Манийнинг ҳукми

0

Саккизинчидан: маний:

Маний – инсондан шаҳват билан чиқадиган қуюқ оқ суюқлик. Маний одатда жинсий аъзодан отилиб чиқади ва ортидан танада бўшашиш юз беради. Манийнинг хамир ҳидига ўхшаш ҳиди мавжуд. Аёлдан чиқадиган маний, эркакникидан фарқли ўлароқ, сарғиш ва суюқ бўлади.

Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кийимларига теккан манийни ишқалаб ташлардим. Сўнг у зот бориб, шу кийимларида намоз ўқир эдилар[1]. Имом Аҳмад ривоятида шундай дейилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кийимларига теккан манийни “изхир”[2] томири билан сидириб ташлар, сўнг шу кийимларида намоз ўқир эдилар. Агар кийимга теккан маний қуруқ ҳолда бўлса, уни ишқалаб кеткизар, сўнг шу кийими билан намоз ўқир эдилар[3].

Ушбу ҳадислар далолат қиладики, манийни тозалаш учун, агар ҳўл бўлса сидириб ташлаш ёки ювиш, агар қуруқ бўлса, ишқалаш кифоя. Бу ҳукмда эркак билан аёл баробардир.

Манийнинг ҳукмига келсак, рожиҳ фикрга кўра, у покдир. Юқорида зикр қилинган ҳадислар шуни кўрсатади. Негаки, маний нажосат бўлганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам маний теккан кийимни ювишга буюрган бўлур эдилар. Ундан ташқари одамзотнинг манбаи – келиб чиқиши манийга бориб тақалади. Бинобарин, одамзот пок экан, унинг асл манбаи ҳам покдир.

Дарҳақиқат, Умар, Анас ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумлар манийни пок деб ҳукм қилганлари собит бўлган.

Шунингдек, юқоридаги ҳадислардан маълум бўладики, манийни қириш, ювиш ёки ишқалашдан кейин қолган қолдиғи намознинг дуруст бўлишига таъсир қилмайди. Зеро, ривоятлардан бирида Ойша розияллоҳу анҳо шундай дейди: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кийимларидаги манийни ювар эдим. Сўнг у зот намозга чиқар эканлар, кийимларининг манийдан ювилган жойи ҳўл бўлиб турар эди[4].

[1] Муслим (228), Абу Довуд (371), Термизий (116), Насоий (1/156) ва Ибн Можа (537) ривоят қилишган.

[2] Ўсимлик номи.

[3] Саҳиҳ. Имом Аҳмад (6/243), Ибн Хузайма (294) ва Байҳақий (1/418) ривоят қилишган. Қаранг: “Саҳиҳил жомеъ” (4953).

[4] Бухорий (229), Муслим (289) ва Абу Довуд (373) ривоят қилишган.

Изоҳ қолдиринг