубдир.

Изоҳ қолдиринг