Таҳорат китоби

0

Еттинчи ҳадис

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг мавлоси Ҳумрондан ривоят қилинади. У қуйидагиларни кўрганини айтади:

Усмон розияллоҳу анҳу таҳоратга сув келтиришни сўради. Кейин идишдан икки қўлига сув қуйиб, уларни уч марта ювди. Сўнгра ўнг қўлини идишга солиб, оғзини чайди ва бурнига сув олиб, қоқиб ташлади. Сўнг юзи ва икки қўлини тирсаклари билан бирга уч марта ювиб, сўнгра бошига масҳ тортди. Кейин оёқларини тўпиқлари билан уч мартадан ювди. Сўнгра бундай деди: “Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг худди шундай таҳорат қилганларини кўрганман. У зот:Ким мен таҳорат қилгандай таҳорат қилиб, кейин икки ракаат намоз ўқиса ва унда ўзи билан ўзи гаплашмаса (яъни ўй-хаёли турли дунёвий ишлар билан машғул бўлмаса), Аллоҳ унинг ўтган гуноҳларини мағфират қилади, деганлар”.

Шарҳ:                 

Ушбу ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таҳоратларининг комил кўриниши зикр қилинган. Одамлар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қай тарзда таҳорат қилганларини тўлиқ тасаввур қилишлари ва яхши тушунишлари учун Усмон розияллоҳу анҳу у зотнинг таҳоратларини амалий суратда кўрсатиб берди. Бу Усмон розияллоҳу анҳунинг ўргатиш ва тушунтиришда нақадар гўзал йўл тутганини кўрсатади.

 Усмон розияллоҳу анҳу идишда сув олиб келишга буюрди. Идишга қўлини ботириб, сувни ифлос қилмаслик учун дастлаб қўлига идишдан уч бор сув қуйиб, тозалаб ювди. Сўнгра ўнг қўлини идишга солди ва ундан сув олиб, оғиз ҳамда бурнини чайқади. Сўнг юзи ва икки қўлини тирсаклари билан уч марта ювиб, сўнгра бошининг барча қисмига бир марта масҳ тортди. Кейин оёқларини тўпиқлари билан уч мартадан ювди. Таҳоратни мазкур комил суратда олиб бўлгач, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам худди шундай таҳорат олганлари ва юқорида келтирилган сўзларни айтганлари ҳақида хабар берди. Унда айтилишича, ким худди шу кўринишда таҳорат олса, сўнг сергак қалб билан икки ракаат намоз ўқиса, Аллоҳ таоло фазли марҳамати ила унинг қилган ушбу комил таҳорати ва ўқиган холис намози эвазига ўтган гуноҳларини кечиради.

Уламолар ихтилофи:

Таҳоратда бурунни чайиш ҳукми

1) Имом Абу Ҳанифа, Молик, Шофеий, Суфён ва бошқа уламолар таҳоратда бурунни чайиш мустаҳаб (ёхуд суннат), дейишган.

2) Имом Аҳмаддан ривоят қилинган машҳур фикрга кўра, таҳоратда бурунни чайиш фарз саналади ва усиз таҳорат дуруст бўлмайди. Бу Ибн Абу Лайло, Исҳоқ ва бошқа олимларнинг ҳам фикридир.

Биринчи фикр эгалари қуйидаги ҳадисни далил қилишган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ўнта иш пайғамбарлар суннатидан”, дея бурун чайишни ҳам шулар жумласидан зикр қилинганлар.

Иккинчи фикр эгалари: “Эй мўминлар, намозга турганингизда юзларингизни… ювингиз” [Моида: 6], оятини далил қиладилар. Уларнинг айтишларича, оятдан бурун юзнинг бир қисми экани тушунилади. Шунга биноан бурунни чайиш фарз. Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бурунларини чайганлари ва уни чайишга буюрганлари ҳақида талай саҳиҳ ҳадислар келган. Улар таҳоратда бурунни чайиш фарз эмас, деган уламолар келтирган юқоридаги ҳадисга қуйидагича жавоб беришган: “Ҳадисдаги “Пайғамбарлар суннати”, деган сўздан “Пайғамбарлар йўли”, деган маъно назарда тутилган. Негаки, фарздан бошқа амалларни суннат деб аташ кейинги давларда яшаб ўтган фуқаҳолар истилоҳидир. Қолаверса, мазкур ҳадиснинг аксар бошқа ривоятларида: “Ўнта иш фитратдан”, деган лафз билан келган”[1].

Шубҳасиз, иккинчи фикр, яъни таҳоратда оғиз билан бурунни чайиш фарз деган уламоларнинг фикри тўғрироқдир. Чунки уларнинг далиллари кучли бўлиб, мазкур далилларга зид келадиган бирон далилни билмайман, валлоҳу аълам.

Бошнинг баъзи қисмига масҳ тортиш ҳукми

Уламолар бошга масҳ тортиш фарз эканига, шунингдек, унинг барча қисмига масҳ тортиш мустаҳаб эканига иттифоқ қилишган. Бироқ бошнинг баъзи қисмига масҳ тортиш кифоя қиладими-йўқми ёки бошнинг барча ерига масҳ тортиш фарзлиги борасида ихтилоф қилишган.

1) Имом Абу Ҳанифа, имом Шофеий, Суфён Саврий ва Авзоий роҳимаҳумуллоҳлар таҳоратда бошнинг баъзи қисмига масҳ тортиш кифоя, деган фикрни билдиришган. Бироқ бошдаги баъзи қисмнинг энг оз миқдори борасида турли фикрларни айтишган.

2) Имом Молик ва имом Аҳмаднинг фикрига кўра бошнинг барча ерига масҳ тортиш фарз.

Биринчи фикр эгалари таҳорат оятидаги: “…ва бошларингизга масҳ тортингиз…”, деган сўзидаги “бо” ҳарфи “баъзисига” деган маънода келган. Шунга кўра оят “…бошларингизнинг баъзи ерига масҳ тортингиз”, деган мазмунда бўлади. Бу фикрни Муғийра розияллоҳу анҳу ривоят қилган қуйидаги ҳадис ҳам қўллайди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таҳорат олдилар ва пешона устидаги соч ҳамда саллаларига масҳ тортдилар” [Муслим: 261, Абу Довуд: 53, Термизий: 2757, Насоий: 5040 ва бошқалар].

Бошнинг барча қисмига масҳ тортиш фарз, деган уламолар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таҳоратларини васфлаб келган кўп ҳадисларни далил қилиб келтиришган. Юқорида Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис шулар жумласидандир. Шунингдек, “жамоат”[2] ривоят қилган ҳадисда Абдуллоҳ ибн Зайд розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таҳоратларини васфлаган. У бошига масҳ тортар экан икки қўлини бошининг олд қисмига қўйиб, сўнг гардани томонга қараб масҳ тортади. Сўнгра қўллари билан олд томонга қараб масҳ тортади”[3].

Бу фикр эгалари бошнинг баъзи қисмига масҳ тортиш кифоя, деган уламоларнинг далилларига бундай жавоб беришган: “Араб тилидаги “бо” ҳарфи “баъзи” деган маънода қўлланилмайди. Балки у ёпиштириш, бирлаштириш маъносида қўлланилади. Яъни ушбу оят “…бошларингизга қўлингизни ёпиштириб масҳ торинглар…” деган мазмунда айтилган. Зеро, “бо” ҳарфининг ҳақиқий маъноси ёпиштириш, бирлаштиришдир. Араб тили уламоларидан Нифтовайҳ ва Ибн Дурайддан “бо” ҳарфи “баъзи” маъносида қўлланиши хусусида сўралганда, араблар “бо” ҳарфини бундай маънода қўллашганини билмасликларини айтишган. Ибн Бурҳон шундай деган: “Ким “бо” ҳарфи “баъзи” маъносида қўлланилади деса, батаҳқиқ, араб тили уламолари айтмаган сўзни айтган бўлади”.

Ибн Қаййим роҳимаҳуллоҳ айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таҳоратда бошларининг баъзи қисмига масҳ тортганлари ҳақида бирон саҳиҳ ҳадис келмаган”.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1- Таҳоратда идишга қўлни ботиришдан олдин уларни уч бор ювиш.

2- Таҳорат аъзоларини ўнг томондан бошлаб ювиш.

3- Ҳадисда зикр қилинган тартибга биноан аввал оғизни чайиб, кейин бурунга сув олиб, қоқиб ташлаш лозим. Таҳоратда оғиз ва бурунни чайиш борасида уламолар ўртасида бирон хилоф йўқ. Бироқ уларни чайиш фарзлиги хусусида уламолар ихтилоф қилишган. Бу масалада оғиз ва бурунни чайиш фарз, деган уламоларнинг фикри тўғри экани зикр қилинди.

4- Юзни уч марта ювиш. Юз чегараси: узунасига бошнинг соч ўсадиган қисмидан то иякгача, энига эса икки қулоқ оралиғидир. Оғиз ва бурунни ҳам уч мартадан чайиш лозим. Чунки оғиз билан бурун юзнинг бир қисми саналади. Араблар икки инсон бир-бирига юзланган пайтда кўз тушадиган жойга “важҳ”, яъни юз дейишади.  

5- Икки қўлни тирсаклар билан қўшиб уч марта ювиш.

6- Бошнинг барча қисмига юқорида баён қилинган суратда бир марта масҳ тортиш.  

7- Оёқларни тўпиқлар билан бирга уч марта ювиш.

8- Ҳадисда кўрсатилган тартибга кўра таҳорат олиш фарз. Негаки, таҳорат оятида ювишга буюрилган аъзолар ўртасида масҳ тортиладиган аъзо зикр қилиниши мазкур тартиб фарзлигига далолат қилади. Оятда шундай дейилади: “Эй мўминлар, агар намоз ўқимоқчи бўлсангиз юзларингизни ҳамда қўлларингизни чиғаноқларигача ювингиз, бошларингизга масҳ тортингиз (яъни нам қўлларингиз билан силангиз) ва оёқларингизни тўпиқларигача ювингиз!” [Моида: 6]. Кўриб турганингиздек, оятда бошга масҳ тортиш қўллар билан оёқларни ювиш ўртасида зикр қилинган.

9- Мазкур кўринишда таҳорат қилиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг комил таҳоратларидир.

10- Таҳоратдан кейин намоз ўқиш.

11- Аллоҳ таолога сергак қалб билан юзланиб намоз ўқиш намознинг тўла-тўкис ва комил бўлишига сабабчи бўлади. Ҳадисда намозни ихлос билан ўқишга тарғиб қилинган ва намозда дунёвий ишларни кўп ўйлаш туфайли намоз қабул бўлмай қолишидан огоҳлантирилган. Намоз ўқиётганда хаёлига дунёвий ишлар келиб, сўнг уни дарҳол даф қилган киши ҳам ҳадисда зикр қилинган буюк мукофотга эришади, деб умид қиламиз.   

12- Комил суратда таҳорат олиш фазилати ва унинг гуноҳлар кечирилишига сабаб бўлиши.

13- Ҳадисда зикр қилинган ваъда, яъни ўтган гуноҳларнинг мағфират қилиниши ҳадисда кўрсатилган тарзда таҳорат олган ва намоз ўқиган кишига насиб қилади. Бироқ комил таҳорат қилиб, сергак қалб билан намоз ўқимаган ёки аксинча, комил таҳорат олмай сергак қалб билан намоз ўқиган киши мазкур ваъдага дохил бўлмайди. Дарҳақиқат, уламолар ҳадисда зикр қилинган гуноҳлардан мурод кичик гуноҳлар дейишган. Аммо катта гуноҳлар бўлса, улар мағфират қилиниши учун тавба қилиш шарт бўлади. Аллоҳ таоло айтади:Агар сизлар ман этилган катта гуноҳлардан сақлансангизлар, қилган кичик гуноҳларингизни ўчирурмиз ва сизларни улуғ манзил — жаннатга киритурмиз” [Нисо: 31].

[1] Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ ўзининг “Талхисул Ҳабир” (1/77) китобида шундай деган: “Мазкур ҳадис “Ўнта иш суннатдан”, деган лафз билан ривоят қилинмаган. Балки “Ўнта иш фитратдан”, лафзи билан ворид бўлган”.
[2] Жамоа ривоят қилган деб, Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насоий, Ибн Можа ва Аҳмад ривоятларига айтилади.
[3] Бухорий: 158, Муслим: 235, Абу Довуд: 118, Термизий: 32, Насоий: 98, Ибн Можа: 434 ва Аҳмад: 16003 ривояти.

Изоҳ қолдиринг