Нусайрийларнинг пайдо бўлиши

0

Имомийларнинг ўн биринчи имоми саналган Ҳасан Аскарий ўзидан кейин ўрнини босадиган имом қолдирмагани боис шиалар ўртасида кучли ихтилоф пайдо бўлиб, бу масалада ўн тўрт фирқага бўлинганлар. Баъзи шиаларга кўра, Ҳасан Аскарийнинг Муҳаммад исмли ўғли унинг ўрнига қолган бўлса, бошқа бир гуруҳ шиалар эса аслида унинг Муҳаммад исмли ўғли борлигини инкор қилишган.

Бу масала имомийлар учун жуда ҳам муҳим саналади. Негаки, уларнинг эътиқодига кўра, маъсум имомсиз ҳаёт тўхтаб қолади. Шундан келиб чиққан ҳолда улар махфий бир имомни ўйлаб топишга мажбур бўлдилар. Одамларга бу махфий имом номидан гапирадиган шахсни эса “эшик” деб атадилар. Уларнинг бу уйдирмаларига кўра, махфий имом номидан одамларга мурожаат қилувчи ва эшик вазифасини бажарувчи шахс аҳли байтга мухлис киши бўлиши керак эди. Улар ўзларининг бу уйдирмаларига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган қуйидаги тўқима ҳадисларни далил қилиб келтиришган:

  • “Ким илм талаб қилмоқчи бўлса, эшикни маҳкам тутсин!” (тўқима ҳадис);

  • “Мен илм шаҳриман ва менинг бу шаҳарга олиб кирадиган эшигим бор” (тўқима ҳадис).

Шу тариқа улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошлаб ўзларининг барча имомларига “эшик” тайинлаб чиқишди. Масалан, Али розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг эшиклари бўлса, Салмон Форисий Али розияллоҳу анҳунинг эшигидир ва ҳоказо…

Нусайрийларнинг фикрига кўра, ўн биринчи имом вафот этганидан кейин унинг ўғли Муҳаммад ибн Ҳасан Аскарий ўн иккинчи имом бўлган ва отасининг эшиги бўлган Абу Шуайб Муҳаммад ибн Нусайр унга ҳам эшиклик вазифасини бажарган. Шу тариқа, нусайрийлар имомийлардан ажралиб чиқиб, ўзлари алоҳида бир фирқага айланишган.

Муҳаммад ибн Нусайрнинг тутган йўли инсонларни худолик мақомига чиқариш даражасига бориб етди. Бу ҳақда Абдулҳусайн Аскарий шундай дейди: “Ибн Нусайр Абулҳасан Аскарийни худо деб айтган ва ўзини у тарафидан юборилган пайғамбар деб даъво қилган[1].

Ибн Нусайрнинг вафотидан сўнг нусайрийларга турли хил инсонлар бошчилик қилдилар ва шу сабаб бу фирқа ичида турлича эътиқод ва тушунчали гуруҳлар пайдо бўлди. Қуйида Ибн Нусайрнинг вафотидан сўнг нусайрийларга раҳнамолик қилган баъзи шахсларнинг исмини айтиб ўтамиз:

  1. Абу Муҳаммад Жунбулоний;

  2. Унинг шогирди Ҳусайн ибн Ҳамадон Хусайбий;

  3. Муҳаммад ибн Али Жалий;

  4. Али Жисрий

  5. Маймун ибн Сурур ибн Қосим Табароний;

  6. Ҳасан Макзун Сенегарий.

Ҳасан Макзун Нусайрийларнинг охирги раҳнамоларидан бири саналади. У ҳақда Доктор Сулаймон Ҳалабий шундай дейди: “Ҳасан Макзуннинг вафотидан сўнг нусайрийлар бир-бирига боғлиқ бўлмаган бир неча диний марказларга бўлиниб кетишди.  Ҳар бир марказ ўзига хос диний манбаларига эга бўлиб, ўзларига бир шайхнинг номини лақаб қилиб олишган. Ҳар бир шайх кичик бир марказни мустақил равишда идора қилар эди. Кейинчалик, мусулмонларни ғафлат босган сўнг даврларда Сурияда ҳукуматни қўлга олиш даражасига етиб келишди. Шундан кейин улар яна олдинги шавкатини қўлга киритиб, мусулмонларга хоҳлаганларидек зулм қила бошладилар”[2]. Бироқ уларнинг олдинги аждодларидан фарқли жойлари шу эдики, улар бу сафар “Баъс социалистик партияси” каби инсонларни жалб қиладиган жарангдор исмлар остида озодлик ва тараққиёт даъволарини олға суриб чиқдилар.

[1] “Алавийлар”, 15-бет.

[2] “Нусайрийлар тоифаси”, 42-бет.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг