Таҳорат китоби

0

Бешинчи ҳадис

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Биронтангиз оқмайдиган турғун сувга сиймасин ва унда ғусл қилмасин”, дедилар [Бухорий: 239 ва Муслим: 282].

Муслим ривоятида: “Биронтангиз жунуб ҳолида оқмай турган сувда ғусл қилмасин”, дейилган [Муслим: 283] .

Шарҳ:

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам сув сақланадиган идишлар, ҳовуз ва кўл каби инсонлар фойдаланадиган турғун сувларга сийишдан қайтардилар. Чунки сийдик сувни нажас қилиб, турли ёмон касалликлар ёйилишига сабаб бўлади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Биронтангиз жунуб ҳолида оқмайдиган турғун сувда ғусл қилмасин”, дея киши оқмайдиган сувга шўнғиб ёки танасининг баъзи қисмини ботириб чўмилишидан қайтардилар. Чунки бу ҳам сувнинг ифлосланиши ва одамлар уни истеъмол қилишдан жирканишларига сабаб бўлади. Киши турғун сувда ғусл қилмоқчи бўлса, сувнинг бир четида туриб, ўзига керак миқдорни бир идишга олиб, ундан ғусл қилиши лозим. Борди-ю одам жунуб бўлса, турғун сувга шўнғимаслиги ёки унга баданини ботирмаслиги янада таъкидлироқ бўлади. Аммо оқар сувда чўмилиш ёки унга сийиш сувни нажосатга айлантирмайди. Бинобарин ундан фойдаланишнинг зиёни йўқ. Шундай бўлсада, оқар сувга сийишдан четланган афзал. Чунки сувга сийиш сувни ифлосланиши ва бошқаларнинг бундан зиён кўришига сабабчи бўлиши мумкин.

Уламолар ихтилофи:

Ҳадисда келган қайтариқ, яъни турғун сувга сийишдан қайтариш бу ишнинг ҳаром ёки макруҳлигини тақазо қилиши борасида уламолар ихтилоф қилишган.

Моликий мазҳаби уламолари турғун сувга сийиш макруҳ дейишган бўлса, ҳанбалий ва зоҳирий мазҳаби уламолари ҳаром дейишган. Баъзи уламолар эса агар турғун сув оз миқдорда бўлса ҳаром, кўп бўлса макруҳ бўлади, деган фикрни билдиришган.

Ҳадисдаги қайтариқ зоҳиридан сувнинг кўп ёки оз бўлишидан қатъий назар сувга сийиш ҳаромлиги келиб чиқади. Бироқ бундан уламоларнинг иттифоқи ила кўп[1] сув мустасно қилинади.

Сийилган сув поклигича қолиши ёки нажас бўлиши борасида уламолар ихтилоф қилишган.

Сув нажосат туфайли ўзгарса, кўп ёки оз бўлишига қарамай  нажас саналишига уламолар ижмо қилишган. Шунингдек, кўп миқдордаги сувга нажосат аралашса-ю, бироқ сувнинг сифатлари – ҳиди, ранги ва таъми ўзгармаса, унинг пок саналишига уламолар иттифоқ қилишган.

 Аммо оз миқдордаги сувга нажосат аралашиб, унинг сифатларидан бирини ўзгартирмаса Абу Ҳурайра, Ибн Аббос, Ҳасан Басрий, Ибн Мусайяб, Суфён Саврий, Довуд, имом Молик ва Бухорийларнинг наздида бундай сув нажас саналмайди. Бухорий роҳимаҳуллоҳ “саҳиҳ ҳадислар тўплами” китобида сув бу ҳолатда нажас бўлади, деган уламоларга раддия тарзида бир қанча ҳадисларни зикр қилган.

Ибн Умар ва Мужоҳидларнинг фикри, шунингдек,  ҳанафий, шофеий ва ҳанбалий мазҳабига кўра, оз миқдордаги сувга нажосат тушса, гарчи сувнинг сифатларидан бирини ўзгартирмасада нажас ҳисобланади. Улар ўз фикрларини қўллаш учун бир қанча далиллар келтиришган. Мазкур ҳадис шулар жумласидандир. Бироқ уларнинг келтирган барча далилларига раддия бериш мумкин.

Биринчи фикр эгалари ҳам ўз фикрлари тўғри эканини исботлаш мақсадида бир қанча далилларни зикр қилишган. Жумладан, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган қуйидаги ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сув пок ва покловчидир. Уни ҳеч нарса нажас қила олмайди”, деганлар. [Абу Довуд: 66, Термизий: 66, Насоий: 326 ва Аҳмад: 10864. Термизий ҳасан деган].

Биринчи фикр эгаларининг айтишларича, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисдаги қайтариқ сабаби турғун сувга сийиш ёки унда чўмилишдан сувнинг нажосатга айланиши эмас, балки сувдан фойдаланувчи инсонларни ундан жиркантириб қўймасликдир.

Бу борадаги тўғри фикр биринчи фикр, яъни нажосат аралашган турғун сув сифатларидан бири ўзгармаса пок саналади, деган уламоларнинг фикридир. Сувнинг нажас бўлиш ёки бўлмаслиги унга аралашган нажосат сув сифатларидан бирини ўзгартириши ёки йўқлигига боғлиқ бўлиб, бунда сувнинг оз ёки кўплигининг аҳамияти йўқ. Мазкур фикрни шайхулислом Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ ҳам ёқлаган. Шунга биноан, жанобатдан покланиш мақсадида ишлатилган сув ҳанбалий ва шофеий мазҳабидаги фикрга хилоф ўлароқ, оз бўлса ҳам пок саналишини билиб оламиз. Зеро, уларнинг наздида оз сувда чўмилиш унинг поклик васфини кетказади.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1- Турғун сувга сийиш ҳаромдир. Унга озми-кўпми ҳожат чиқаришни эса қўяверинг, албатта ҳаром бўлади. Бироқ бундан уламолар нажосат таъсир қилмайди деган кўп сув мустасно қилинади. Энди унга сийилган оз сувга келсак, ундан таҳорат ва ғуслдан бошқа эҳтиёжлар учун фойдаланиш жоиздир.

2- Турғун сувда чўмилишдан қайтарилган. Имом Муслим ривоятига биноан жунуб киши турғун сувга сиймасада унда чўмилишдан қайтарилган. Жунуб одам турғун сувдан ўзига керагини олиб, сувдан ташқарида чўмилади.

3- Оқар сувда чўмилиш ёки унга бавл қилиш жоиздир. Шундай бўлсада бу ишдан четланган афзал.

4- Инсонларга азият ва зарар берадиган ҳар қандай ишдан тийилиш лозим.

[1] Сувларга оид аҳкомлар билан батафсил танишиш учун қуйидаги боғичга боғланинг: http://ixlos.org/?p=1815#_ftnref5

Изоҳ қолдиринг