Итоатдаги ширк: динни масхаралаш (5)

0
  1. Динни масхаралаш

Мусулмон киши Аллоҳнинг китоби, Расулининг суннати ва мусулмон уламоларини ҳурмат қилиши фарз. Шунингдек, мусулмон киши Аллоҳ, Пайғамбар ёки Қуръонни масхаралаш ҳукмини ҳам билиб қўйиши лозимки, токи бундай ишлардан эҳтиёт бўлсин. Зеро, инсон Аллоҳ исми ёд қилинган бирон нарсани, Пайғамбар ёки Қуръонни ёки суннатда мавжуд бўлган бирон нарсани масхара қилса, Аллоҳнинг рубубийят сифати ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рисолатини таҳқирлагани боис, шак-шубҳасиз кофир бўлади. Маълумки, бундай қилиш тавҳидга зид ва уламолар ижмоси билан куфр бўлган ишдир. Аллоҳ таоло айтади: “Қасамки, агар улардан  (нега сизни масхара қилишгани ҳақида) сўрасангиз, албатта улар: “Биз фақат (одатда мусофирлар кўнгил ёзиш учун қиладиган ҳазил-мутойиба) гаплар тўғрисида гаплашиб ва ҳазиллашиб келяпмиз, холос”, дейдилар. Айтинг: “Аллоҳни, Унинг оятларини ва Пайғамбарини масхара қилдингизми? Узр айтманглар! Сизлар иймон келтирганингиздан сўнг яна куфрга қайтдингиз” [Тавба: 65-66].

Дарҳақиқат, мазкур икки ояти карима Табук ғазотидан қайтиш асносида мунофиқларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у зотнинг асҳобларини масхара қилганлари хусусида нозил бўлган. Ибн Жарир ва бошқалар Ибн Умар, Муҳаммад ибн Каъб, Зайд ибн Аслам ва Қатодадан келган ривоятларнинг йиғиндисидан келиб чиқиб айтишларича, Табук ғазотида бир киши шундай дейди: “Биз бу қориларимиздек[1] еб тўймас, ёлғончи ҳамда жангда қўрқоқ кишиларни кўрмадик”. Шунда Авф ибн Молик унга айтади: “Ёлғон гап! Сен ўзинг мунофиқсан! Мен бу гапингни албатта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга  айтаман”.  Авф бу хабарни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга  айтиш учун кетади. Бориб қараса, аллақачон бу ҳақда Қуръон нозил қилинган бўлади. Ҳалиги мунофиқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келади. Бу пайтда у зот жойларидан қўзғалиб, туяларига миниб олган эдилар. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга шундай дейди: “Бизнинг асл мақсадимиз сизнинг устингиздан кулиш эмас. Аксинча, мақсадимиз йўл қийинчиликларини ортда қолдириш учун ҳазил-мутойиба қилиш эди, холос”. Ибн Умар розияллоҳу анҳумо шундай дейди: “Унинг оёқлари тошларга урилавериб қонаган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам туяларининг биқинига боғланган камарга осилиб: “Эй Расулуллоҳ, биз шунчаки ҳазил-мутойиба ва кўнгилхушлик қилиб гапирган эдик”, – дегани ҳануз кўз олдимда. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса унга:Аллоҳни, Унинг оятларини ва Пайғамбарини масхара қилдингизми? Узр айтманглар! Сизлар иймон келтирганингиздан сўнг яна куфрга қайтдингиз” – дер, унга қайрилиб қарамас ва бундан бошқа сўз ҳам айтмас эдилар[2].

Ушбу икки ояти карима ва унинг нозил бўлиш сабабида Аллоҳни, Расулини, Аллоҳнинг оятларини, Расулининг суннатини ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларини масхара қилган кишининг кофир бўлишига очиқ далил бор. Негаки, кимда ким бу ишга қўл урса, гарчи мақсади масхаралаш бўлмасада, Аллоҳнинг рубубийят сифати ва Пайғамбарининг рисолатини камситган бўлади. Маълумки, уларни масхаралаш тавҳид ва ақидага зиддир. Шунингдек, илм ва уламоларни камситиш, улар ҳосил қилган шаръий илм сабабли уларни ҳурмат қилмаслик ёки сўкиш ҳам куфр саналади. Гарчи ҳақиқатда масхаралаш қасд қилинмасада мазкур ишлар куфрдир. Сабаби, улар тўғрисида оятлар нозил бўлган мунофиқлар ўз қилмишларини эътироф этиб: “Биз фақат (одатда мусофирлар кўнгил ёзиш учун қиладиган ҳазил-мутойиба) гаплар тўғрисида гаплашиб ва ҳазиллашиб келяпмиз, холос”, дедилар. Яъни, уларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва асҳобларини масхаралаш ёки ёлғончи дейиш нияти йўқлиги, балки бу сўзларни ҳазил-мутойиба мақсадида айтишганини билдирдилар. Маълумки, ҳазил-мутойиба тарзида айтилган сўз жиддий ва чиндан айтилган сўзнинг тескарисидир. Шундай бўлсада, Аллоҳ таоло Расули орқали уларнинг бу баҳоналари ўтмаслиги, улар Аллоҳ, Расули ва саҳобаларни масхара қилиб айтган сўзлари сабаб иймондан сўнг яна куфрга қайтганларини маълум қилди. Мунофиқларнинг “биз жиддий гапирмадик, балки ҳазиллашган эдик”, деган гапи инобатга олинмади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга жавоб берар эканлар: “Аллоҳни, Унинг оятларини ва Пайғамбарини масхара қилдингизми? Узр айтманглар! Сизлар иймон келтирганингиздан сўнг яна куфрга қайтдингиз”, деган сўзларидан бошқа сўз гапирмадилар. Негаки, бундай ишлар билан ҳазил ва ўйин-кулги қилинмайди. Аксинча, Аллоҳ ва Расулига ва умуман динга оид ҳар қандай ишлар ҳурмат-эҳтиром қилиниши ва улуғланиши фарз. Аллоҳнинг оятлари ёд қилинганда Аллоҳ ва Расулига бўлган иймондан келиб чиқиб ҳамда Унинг оятларини улуғлаш мақсадида бош эгиш ва унга нисбатан ҳурмат, қўрқув ва хокисорлик изҳор этиш лозим. Аллоҳнинг оятлари хусусида ҳар қандай бўлар-бўлмас сўзларни сўзлаган ва ҳазил-мутойиба қилган кимса эса уларни камситган ва таҳқирлаган ҳисобланади.

Шайх Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб роҳимаҳуллоҳ айтади: “Очиқ сўзлар билан динни масхаралашга мазкур оятда зикр қилинган ва шу каби сўзлар мисол бўлади. Энди динни очиқ хатти-ҳаракатлар билан масхаралашга келсак, кўпчилик одамлар уларни намоз ёки закотга буюрган чоғда лабни чўччайтириш, тилни чиқариш ва кўзни қисиш каби масхараомуз ишора ва ҳаракатлар унга мисол бўлади. Намоз ёки закотни масхара қилган кимсанинг ҳоли шу бўлса, диннинг асоси бўлмиш тавҳидни масхара қилган кимсанинг ҳоли не кечар экан?!” (Иқтибос тугади).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан собит бўлган бирон суннатни масхара қилиш ҳам ана шундай масхара жумласидандир. Соқол қўйиш, мўйловни қисқартириш, мисвок ишлатиш ва шунга ўхшаш бошқа суннатларни масхара қилиш, шунингдек, амри маъруф ёки наҳий мункар қилиш каби исломий вазифаларни масхара қилиш динни масхара қилишга мисол бўлади.

Ибн Исҳоқ айтади: “Мунофиқлардан бир гуруҳи йиғилиб ўтиришар, уларнинг ичида Бани Амр ибн Авфнинг акаси Вадеа ибн Собит ҳамда Махший ибн Ҳимяр исмли Бани Саламанинг иттифоқчиси бўлмиш Ашжаъ қабиласидан ҳам бир киши бор эди. Улар Табук сари йўлга отланган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у зотнинг асҳобларига қараб шундай дедилар: “Сизлар Румга қарши жанг қилишни худди арабларнинг ўзаро бир-бирлари билан уруш қилишидек, деб ўйлаяпсизларми?! Аллоҳга қасамки, биз сизларни эртага арқонларда боғланган ҳолда тасаввур қиляпмиз”. Мунофиқларнинг бу сўзларни айтишдан мақсади мўминлар қалбига қўрқув ва ғулғула солиш эди. Бу гапдан кейин Махший ибн Ҳимяр деди: “Аллоҳга қасамки, қани эди (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан) сулҳ қилолсам: бизлардан ҳар биримизга юз даррадан урилса-ю, эвазига сизларнинг бу сўзларинг сабабли биз тўғримизда Қуръон нозил бўлишидан қутилиб қолсак!”.

Менга етиб келишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аммор ибн Ёсирга шундай деганлар: “Қавмнинг олдига бор, шубҳасиз, улар ёлғон ва куфр сўзни айтдилар. Улардан айтган гаплари тўғрисида сўра. Агар инкор этсалар, “Йўқ, балки сизлар фалон-фалон гапларни айтдингизлар”, деб айт”. Аммор уларнинг олдига боради ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тайинлаган гапларни айтади. Шундан сўнг мунофиқлар узр айтган ҳолда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам туяларида миниб турар эканлар Вадеа ибн Собит келиб туянинг қорнидаги камардан тутиб шундай дейди: “Эй Расулуллоҳ, биз шунчаки ҳазил-мутойиба ва кўнгилхушлик қилиб гапирган эдик”. Махший ибн Ҳимяр эса шундай дейди: “Эй Расулуллоҳ, исмим ва отамнинг исми панд берди”. Аллоҳ таолонинг мазкур оятдаги “Агар сизлардан бир тоифанинг гуноҳидан ўтсак…”, деган сўзидаги “тоифа”дан Махший ибн Ҳимяр назарда тутилган эди. Шундан сўнг Махший исмини Абдурраҳмон қўйди ва Аллоҳдан шаҳид ҳолда ўлишни ҳамда жасади изсиз йўқолишини сўради. Чиндан ҳам Махший Ямома жангида шаҳид бўлди ва ундан бирон из қолмади”.

Шайхулислом Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ айтади: “Аллоҳ таоло хабар беришича, мунофиқлар иймон келтиришгач, кофир бўлдилар. Ҳолбуки, уларнинг айтишича, куфрни эътиқод қилмасдан, шунчаки куфр сўзни талаффуз қилганлар, уни ҳазил-мутойиба ва ўйин-кулги тарзида сўзлаганлар. Аллоҳ таоло баён қилишича, Унинг оятларини масхара қилиш куфр бўлиб, қалбини куфрга очган инсонгина бундай сўзни сўзлаши мумкин. Агар унинг қалбида иймон бўлганида, иймони бундай сўзни тилга олишдан ман қилган бўлур эди. Қуръоннинг маълум қилишича, қалбдаги иймон кучи ва миқдорига қараб ташқи аъзоларда ҳам амал пайдо бўлади. Аллоҳ таоло айтади: “Улар (яъни мунофиқлар): “Аллоҳга ва Пайғамбарга иймон келтирдик ва бўйсундик”,  дейдилару, шундан кейин улардан бир гуруҳи юз ўгириб кетур. Улар мўмин эмасдирлар. Қачон улар Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига ўрталарида ҳукм чиқариш учун чорлансалар, баногоҳ улардан бир гуруҳи (пайғамбар ҳузурига келишдан) юз ўгирадилар. Агар ҳақиқат улар тарафда бўлса, (пайғамбар олдиларига) бўйин эгиб келурлар. Уларнинг дилларида мараз борми ёки Муҳаммаднинг ҳақ пайғамбар эканлигидан шубҳаландиларми ёхуд Аллоҳ ва Унинг пайғамбари уларга зулм қилишидан қўрқарларми?!  Йўқ!  Уларнинг ўзлари золимлардир. Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига ўрталарида ҳукм чиқариш учун чорланган вақтларида,  мўминларнинг сўзи “эшитдик ва бўйинсундик”,  демоқдир. Ана ўшаларгина нажот топгувчилардир” [Нур: 47-51]. Аллоҳ таоло Пайғамбарга итоат қилишдан юз ўгирган кимсаларнинг иймонсиз эканини, шунингдек, мўминлар ўрталарида ҳукм чиқариши учун Аллоҳ ва Расулига чақирилсалар, қулоқ солиб итоат қилишларини ва бундай қилишлари иймон тақозо қиладиган ишлар эканини маълум қилди” (Иқтибос тугади).

Бундан маълум бўладики, ислом шариатини камситадиган, уни ҳозирги замон талабларига жавоб бермаслик билан айблайдиган, шариатда белгиланган ҳадлар –жиноий жазоларни бағритошлик ва ваҳшийлик деб таърифлайдиган, “ислом аёлларнинг ҳақ-ҳуқуқини поймол қилади” дейдиган ҳамда шу каби дин душманларининг сўзларини айтадиган инсонлар кофир бўладилар. Аллоҳнинг ўзи йўлдан адаштирмасин, куфр ва залолатдан саломат қилсин! 

[1] Мунофиқлар бу сўзлари билан Пайғамбаримиз ва саҳобаларни кўзда тутган эдилар.
[2] Ҳадисни Ибн Жарир Табарий “Жомеул баён ан таъвили ойил Қуръон” асарида (16912) Ибн Умар, (16916) Муҳаммад ибн Каъб ва (16911) Зайд ибн Аслам розияллоҳу анҳумдан ҳамда (16914, 16915) Қатодадан, шунингдек, Ибн Абу Ҳотим (4/64) Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилишган.

Изоҳ қолдиринг