Арафа кунининг фазилати

0

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз, у зотнинг оилалари, саҳобалар ва уларга эргашган солиҳ инсонларга салавот ва саломлар бўлсин!

Дарҳақиқат, кун, ой ва йиллар кўз очиб юмгунча ўтиб кетади. Албатта, ўтган ҳар кунимиз бизларни ажалимиз сари тобора яқинлаштириб бораверади. Аллоҳ таоло ўтиб бораётган умримиз орасидан баъзи ой ва кунларни тоат-ибодат ва солиҳ амаллар қилишимиз учун афзал қилиб қўйган. Ушбу ой ва кунларда қилинган солиҳ амалларнинг савоби қолган ой ва кунлардаги амалларнинг савобига нисбатан бир неча бор зиёда қилиб берилади ва унда кўп гуноҳлар кечирилади. Шундай муборак ва улуғ кунлардан бири арафа кунидир. Бу куннинг фазилати хусусида бир қанча оят ва ҳадислар келган. Қуйида сизларга арафа кунининг баъзи фазилатларини келтириб ўтамиз:

  1. Арафа куни уруш ҳаром қилинган ойлардан бири – зулҳижжа ойининг бир кунидир. Аллоҳ таоло айтади: “Албатта, Аллоҳ осмонлар ва ерни яратган кунида белгилаб қўйганидек, Аллоҳ наздида ойлар саноғи ўн икки ойдир. Улардан тўрти уруш ҳаром қилинган ойлардир. Мана шу ҳақ диндир (яъни, ҳақ ҳукмдир)” (Тавба, 36). Уруш ҳаром қилинган ойлар: зулқаъда, зулҳижжа, муҳаррам ва ражаб ойларидир.

  2. Арафа ҳаж мавсуми бўлган ойлардаги бир кундир. Аллоҳ таоло айтади: “Ҳаж (мавсуми) маълум ойлардир” (Бақара, 197). Маълумки, ҳаж мавсуми шаввол, зулқаъда ойлари, шунингдек, зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунидир.

  3. Арафа Аллоҳ таоло Қуръонда мақтаган маълум ойлардаги бир кундир. Аллоҳ таоло айтади: “Улар (диний ва дунёвий) манфаатлардан баҳраманд бўлишлари ва маълум кунларда ўзларига ризқ қилиб берилган чорва ҳайвонларини (қурбонлик учун сўйиш) асносида Аллоҳ номини зикр қилиш учун (келурлар)” (Ҳаж, 28). Ибн Аббос разияллоҳу анҳумо деди: “Қуръонда айтилган “маълум кунлар” зулҳижжанинг аввалги ўн кунидир”.

  4. Арафа Аллоҳ таоло бу кунларнинг фазилати улуғлиги ва қадри баландлигига ишора қилиб, қасам ичган ўн куннинг биридир. Аллоҳ таоло айтади: “Ўн кечага қасам…” (Фажр, 2). Ибн Аббос разияллоҳу анҳумо айтади: “Ушбу ўн кеча зулҳижжа ойининг аввалги ўн кечасидир”.

  5. Арафа унда қилинган ҳар бир солиҳ амал бошқа кунлардагига нисбатан Аллоҳга суюклироқ, афзалроқ ва савоби кўпроқ бўлган зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунининг биридир. Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳеч қайси кунда қилинган солиҳ амал ушбу (яъни зулҳижжанинг) ўн кунида қилинган солиҳ амалчалик Аллоҳга суюкли эмас”, дедилар. “Ё Расулуллоҳ, Аллоҳ йўлидаги жиҳод ҳамми?”, сўрашди саҳобалар. “Ҳа, Аллоҳ йўлидаги жиҳод ҳам! Фақат моли-ю жони билан жиҳодга чиқиб, булардан биронтаси билан қайтмаган киши (яъни моли ҳам, жони ҳам ўша ерда қолиб, ўзи шаҳид бўлган киши) бундан мустасно”, дедилар” (Имом Бухорий ривояти, 969).

  6. Арафа Аллоҳ таоло Ислом динини ва Ўз неъматини мукаммал қилган кундир. Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу айтади: “Бир яҳудий: “Эй мўминлар амири, сизларнинг китобларингиз, яъни Қуръонда шундай оят бор. Ушбу оят биз яҳудларга нозил қилинганда у кунни байрам қилиб олган бўлар эдик”, деди. Умар: “Қайси оят?”, деб сўради. Яҳудий: “Бугун сизларга динингизни комил қилдим, неъматимни бенуқсон ва тўкис қилиб бердим…” (Моида, 3) ояти, деб жавоб берди. Умар разияллоҳу анҳу: “Дарҳақиқат, биз бу оят нозил қилинган кунни биламиз. Ушбу оят Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам жума куни Арафотда турган чоғларида нозил қилинган эди”, деб жавоб берди.

  7. Арафа кунида рўза тутишнинг фазилати. Абу Қатодадан ривоят қилинишича, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳдан умид қиламанки, Арафа куни рўзаси ўтган йилги ва келгуси йилдаги (кичик гуноҳларга) каффорат бўлади”, деганлар (Муслим, Термизий ва Ибн Можа ривояти). Ҳаж қилган одам ушбу куни рўза тутмайди. Чунки Арафотда турган кишилар учун бу кун байрам саналади. Маълумки, байрам кунлари рўза тутилмайди.

  8. Арафа куни дуо қилиш афзаллиги. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Энг яхши дуо арафа кунида қилинган дуодир”, дедилар. Ибн Абдулбар раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ушбу ҳадис арафа куни бошқа кунлардан афзал эканига далил бўлади”. 

  9. Арафа бандалар дўзахдан энг кўп озод қилинадиган кундир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳ таоло бошқа бирон кун арафа кунидагидек кўп бандаларни дўзахдан озод этмайди (Муслим ривояти).

  10. Арафа Аллоҳ таоло осмон аҳли, яъни фаришталар олдида ўз бандалари билан фахрланадиган кундир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: Аллоҳ таоло Арафотда турган бандалари билан осмон аҳли олдида фахрланади” (Аҳмад ривояти).

  11. Арафа кунида Ислом дини рукнларидан бири бўлмиш ҳаж амали бор. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳаж Арафотдир”, яъни ҳаждаги энг улуғ амал Арафотда туришдир, деганлар (Муттафақун алайҳ). 

Аллоҳ таолодан ушбу кунда тутган рўзаларимиз ва қилган барча солиҳ амалларимизни ҳусни қабул айлашини, барчаларимизни дўзахдан озод этиб, ўтган ва келгуси гуноҳларимизни кечиришини сўраймиз.

Изоҳ қолдиринг