Кўчага мағзава тўкиш жоизми?

0

Савол:

Ассалому алайкум! Савол беришимдан мақсад, маҳалламизда қўшнилар кўчага мағзава тўкишади. Шунга оид хадислар борми? Аввалдан рахмат.

Жавоб:

Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!

 Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз, у кишининг аҳли-оиласи, саҳобалар ва уларга эргашган солиҳ инсонларга салавот ва саломлар бўлсин!

Дарҳақиқат, одамлар ўтадиган йўлга ахлат ва мағзава каби одамларга азият берадиган нарсаларни ташлаш ёки тўкишлик жоиз эмас. Бу ишдан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам  бир қанча ҳадисларида қайтарганлар.

Абу Саид Худрий ва Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “(Исломда) зарарланиш ҳам, зарар бериш ҳам мумкин эмас” [Ҳоким: 2/57-58 ва Ибн Можа: 2340].

Албатта, ахлат ва мағзаваларни йўлларга ташлаш ёки тўкиш ўзга мусулмонларга зарар бериш саналади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Икки лаънатланувчидан сақланинглар”, дедилар. Саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ, икки лаънатланувчи ким?”, деб сўрашди. Пайғамбаримиз: “Одамлар ўтадиган йўлда ёки улар ором оладиган сояда ҳожат чиқарадиган киши”, деб жавоб бердилар [Муслим: 269].

Имом Нававий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Ушбу ҳадиснинг мазмуни шуки, одатда инсонлар лаънатига қоладиган икки тоифа одамнинг ишидан сақланинглар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам йўл ва сояларда ҳожат чиқаришдан қайтаришининг сабаби шуки, у ердан ўтган ёки унда ором олган инсоннинг уст-бошига нажосат тегиши, ёқимсиз ва сассиқ ҳид анқишига сабаб бўлиши ҳамда одамлар жирканадиган манзара ҳосил қилиш каби мусулмонларга азият етказганидир, валлоҳу аълам” [“Шарҳи Муслим”, 3/162].

Дарҳақиқат, инсонлар ўтадиган йўлга мағзава ёки ахлат тўкиш у ерга хожат чиқариш билан баробардир. Чунки ушбу ишнинг ҳар бири инсонлар ўтадиган йўлни расво қилади ва ўтувчиларга азият етказади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Иймон етмишдан ортиқ бўлакдан иборат. Уларнинг энг олийси “Лаа илааҳа иллаллоҳ” калимаси бўлса, энг қуйиси йўлдан озор берувчи нарсани олиб ташламоқдир” [Бухорий: 9 ва Муслим: 35].

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Бир киши кетаётиб йўлда тиканли бутоққа кўзи тушибди ва уни йўлдан олиб ташлабди. Натижада,  ушбу иши сабаб Аллоҳ таоло унинг гуноҳларини кечирибди” [Бухорий: 2472 ва Муслим: 1914].

Одамлар ўтадиган йўлдан уларга озор берадиган нарсаларни олиб ташлаш иймон ва яхшилик аломати бўлса, аксинча, одамларга озор берадиган нарсаларни йўлга ташлаш иймонсизлик ва ёмонлик аломатидир.

Шуни эслатиб ўтиш лозимки, агар йўлга тўкиладиган мағзава оз миқдорда бўлиб, одамларга зарар ва озор етказмайдиган, шунингдек, одамлар бунга одатланган бўлса, ҳаром саналмайди. Бироқ албатта, бу ишни қилмаган афзал. Зеро, инсонлар мағзаваларни ҳар куни ва жамоавий шаклда тўкаверсалар йўлнинг бузилиши ҳамда ифлос бўлишига сабаб бўлади. Агар мағзава нажосат теккан кийим ювиндиси бўлса, кўчани ҳам нажосат қилади, валлоҳу аълам.

Изоҳ қолдиринг