Ошуро рўзасининг фазилати

0

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз, у кишининг аҳли-оиласи, саҳобалар ва уларга эргашган солиҳ инсонларга салавот ва саломлар бўлсин!

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло баъзи ой ва кунларни тоат-ибодат ва солиҳ амаллар қилишимиз учун афзал қилиб қўйган. Ушбу ой ва кунларда қилинган солиҳ амалларнинг савоби қолган ой ва кунлардаги амалларнинг савобига нисбатан бир неча бор зиёда қилиб берилади ва унда кўп гуноҳлар кечирилади. Шундай муборак ва улуғ кунлардан бири ошуро кунидир.

Жумҳур – кўпчилик уламоларнинг фикрига кўра, ошуро куни деб муҳаррам ойининг ўнинчи кунига айтилади.

Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ошуро рўзасини (муҳаррам ойининг) ўнинчи куни тутишга буюрдилар” (Термизий, 755. Имом Термизий ҳадис ортидан: “Ибн Аббоснинг ҳадиси ҳасан-саҳиҳ”, деган).

Ушбу кунда Аллоҳ таолонинг буюк мўъжизаларидан бири рўй берган. Унда Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссалом ва қавми Бани Исроилни Фиръавн ва унинг лашкаридан қутқариб, Фиръавн ва унинг лашкарини сувга ғарқ қилган. Шу боис Мусо алайҳисалом Аллоҳга шукр тарзида бу кунда рўза тутган.

Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага борганларида яҳудийлар ошуро куни рўза тутаётганларини кўриб, “Бу нима?” деб сўрадилар. Шунда: “Бу хайрли кун бўлиб, унда Аллоҳ таоло Бани Исроилни душманларидан қутқарган. Шу сабаб Мусо ушбу кунда рўза тутган”, деб жавоб беришди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен Мусога (эргашишга) сизлардан кўра ҳақлироқман”, дедилар ва бу кунда рўза тутиб, бошқаларни ҳам рўза тутишга буюрдилар” (Бухорий, 2004; Муслим, 1130 ва бошқалар ривояти).

Шунингдек, Мусо алайҳиссаломдан сўнг аҳли китоблар, ҳатто жоҳилият даврида Қурайш қабиласи ҳам ошуро кунини улуғлаб, шу куни рўза тутиб келишган.

Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Жоҳилият даврида Қурайш қабиласи ошуро куни рўза тутар, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ушбу кунда рўза тутардилар. У зот Мадинага борганларида ҳам бу кунда рўза тутдилар ва бошқаларни ҳам рўза тутишга буюрдилар. Рамазон рўзаси фарз бўлганидан сўнг у зот ошуро рўзасини тарк қилдилар. (Бу кун рўзасини саҳобалардан) ким хоҳласа тутар, хоҳламаганлар тутмас эди” (Бухорий, 1794; Муслим, 2608).

Имом Муслимга оид бир ривоятда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: (Ошуро рўзасини) хоҳлаганлар тутсин, хоҳламаганлар тутмай қўяверсин”, деганлар (Муслим, 2607).

Абу Мусо Ашъарий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Хайбар аҳли (яъни Хайбарда яшовчи яҳудлар) ошуро куни рўза тутар, ушбу кунни байрам қилиб нишонлар ва хотинларига ўша кунда тақинчоқлар тақтириб, ясантиришар эди. Буни кўрган Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга: “Сизлар ҳам бу кунда рўза тутинглар!”, дедилар” (Бухорий, 1901;  Муслим, 2630. Ҳадис матни Муслимга оид).

Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ошуро куни рўза тутдилар ва бошқаларни ҳам рўза тутишга буюрдилар. Шунда саҳобалар: “Эй Расулуллоҳ, бу кунни яҳудий ва насронийлар улуғлашади”, дейишди… (Муслим, 1134; Аҳмад, 1/235).

Юқорида ўтган ҳадислардан маълум бўладики, ошуро куни нафақат бизнинг шариатимизда, балки биздан олдинги шариатларда ҳам улуғ кун саналган. Бу куни рўза тутиш Мусо алайҳисалом ва Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатидир.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан бу кун рўзасининг фазилати хусусида бир қанча ҳадислар келган. Жумладан:

Абу Қатода разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ошуро куни рўзаси ўтган йилги (кичик) гуноҳларга каффорат бўлади деб умид қиламан!” деганлар (Муслим, 1162).

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Рамазон ойидан кейин энг афзал рўза муҳаррам ойида тутилган рўзадир” (Муслим, 2812).

Ибн Аббос разияллоҳу анҳумо айтадилар: “Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни ушбу кун, яъни ошуро куни ва ушбу ой, яъни рамазон ойи рўзасидан бошқа бирон кун ёки ойлардаги рўзани улар иккисидагидек интиқлик билан кутганлари ва афзал санаганларини кўрмадим” (Бухорий, 2006; Муслим, 1132).

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу кун рўзасида яҳуд ва насороларга ўхшаб қолмаслик учун ошуро кунига қўшиб, ундан бир кун аввал ёки бир кун кейин рўза тутишга буюрганлар.

Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ошуро куни рўза тутдилар ва бошқаларни ҳам рўза тутишга буюрдилар. Шунда саҳобалар: “Эй Расулуллоҳ, бу кунни яҳудий ва насронийлар улуғлашади”, дейишди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Келаси йил, иншааллоҳ, тўққизинчи куни ҳам рўза тутамиз”, дедилар. Бироқ келаси йил келмасдан аввал Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этдилар” (Муслим, 1134; Аҳмад, 1/235).

Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ошуро куни рўза тутинглар. Аммо яҳудларга хилоф ўлароқ, у кунга қўшиб ундан бир кун аввал ёки бир кун кейин ҳам рўза тутинглар” (Аҳмад, 1/241; Ибн Хузайма, 2095).

Уламолар бу борада келган ҳадисларга биноан ошуро куни рўза тутиш суннати муаккада дейишган. Ким ихлос билан ошуро рўзасини тутса, ҳадисларда ваъда қилинганидек бир йиллик кичик гуноҳлари кечирилиб, ажру савобга эришади. Албатта, ҳар бир мусулмон бундай имкониятни қўлдан бой бермаслиги ва фурсатни ғанимат билиб, солиҳ амалларда пешқадам бўлиши лозимдир.

Изоҳ қолдиринг