Таҳорат китоби

0

Саккизинчи ҳадис

Амр ибн Яҳё Мозиний отасидан ривоят қилишича, отаси  шундай дейди: “Мен Амр ибн Абу Ҳасан роҳимаҳуллоҳ саҳобий Абдуллоҳ ибн Зайд розияллоҳу анҳудан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таҳоратлари ҳақида сўраганига гувоҳ бўлдим. Абдуллоҳ ибн Зайд розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таҳоратларини кўрсатиш мақсадида тоғорада сув келтиришни сўради. Сўнг тоғорадан икки қўлига сув қуйиб, уларни уч марта ювди. Сўнгра тоғорага қўлини солиб, уч ҳовуч сув билан уч марта оғиз ва бурнини чайқади. Сўнгра яна қўлини тоғорага солиб, уч марта юзини ювди. Кейин икки қўлини солиб, икки марта қўлларини тирсаклари билан қўшиб ювди. Шундан сўнг қўлини сувга ботириб, қўлини бошининг орқасидан олдига, сўнг олдидан орқасига бир марта юргизиб, бошига масҳ тортди. Сўнгра оёғини ювди” [Бухорий: 185 ва Муслим: 235].

Бошқа бир ривоятда: “…У бошига масҳ тортар экан икки қўлини бошининг олд қисмига қўйиб, гардани томонга қараб масҳ тортди. Сўнгра қўллари билан олд томонга қараб масҳ тортди…”.

Яна бошқа бир ривоятда: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизнинг ҳузуримизга келдилар. У зотга мис тоғорада сув олиб келдик” [Муттафақун алайҳ].

Шарҳ:

Бу ҳадис шарҳи хусусида ўтган Усмон розияллоҳу анҳунинг ҳадисида батафсил сўз юритилди. Зеро, иккала ҳадисда ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг комил таҳоратлари васфланган. Бироқ ушбу ҳадисда Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда зикр қилинмаган бир қанча қўшимча ҳукм ва фойдалар бор. Қуйида уларни қисқача баён қиламиз:

1- Оғиз ва бурунни уч мартадан уч ҳовуч сув билан чайиш.

2- Ўтган Усмон розияллоҳу анҳунинг ҳадисида икки қўлни тирсак билан қўшиб уч марта ювилгани айтилган бўлса, ушбу ҳадисда улар икки мартадан ювилгани зикр қилинган.

3- Бухорийнинг аксар ривоятларида, шунингдек, Муслим ривоятида: “…Сўнгра яна қўлини тоғорага солиб, уч марта юзини ювди…”, деган лафз билан ривоят қилинган. Бундан эса юзни бир қўл билан ювиш тушунилади. Имом Нававий роҳимаҳуллоҳ иккала ривоятни келтиргандан сўнг шундай деган: “Ушбу ривоят юзни бир қўл билан ювиш суннат эканига далолат қилади. Бироқ жумҳур уламоларнинг фикри бўлмиш машҳур фикрга кўра, юзни икки қўл билан ювиш мустаҳаб саналади. Зеро, юзни икки қўл билан ювиш осонроқ бўлиб, юзнинг барча ерига тўлиқ сув етишини таъминлайди”. 

4- Собиқ ҳадисда: “…сўнгра бошига масҳ тортди…”, дейилган эди. Мазкур ривоятни “…ва бошларингизга масҳ тортингиз…”, оятини “бошнинг баъзисига масҳ тортиш”, дея изоҳ қилгандек изоҳлаш мумкин. Аммо Абдуллоҳ ибн Зайд розияллоҳу анҳунинг ҳадисида бошининг барча қисмига масҳ тортгани очиқ айтилган ва масҳ тортиш услуби ҳам батафсил зикр қилинган. Маълумки, шариатдаги далиллар бир бирини изоҳлаб келади. Шунга кўра, бошнинг барча қисмига масҳ тортиш фарз бўлади.

5- Усмон ва Абдуллоҳ ибн Зайд розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳар икки ҳадисда уларнинг идишга бир қўлини солиб, оғиз ва бурунларини чайгани айтилган. Абдуллоҳ ибн Зайднинг ҳадисида икки қўлини ювар экан ҳар икки қўлини тоғорага ботиргани ва икки қўллаб бошига масҳ тортгани: уларни бошининг орқасидан олдига, сўнг олдидан орқасига бир марта юргизиб, бошига масҳ тортгани зикр қилинган. Абу Довуд роҳимаҳуллоҳ айтади: “Барча саҳиҳ ҳадисларда бошга бир марта масҳ тортилиши айтилган”. Ибн Мунзир роҳимаҳуллоҳ айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан собит бўлишича, бошга бир марта масҳ тортилади”.

6- Таҳоратда баъзи аъзоларни бошқаларидан фарқли ўлароқ, кўп ёки оз саноқда ювиш жоиз. Таҳорат аъзоларининг барчасини уч мартадан ювиш таҳоратнинг комил кўринишидир. Таҳоратда аъзоларни уч мартадан оз ювиш жоиз экани саҳиҳ ҳадисларда келган.

7- Уламолар бошнинг қай қисмидан бошлаб масҳ тортиш кераклиги борасида ихтилоф қилишган. Ибн Дақиқул Ийд ва Санъонийнинг фикрига кўра, бошнинг олд қисмидан бошлаб, орт – гардан томонга қарата масҳ тортилади. Баъзи уламолар  бошнинг ортки қисми – гардандан бошлаб олд томонга, сўнг қайта гардан томонга қаратиб масҳ тортилади, дейишган.

Изоҳ қолдиринг