Аллоҳнинг исм ва сифатлари: Ваҳҳоб исмининг маъноси

0

Араб тилида мол-мулкини ўзгаларга бирон эвазсиз беғараз улашувчи кишига ваҳҳоб дейилади.

Аллоҳ таолонинг Ваҳҳоб исми Қуръони Каримда уч ўринда зикр қилинган:

1)    “Раббано, бизни ҳидоятлаганингдан сўнг қалбимизни ҳақдан оздирма ва бизга Ўз ҳузурингдан раҳмат инъом айла, зеро Сен Ўзинг Ваҳҳоб (инъом этгувчи зот)сан” (Оли Имрон: 8);

2)    “Ёки Азиз ва Ваҳҳоб Раббингизнинг раҳмат хазиналари уларнинг қўлларидами?!” (Сод: 9);

3)    “(Сулаймон алайҳиссалом): “Раббим, менга мендан кейин ҳеч кимга берилмайдиган мулк ато эт, зеро Сен Ўзинг Ваҳҳоб (инъом этгувчи зот)сан” – деди (Сод: 35).

Ибн Жарир Табарий роҳимаҳуллоҳ “Бизга Ўз ҳузурингдан раҳмат инъом айла, зеро Сен Ўзинг Ваҳҳоб (инъом этгувчи зот)сан” оятининг тафсирида шундай дейди: “Яъни, динингда собит туриш ҳамда китобинг ва пайғамбарларингни тасдиқлаш учун Сен Ўзинг бандаларинга тавфиқ ва тўғриликни ато этувчи зотсан… Ваҳҳоб хоҳлаган бандасига мол-мулк, салтанат ёки пайғамбарлик каби хоҳлаган неъматларини ато этади… Албатта, Сен хоҳлаган бандангга хоҳлаган нарсангни ато этасан. Барча нарсанинг хазинаси Сенинг қўлингда, хоҳлаган бандангга хоҳлаган хазинанг эшигини очасан”[1].

Ҳулаймий роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Ваҳҳоб – бандалар ҳақли бўлишмасалар-да, уларга Ўз фазли карамидан ҳадя инъом этувчи зотдир”[2].

Аллоҳ таоло ҳақиқий Ваҳҳоб зот бўлиб, ҳамма нарсанинг хазинаси Унинг қўлида ва У осмонлару ердаги барча нарсанинг эгасидир. Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади: “Осмонлару ернинг мулки ёлғиз Аллоҳникидир. У хоҳлаган нарсасини яратади. Хоҳлаганига қиз, хоҳлаганига эса ўғил инъом этади. Ёки Ўзи хоҳлаган бандаларига ўғил ҳам, қиз ҳам беради ва хоҳлаганини бепушт қилиб қўяди. Албатта, Аллоҳ кимга нима инъом этишни билувчи ва хоҳлаган бандасига Ўзи хоҳлаган нарсасини беришга Қодир зотдир” (Шўро: 49-50).

Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Аллоҳ таоло бизларга Ўзининг осмонлару ернинг холиқи, уларнинг эгаси ва уларда ўзи хоҳлаганидек иш юритишини маълум қилмоқда. Аллоҳ хоҳлагани бўлади, хоҳламагани бўлмайди. У хоҳлаганига беради, хоҳлаганига бермайди. Аллоҳ берган нарсага ҳеч ким монелик қила олмайди, Аллоҳ бермаганини ҳеч ким бера олмайди ва У хоҳлаган нарсасини яратади… Аллоҳ таоло инсонларни тўртга бўлди: бир қисмга Аллоҳ таоло қиз ато этади, бошқа бир қисмга ўғил, бошқа бир қисмга ҳам ўғил, ҳам қиз ато этса, яна бошқа бир қисмга ўғил ҳам, қиз ҳам бермайди, яъни уни зурриёдсиз бепушт қилиб қўяди. Зеро, Аллоҳ таоло ким қайси қисмга лойиқ эканини яхши билади ва одамларни мазкур қисмларга бўлиб қўйишга қодир зотдир”[3].

Демак, фарзанд Аллоҳ таоло тарафидан бериладиган бир неъмат экан. Аллоҳ таоло Иброҳим ва Закарийё алайҳиссаломлар каби баъзи пайғамбарларга қарилик чоғларида фарзанд ато этган. Бу ҳақда Иброҳим алайҳиссалом шундай деган: “Аллоҳга ҳамд бўлсин, У менга қарилик чоғимда Исмоил ва Исҳоқни инъом этди. Зеро, Раббим дуоларни эшитувчи зотдир” (Иброҳим: 39). Закарийё алайҳиссалом ҳам қариган чоғларида фарзанд кўрганлар. У кишининг аёли бепушт бўлган. У зот ёши ўтган ва хотини бепушт бўлишига қарамай Аллоҳ таолога дуо қилиб, фарзанд ато этишини сўради. Маълумки, фарзанд дунёга келиши учун эр ҳам, хотин ҳам жисмонан фарзанд кўришга қодир бўлиши керак. Закарийё алайҳиссаломда эса бундай имконият йўқ эди. Шунга қарамай, у зот Аллоҳ таолодан ноумид бўлмадилар. Аксинча, Аллоҳ таолога: “Раббим, менга Ўз ҳузурингдан покиза фарзанд ато эт, зеро, Сен дуоларни эшитувчи зотсан!”, деб илтижо қилди (Оли Имрон: 38). Шунда Аллоҳ таоло у кишига Яҳё алайҳиссаломни ато этди. Бу бизга жуда ҳам муҳим бир дарс бўлиши лозим. Барча сабаблардан узилиб қолган тақдиримизда ҳам ҳар қандай эҳтиёжимизни, хусусан, фарзандни қаёқдаги жинкаш, азайимхон ёки фолбинлардан ёхуд қабрлардан эмас, балки фақат ва фақат Ваҳҳоб таолодан сўрашимиз керак.

Аллоҳ таоло хоҳлаган бандасига хоҳлаганини беради. Чунки у бутун борлиқнинг эгасидир. Бандалар эса Аллоҳ таолонинг қули, қул эса ҳеч кимга ҳеч нарса бера олмайди. “Ахир, биз бу дунёда бандалар ўзаро бир-бирларига совға улашаётганларини кўрамиз-ку”, деган савол туғилиши мумкин. Тўғри, бироқ Аллоҳ таоло ато этиши билан бандаси бир нарса беришининг ўртасида катта фарқ бор. Биринчидан, Аллоҳ таолонинг инъоми чекланмаган ва узлуксиздир. Бандасиники эса маълум бир нарсаларга, маълум бир шахсларга чекланган ҳамда вақтинчалик бўлади. Масалан, банда касалга шифо, бепуштга фарзанд, залолатдаги кишига ҳидоят ато этолмайди, мусибатланган кишилар ғам-андуҳини аритолмайди. Аллоҳ таоло эса буларнинг барчасига қодир зотдир. Иккинчидан, банданинг берган совғаси ҳеч қачон эвазсиз бўлмайди. Агар банда Аллоҳ учун бермаган бўлса, демак, одамлар орасида мақтов эшитиш ва хўжакўрсин учун беради. Агар холис Аллоҳ таоло учун берса ҳам охиратдаги савоб умидида беради. Бироқ Аллоҳ таоло ҳеч қачон бирон эваз умидида бермайди. Ахир қандай қилиб бутун борлиқнинг эгаси Ўз қулига берган совғаси эвазига ундан бирон нарса умид қилиши мумкин?!

Аллоҳ таоло барчамизга манфаатли илм ато этсин. Бизларни Ўзининг исм ва сифатларини ўрганиб, бу исмлар билан Унга дуо-илтижо қиладиган, мазкур исмлар мазмунини теран англаб, унга асосан ҳаёт кечирадиган солиҳ бандаларидан қилсин. Омийн.

 

[1] “Тафсири Табарий” (3\125), (23\82, 103).
[2] “Ал-минҳож” (1\206).
[3] “Тафсири Ибн Касир” (4\121).

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг