Дурузларнинг номлари ва уларнинг ривожланиши

0

Дурузларнинг номлари

  • Дурузлар

Бу ном уларнинг одамлар орасида кенг тарқалган энг машҳур номи бўлиб, Наштакин Даразийга мансуб бўлганлари учун шу номни олишган. Бу уларнинг машҳур номи бўлишига қарамай, улар бу номни ёқтиришмайди. Негаки, улар Ҳамза ибн Али билан Наштакин Даразий ўртасида бўлиб ўтган келишмовчилик натижасида Наштакинга эргашишдан воз кечишган ва уни адашган ҳамда диндан чиққанликда айблашган.

  • Муваҳҳидлар

Дурузлар бу номни жуда яхши кўришади ва муқаддас китобларида ўзларини шу ном билан аташади. Бироқ улар бу номдан тавҳидни, яъни ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишни эмас, балки Ҳоким Биамриллаҳнинг худолигига ихлос билан ишонишни назарда тутишади. Бунга Ҳамза ибн Али Даразийнинг қуйидаги сўзи далил бўлади: “Мавломиз (яъни Ҳоким Биамриллаҳ)га бўлган тавҳид шаҳодат калимасининг ўрнида туради”[1].

Дурузларнинг ривожланиш тарихи

Мисрдан қочиб чиққан Даразий Ливаннинг Тайм ўлкасига йўл олади. У ерда исломни қабул қилганига кўп бўлмаган араб қабилалари яшар эди. Бу қабилалар соф ислом динидан бехабар бўлишгани ҳамда бу воқеа убайдийлар ҳокимлиги даврида содир бўлгани учун улар ўртасида исмоилийлик оқими кенг тарқалди.

Дурузлар оқими на динга ва на ақлга тўғри келмаса-да, бугунги кунимизгача уни дин деб эътиқод қиладиган кимсалар йўқ эмас. Улар ўзларининг бу ботил эътиқодларини махфий тутишга ҳаракат қилганлари боис дурузлар ҳақида тўлиқ маълумот топиш бироз мушкул. Бу дин фалсафа, ҳиндулик ва оташпарастлик каби бир неча ботил эътиқодлардан тузилган бўлиб, унга мансуб кишилар бу динни унга ишонмаган бирон кишига ошкор қилмасликлари лозим. Ҳамза ибн Али бу диннинг сирларини ошкор қилишдан огоҳ этиб шундай деган: “Бу диннинг сирларини фош қилиш ҳамда ҳикмат китобларини (яъни ўзларининг диний китобларини) бошқаларга кўрсатиш энг катта гуноҳлардан биридир. Бу китоблардан бирон нарсани фош қилган киши муваҳҳидлар олдида дарҳол қатл қилинади ва унга ҳеч ким раҳм-шафқат қилмайди…

Эй муваҳҳид биродарлар, бу таълимотларни қаттиқ сир тутинглар. Муваҳҳидлар имоми бу таълимотларни уларга махфий жойда ўқисин. Мавломиз субҳанаҳу ва таоло (яъни Ҳоким Биамриллаҳ)нинг носути (яъни инсоний табиатга эга кўриниши) бўлмиш бу ҳикмат китобларини одамларга фош қилиш мумкин эмас. Агар бу сирлардан бири кофирнинг қўлига тушиб қолса, унинг аъзолари қийма-қийма қилиб кесилади”[2].

Дурузлар ўзларининг бу эътиқодларини сир тутиш билан бир қаторда куч-қувватлари бўлмаганда ёлғон ишлатиб, бошқалар олдида бу эътиқодларни тан олмасликни, шунингдек, ўзларини бошқаларнинг эътиқодига қарши эмасдек қилиб кўрсатишни ҳам жоиз санашади. Шу жиҳатдан уларнинг ботинийлардан фарқи йўқ. Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш лозимки, дурузлар ҳанузгача Ҳоким Биамриллаҳни худо деб билишади. Бироқ улар бу эътиқодни ўзларининг хос йиғинларида ва ўзаро холи қолишганида тан олишади, холос. Чунки уларнинг дини Ҳокимни илоҳ дейишга асосланган. Дурузларнинг олимларидан бири бўлмиш Абдуллоҳ Нажжор шундай дейди: “Мен чоп қилинган китобларнинг бирида Ҳокимнинг онаси сақолибалардан бўлганини айтганим учун ишончли шайхларнинг каттасидан дашном эшитганимни хотирлайман. У менга “Рисола” китобининг 26-бетида келган: “Мавломиз ўғил, амаки ва тоғалардан пок. Унинг фарзанди бўлмаган, туғилмаган ва ҳеч ким унга тенг бўла олмаган”, деган сўзларни такрорлаб: “Ҳокимнинг онаси бўлмаган” – деган эди”[3].

Ҳатто Ҳоким Биамриллаҳнинг ўзи ҳам бу ёлғон ва ботил эътиқодни тасдиқлагани сабабли отасидан воз кечган ва халифаликни ўғли Зоҳир Биамриллаҳга эмас, бошқа бир шахсга топшириб кетган. Шу тариқа Ҳоким одамларга ўзининг бузуқ эътиқодига кўра, оламни доимий равишда ўзи бошқариб туришини билдирмоқчи бўлган.

[1] “Ал-ҳаракотул ботинийя фил оламил исломий” китоби, 278-бет.
[2] “Дурузлар эътиқоди” китоби, 175-бет.
[3] “Дурузлар оқими ва тавҳид” китоби, 105-106-бет.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг