Қоҳир ва Қаҳҳор исмларининг маъноси

0

Аллоҳ таолонинг бу исмлари араб тилидаги “енгмоқ” ва “бўйсундирмоқ” маъносини ифодаловчи “қаҳр” сўзидан олинган. Зажжож шундай дейди: “Қаҳр сўзи араб тилида бўйсундириш маъносини ифодалайди. (Масалан), асов отни ўзига бўйсундирган ва уни жиловлаган кишига “отга қаҳр қилди” – дейилади”[1].

Аллоҳ таолонинг Қоҳир исмининг маъноси ҳақида Ибн Жарир роҳимаҳуллоҳ “У бандаларининг устидан Қоҳир зотдир” оятининг тафсирида шундай дейди: “Қоҳир – бандаларини Ўзига қул айлаган, бўйсундирган, улардан устун зот дегани. Аллоҳ таоло (оятда) “бандаларининг устидан”, деганинг боиси шуки, Аллоҳ таоло (бу оятда) Ўзини бандалардан устун экани билан сифатламоқда. Бирон нарсадан устун бўлиш учун ундан юқори бўлиш керак. Шунга кўра, оятнинг маъноси қуйидагича бўлади: Аллоҳ бандаларидан устун, уларни бўйсундирган зот бўлиб, уларни яратгани ва бўйсундиргани сабабли улардан юқори – устундир. Демак, Аллоҳ таоло бандаларидан устун экани билан улардан юқори, бандалар эса Аллоҳ таолодан пастдирлар”[2].

Хаттобий роҳимаҳуллоҳ юқоридаги оят тафсирида шундай дейди: “Қаҳҳор – ҳаддидан ошган зўравон бандаларни жазо билан, жонзотларни эса ўлим билан енган зот”[3].

Зажжож шундай дейди: “Аллоҳ таоло кофирларни Ўзининг ягона эканини кўрсатувчи далиллари билан, зўровонларни Ўзининг куч-қудрати билан, бандаларни эса ўлим билан енган зотдир”[4].

Аллоҳ таолонинг Қаҳҳор ва Қоҳир исмлари ўртасидаги фарқ шундан иборатки, Қаҳҳор исми Қоҳир исмидан тушунилган маънони янада кучлироқ ва муболағалироқ ифода этади. Аллоҳ таолонинг Қоҳир исми Қуръони Каримда икки ўринда зикр қилинган:

1)    “У бандаларининг устидан Қоҳир зотдир” (Анъом: 18);
2)    “У бандаларининг устидан Қоҳир зотдир” (Анъом: 61);

Аллоҳ таолонинг Қаҳҳор исми эса Қуръони Каримда олти марта зикр қилинган. Шу жумладан:

1)    “Айтинг, Аллоҳ барча нарсанинг яратувчиси ва У Ягона, Қаҳҳор зотдир” (Ғофир: 3).
2)    “Бугун (яъни қиёмат куни бандалар қайта тирилишларидан олдин) подшоҳлик кимнинг қўлида?! Ягона, Қаҳҳор бўлмиш Аллоҳнинг қўлидадир” (Ғофир: 16).

Ҳақиқий Қаҳҳор Аллоҳ таолонинг ягона Ўзидир. У барча мавжудотлар устидан ғолиб ва енгилмас зотдир. Ҳатто бу дунёда энг ҳаддидан ошган зўровонлар ҳам Аллоҳ таолонинг куч-қудрати олдида чорасиз қолишга маҳкумдирлар. Бунга оддий бир мисол – ўлим. Ҳеч кимса ундан қочиб қутила олмайди. Бу борада кишининг қанча мол-мулк ёки қандай мансабга эга эканининг ҳеч қандай аҳамияти йўқ. Шунинг учун Аллоҳ таоло Ўзининг Қаҳҳор зот эканини баён қилиб, ортидан ўлим ҳақида сўз юритади: “У бандаларининг устидан Қоҳир ва сизларга сақловчи фаришталарни юборади. Токи бирортангизга ўлим келса (яъни ажали етса), элчиларимиз (яъни ўлим фариштаси) ҳеч қандай сусткашликсиз (яъни уни ажалидан бир лаҳза ҳам кечиктирмай) жонини оладилар. Сўнг улар ўзларининг ҳақиқий ҳожалари бўлмиш Аллоҳнинг ҳузурига қайтадилар. Шуни билингларки, ҳукм фақат Аллоҳнинг иши ва У энг тез ҳисоб-китоб қилувчи зотдир” (Анъом: 61-62). Инсонлар дардларига даво топа олмасликлари ҳам уларнинг қанчалар кучсиз эканликларининг бир далилидир.

Аллоҳ таолонинг “У бандаларининг устидан Қоҳир зотдир” (Анъом: 18), деган сўзи У зотнинг барчадан олий, устун ва юқори эканига далил бўлади. Аллоҳ таолонинг барча нарсадан юқорида эканига Қуръон ва ҳадисларда жуда кўп далиллар бор. Аллоҳ таоло барчадан устун ва ғолиб, ҳеч кимдан енгилмас зот экан, демак, Ундан бошқа ҳеч бир нарса ибодат қилишга, сиғинишга лойиқ эмас. Ўзларини худоман, деб даъво қилганлар қанчалар хор бўлиб ҳалок бўлишгани барчамизга аён. Тарихда Намруд қандай ҳалок бўлганига бир назар солинг: Аллоҳ таоло уларга катта бир қўшин юбормади. Улар ҳатто Аллоҳ таолонинг энг заиф қўшини саналган пашшага ҳам қарши кураша олмадилар. Биз Раббимиз Қаҳҳор эканини билишимиз билан ундан бошқага ибодат қилиш, қалбнинг Ундан бошқасига таяниши қанчалар хато эканини тобора яхши англаб етамиз. Аллоҳ таоло барчамизни ёлғиз Ўзига ибодат қиладиган бандалари қаторида қилсин!

[1] “Ан-ниҳоя”, 4\129.
[2] “Жомеул баён”, 7\103.
[3] “Шаънуд дуо”, 50-бет.
[4] “Тафсирул асмо”, 38-бет.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг