Мусофир одам жума намозини ўқиши фарзми?

0

Савол:

Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ! Мен Россияга пул топиш мақсадида чиққан мусофирман. Устозлардан динимизда жума намозига бориш мусулмонларга фарз, деб эшитганман. Бу ҳукм биз мусофирларга ҳам тегишлими? Жавоб учун олдиндан раҳмат. Дин йўлида қилаётган хизматларингиз учун Аллоҳ рози бўлсин.

Жавоб:

Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз, у кишининг аҳли-оиласи, саҳобалар ва уларга эргашган солиҳ инсонларга салавот ва саломлар бўлсин!

Дастлаб, шариатимизда инсон қачон мусофир саналиши ҳақида қисқача айтиб ўтсак.

Жумҳур уламолар, жумладан, Ибн Аббос, Ибн Умар, Ҳасан Басрий, Зуҳрий, Молик, Шофеий, Аҳмад, Исҳоқ, шунингдек, замондош олимлардан шайх Ибн Боз, шайх Рожиҳий, шайх Фавзон ва Саудия доимий фатво қўмитасининг фикрига кўра, инсон ўз шаҳридан тахминан саксон етти километр узоқликда жойлашган ерга сафар қилса мусофир саналади.

Демак, инсон ўз шаҳридан саксон етти километр масофани кўзлаб йўлга чиқса, мусофир саналади ҳамда жамоат намозига қатнашмаслик, намозларни жамлаб ўқиш, жума намозини ўқимаслик, Рамазон рўзасини тутмаслик ва маҳсига уч кунгача масҳ тортиш каби шариатимиз мусофирга берган енгилликларга амал қилиши жоиз бўлади[1].

Маълумки, мусофирнинг икки ҳолати бўлади:

  1. Йўлдаги мусофир, яъни, ҳамон кўзлаган манзилига етиб бормаган, балки йўлда кетаётган мусофир.

Бу ҳолатдаги мусофир жума намозига бориши фарз эмас.

Ибн Абдулбар роҳимаҳуллоҳ айтади: “Уламолар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: Мусофир жума намозини ўқиши шарт эмас, деган сўзларига амал қилиш кераклигига ижмо қилишган” [“Истизкор”, 2/36].

Қолаверса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлик чоғларида бир қанча сафарлар қилганлар. Шунга қарамай, у зот сафарларининг ҳеч бирида жума намозини ўқиганлари нақл қилинмаган[2].

  1. Кўзлаган манзилига етиб келган мусофир.

Дарҳақиқат, ушбу ҳолатдаги мусофир бошқа шаҳарга саёҳат, даволаниш, тижорат, ўқиш ёки муайян бир ишни бажариш учун келса, у ҳолда бундай мусофирнинг ҳам икки ҳолати бўлади:

  • Борган жойида муайян муддат туришни ният қилмай, балки иши битиши билан ўз шаҳрига қайтиш ниятида бўлган мусофир. Масалан, бошқа шаҳарга бирон топшириқ билан ё даволаниш мақсадида келган бўлиб, бу ишлари қанча муддат давом этиши ва қачон якунланишини билмаслиги ёки мазкур шаҳарда қамалиб қолиб, қачон озод қилинишидан бехабар бўлиши каби.

Бу ҳолатдаги мусофир жумҳур уламолар: Абу Ҳанифа, Молик ва Аҳмад наздида, шунингдек, Шофеийдан нақл қилинган бир ривоятга кўра, борган жойида қанча вақт қолишидан қатъий назар, то иши битгунча мусофир саналади ва юқорида айтиб ўтилган енгилликларга амал қилиши жоиз бўлади.

Бунга Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Макка фатҳи ва Табук жангларида намозларни қаср қилиш ва жамлаш каби мусофирга тааллуқли ҳукмларга амал қилганлари, шунингдек, у зотдан сўнг саҳобалар ҳам жангларда ўзларини мусофир санаб, мазкур ҳукмларга амал қилганлари далил бўлади. Имом Термизий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Мусофир сафарда қанча йил юрса ҳам, бироқ то борган жойида муқим бўлишни ният қилмагунча намозларни қаср қилиши жоизлигига уламолар ижмо қилишган” [“Сунани Термизий”, 2/431].

  • Борган жойида муайян муддат туришни ният қилган мусофир. Масалан, ўзга шаҳарга таълим олиш, белгиланган кунларда ўтадиган йиғилиш ва конференцияга қатнашиш ёки олдиндан муддати маълум бўлган саёҳат ниятида келган бўлиши каби.

Бу ҳолатдаги мусофир жумҳур уламолар, жумладан, моликий, шофеий мазҳаби, шунингдек, ҳанбалий мазҳабидаги кўпчилик уламоларнинг фикрига кўра, борган ерида уч кундан ортиқ туришни ният қилса, мусофир саналмайди. Чунки мусофир одам ўзга шаҳарда уч кундан ортиқ туришни ният қилиши билан мусофирлик ҳукмидан чиқади.

Ҳанафий мазҳабига кўра, ўн беш кун туришни ният қилса, мусофир саналмайди.

Ҳанбалий мазҳабидаги машҳур фикрга кўра, мусофир ўзга шаҳарда йигирма битта намоздан кўп муддат турадиган бўлса, мусофир ҳукмидан чиқади.

Шайхулислом Ибн Таймия, Ибн Қаййим ва баъзи замондош уламоларнинг фикрига кўра, мусофир модомики, ўша шаҳарни ватан қилиб олиш ва ватанига қайтиб бормасликни ният қилмаса, мусофир ҳукмида бўлади.

Бу масалада ҳар бир фикр эгаларининг далиллари кучли ва қарийб тенгдир. Шу боис уламоларнинг бу борада билдирган ҳар бир фикрини мўътабар деб санаймиз. Бироқ фарзларни адо этишдаги эҳтиёткорлик жумҳур уламоларнинг “мусофир одам ўзга шаҳарда уч кундан ортиқ туришни ният қилса мусофир ҳукмидан чиқади”, деган фикрига эргашишни тақозо қилади. Шундай бўлсада, бошқа уламоларнинг фикрига эргашиб, “инсон ўзга шаҳарда ўн беш кун ёки ўн тўққиз кунгача мусофир саналиб, ундан сўнг муқимга айланади”, деган фикрга амал қилган кишиларнинг тутган йўли ҳам инкор этилмайди.

Хулоса қиладиган бўлсак, инсон ўз шаҳридан тахминан саксон етти километр узоқлашса мусофир саналиб, жума намозини ўқимаслиги жоиз бўлади. Бироқ мусофир бошқа шаҳарга бориб, у ерда уч кундан ортиқ туришини билса ёки уч кундан ортиқ туришни ният қилса, жума намозига чиқиши фарз бўлади.

Юқорида айтиб ўтганимиздек, мусофир то кўзлаган ерига етиб олмагунча ёки сафар қилган шаҳрида қанча муддат туришини билмаса, у ҳолда қанча муддат бўлишига қарамай мусофир саналади ва жума намозини ўқиши фарз бўлмайди, валлоҳу аълам.

Аллоҳ таоло барчаларимизни Ислом динини тўғри кўринишда етказадиган ва бу йўлда холис хизмат қиладиган бандаларидан қилсин. Омийн!

[1] Сафар масофасини белгилаш борасида жумҳур уламолар турлича фикр билдиришган. Баъзилар бу масофани саксон километр, деб белгилаган бўлсалар, баъзилар саксон уч километр, бошқа гуруҳ уламолар эса саксон етти километр, деб белгилашган. Шунга кўра, сафар масофаси биз юқорида кўрсатиб ўтган масофадан бироз озроқ бўлишининг зиёни йўқ. Зеро, биз эҳтиёт юзасидан энг узоқ масофани кўрсатиб ўтдик.

[2] Ибн Мунзир “Авсат”, (4/20).

Изоҳ қолдиринг