Намоз ўқиш тартиби ҳақида (2)

0

Савол:

Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳ!

  1. Намозда қиёмда турган вақтда кўзни сажда қиладиган ерга қаратиб туриш керакми?

  2. Руку пайтида сажда қиладиган ерга қараладими ёки икки оёқ орасигами?

  3. Саждага бораётганда дастлаб қўл қўйиладими ёки тиззами?

  4. Икки сажда орасида икки маротаба “Раббиғфирли” (Раббим мени кечир) дейиш керакми?

(Саволга жузъий ўзгартиришлар киритилди)

Жавоб:

Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз, у кишининг аҳли-оиласи, саҳобалар ва уларга эргашган солиҳ инсонларга салавот ва саломлар бўлсин!

   1. Намозда қиёмда турган вақтда қаерга қараш кераклиги хусусида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бирон саҳиҳ ҳадис келмаган. Бироқ жумҳур уламолар, жумладан, ҳанафий, шофеий ва ҳанбалий мазҳаби уламоларининг фикрига кўра, қиёмда сажда ўрнига қараш мустаҳаб саналади. Шунингдек, ушбу фикр Муслим ибн Ясор, Иброҳим Нахаий ва Ибн Сирийн каби тобеинлардан ҳам нақл қилинган.

   2. Руку пайтида сажда ўрнига қараш мустаҳаб саналади[1]. Имом Муслим (498) ривоят қилган ҳадисда Ойша розияллоҳу анҳо айтади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам руку қилсалар бошларини кўтариб ҳам, қуйи қилиб ҳам юбормас, балки бошларини ўртача тутиб турар эдилар”. Ушбу ҳадис Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам рукуда бошларини текис тутишларини билдиради. Маълумки, инсон рукуда бошини текис ҳолда тутса, назари сажда қилиш ўрнига тушади. Шунга биноан руку пайтида сажда қиладиган ерга қараш мустаҳабдир.

   3. Саждага бораётганда дастлаб қўл ёки тизза қўйилиши хусусида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан зоҳиридан бир бирига зиддек кўринадиган икки ҳадис ривоят қилинган. Бироқ икала ҳадиснинг санади (ровийлар шажараси) уларни заифга чиқарувчи иллатлардан холи эмас. Шунга биноан, уламолар бу масалада икки хил фикр билдиришган.

Жумҳур уламолар, жумладан, ҳанафий, шофеий мазҳаби уламоларининг фикрича, шунингдек, Имом Аҳмаддан нақл қилинган бир ривоятга кўра, саждага бораётганда дастлаб тизза қўйилади.

Имом Молик, Авзоий ва аксар муҳаддис олимларнинг фикрича саждага бораётганда дастлаб қўл қўйилади.

Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган ҳар икки ҳадиснинг саҳиҳлигида муҳаддис уламолар ихтилоф қилишгани ва ҳар икки фикр эгаларининг далиллари қарийб тенг бўлгани боис, мазкур икки кўринишдан қай бирини қилса ҳам жоиздир, деб хулоса қилиш мумкин.

Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ айтади: “Уламолар саждага бораётганда дастлаб қўл ёки тиззани қўйиш жоизлигига ва иккала кўринишда ҳам намоз дуруст саналишига иттифоқ қилишган. Бироқ қайси бири афзаллигида ихтилофлашишган” [“Фатово”, 22/449].

   4. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки сажда орасида дуо қилганлари бир неча ҳадисларда собит бўлган. Жумладан:

 Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки сажда орасида: “Аллоҳумма иғфирлий варҳамний важбурний ваҳдиний варзуқний”, деб дуо қилар эдилар [Термизий: 284. Шайх Албоний саҳиҳ деган]. Дуо мазмуни: (Аллоҳим мени кечир, раҳм айла, беҳожат қил, тўғри йўлга бошла ва (ҳалол) ризқ билан ризқлантир).

Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки сажда орасида: “Раббиғфирли, Раббиғфирли”, дер эдилар [Насоий: 1145. Шайх Албоний саҳиҳ деган].

Жумҳур уламолар икки сажда орасида ҳадисда келган дуоларни айтиш мустаҳаб, дейишган. Ҳанбалий мазҳаби уламоларининг кўпчилиги эса энг озида бир бор: “Раббиғфирли”, деб айтиш вожиб дейишган. Бироқ бу масалада жумҳур уламоларнинг далиллари кучли бўлиб, уларнинг фикри рожиҳ саналади, валлоҳу аълам.

[1] “Саудия доимий фатво қўмитаси”, 7/25.

Изоҳ қолдиринг