Умар розияллоҳу анҳу: Қуръон ва Суннатнинг ҳаётига таъсири

0

Аллоҳ, борлиқ, ҳаёт, жаннат ва дўзах, қазо-ю қадар ҳақидаги тасаввури

Умар ибн Хаттоб ва умуман барча саҳобаларнинг асосий тарбия манбалари Аллоҳ таоло томонидан нозил қилинган Қуръони Карим эди. Қуръони Карим илм-маърифатнинг аcл манбаи бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қуръон мусулмон шахс ва мусулмон жамоатининг ягона тарбия ва таълим ўчоғи бўлишига қаттиқ ҳаракат қилар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитган Қуръони Карим оятлари Форуқнинг исломий шахсияти шаклланишига бевосита таъсир қилди, улар унинг қалбини поклади, нафсини тозалади, руҳиятига чуқур таъсир кўрсатди, бунинг натижасида у янги фикрлар, янги тушунчалар, юксак мақсад ва интилишлар эгаси бўлган бутунлай янги бир инсонга айланди.

Форуқ ибодат қилинишга лойиқ ягона ҳақ илоҳ ва маъбуд ким эканини Қуръони Каримдан ўрганди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларини Аллоҳ таоло ҳақида, Унинг бандалар устидаги ҳақ-ҳуқуқлари борасида тўғри тасаввур устида тарбиялашга ўта ҳарис эдилар. Зеро, нафс тозаланиб, фитрат ўзининг тўғри ўзанига тушиб олганда тўғри тасаввургина ўз эгасини ҳақиқий ишонч ва чин иймонга етаклайди. Форуқ ўзининг Аллоҳ, борлиқ, ҳаёт, жаннат ва дўзах, қазо ва қадар, инсоннинг моҳияти, у билан шайтон ўртасидаги абадий кураш ҳақидаги қуйидаги тасаввурларини бевосита Қуръони Каримдан ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлланмаларидан олган эди.

  • Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳар қандай айбу нуқсондан пок, бениҳоя комил сифатлар эгасидир. У шериксиз ягонадир, жуфт ва фарзанддан покдир.

  • Аллоҳ субҳанаҳу бутун борлиқнинг яратувчиси, эгаси, бошқарувчисидир: “Албатта Роббингиз осмонлару ерни олти кунда яратиб, сўнг (Ўзининг улуғлиги ва буюклигига лойиқ бир тарзда) Аршга юксалган Аллоҳдир. У кечани кундузга ўрар (ва унинг ёруғлигини кетказар, кеча ва кундуз бир-бирини) шошилган ҳолда қувиб юрар. У қуёш, ой ва юлдузларни Ўз амрига бўйсундирилган ҳолда (яратди). Огоҳ бўлингизки, яратиш ва буюриш фақат Уникидир. Барча оламлар Робби Аллоҳ буюкдир” [Аъроф: 54].

  • Аллоҳ таоло бутун борлиқдаги каттаю кичик, ошкору яширин барча неъматларнинг ягона манбаидир: Сизларга берилган барча ноз-неъматлар ёлғиз Аллоҳдандир. Шунингдек, қачон сизларга (бирон) бало-мусибат етса ҳам фақат Унгагина илтижо қилурсизлар” [Наҳл: 53].

  • Аллоҳнинг илми барча нарсани қамраб олган, еру осмонлардаги ҳеч нарса, ҳатто инсоннинг кўнглидаги яширин ҳис-кечинмалари ҳам Унга махфий эмас.

  • Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг инсон амалларини ёзиб турадиган малоикалари бор, ундан содир бўладиган катта-кичик ҳар қандай иш-амал унинг амал дафтарига ёзиб борилади ва вақти келганида ўз қўлига берилади: Унинг оғзидан чиқадиган ҳар бир сўзни олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (фаришта ёзиб олур)” [Қоф: 18].

  • Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бандаларни уларнинг хоҳиш-истакларига зид ва улар ёқтирмайдиган ишлар билан имтиҳон қилади ва шу имтиҳон воситасида улардан ким Аллоҳнинг қазо-ю қадарига рози бўлиб, Унга зоҳиру ботинида тўла бўйсуниб, ер юзидаги халифалик ва бошқарувчилик мақомига лойиқ бўлиши-ю, ким қазо ва қадарга чидолмасдан ғазабланиб, имтиҳондан йиқилиши ва ҳеч қандай қадр-қимматга эга бўлмасдан, бирон мақомга лойиқ кўрилмаслиги маълум бўлади: “(Эй инсонлар, У) сизларнинг қайсиларингиз яхшироқ амал қилувчи эканингизни имтиҳон қилиш учун ўлим ва ҳаётни яратган зотдир. У қудратли ва гуноҳларни кечирувчи зотдир” [Мулк: 2].

  • Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўзига илтижо қилган, Ундан паноҳ сўраган ва ҳар бир ишида Унинг ҳукмига бўйсунган бандасини ҳаққа муваффақ қилади, қўллаб-қувватлайди, ёрдам беради: “Зотан, менинг эгам шу Китобни нозил қилган Аллоҳдир. У солиҳ бандаларга ёр бўлур” [Аъроф: 196].

  • Бандалари Уни ягона ҳақ илоҳ деб эътиқод қилишлари, ширк келтирмасликлари ва фақат Унгагина ибодат қилишлари Аллоҳ таолонинг бандалар зиммасидаги ҳаққидир: “Йўқ, сен ёлғиз Аллоҳгагина ибодат қилгин ва шукр қилувчилардан бўлгин!” [Зумар: 66].

  • Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Қуръони Каримда тавҳид ҳақиқатини ва бандаликнинг мазмун-моҳиятини белгилаб берган[1].

  • Умар розияллоҳу анҳунинг борлиқ ҳақидаги дунёқарашини Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятлари шакллантирган эди: Айтинг: «Ҳақиқатан ҳам сизлар ерни икки кунда яратган зотга кофир бўласизларми ва ўзгаларни Унга тенглаштирасизларми?! У барча оламларнинг Парвардигори-ку?! У зот (ернинг) устида тоғларни (пайдо) қилди ва уни баракотли қилди ҳамда ўша (ер)да унинг емишларини (яъни ер аҳлининг ризқу рўзларини) тўла тўрт кунда белгилаб тақсимлади. (Бу тафсилот) сўровчилар учундир. Сўнг осмонга йўналди, ўшанда осмон тутун ҳолида эди. Шунда осмон ва ерга: «(Менинг амри-фармонимга) ихтиёран ёки мажбуран келинглар!» деган эди, улар: «Ўз ихтиёримиз билан Сенинг амрингга бўйсуниб келдик», дедилар. Бас икки кунда етти осмонни тўкис барпо қилди ва ҳар бир осмонга (унга буюрилган) иши-вазифасини ваҳий қилди (билдирди). Биз қуйи осмонни чироқлар-юлдузлар билан безадик ва (ўша юлдузлар билан уни гап ўғирловчи жин-шайтонлардан) ҳимоя қилдик. Бу қудратли ва билувчи зотнинг тақдиридир” [Фуссилат: 9-12].

  • Умр ҳар қанча узун бўлмасин, бир куни албатта ўлим келади, дунё матолари ҳар қанча кўп бўлмасин, бари арзимас ва ҳақирдир. Аллоҳ таоло айтади: “Дарҳақиқат, бу ҳаёти дунёнинг мисоли худди Биз осмондан ерга ёғдирган ёмғирга ўхшайдики, одамзод ва ҳайвонот ейдиган нарсалардан иборат бўлган ер набототи шу (сув) билан аралашиб, ҳатто ер чирой олиб, ясан-тусан қилганида ва ер аҳли унинг устида кучли-қудратлимиз, деб ўйлай бошлаганида, ерга кечаси ё кундузи Бизнинг фармонимиз келиб, Биз уни гўё куни-кеча обод бўлмагандек, вайронага айлантириб қўюрмиз. Тафаккур қила оладиган қавм учун оятларни мана шундай муфассал баён қилурмиз” [Юнус: 24].

  • Форуқ ўзининг жаннат ҳақидаги қарашларини жаннатни васф этувчи ояти карималардан олган ва ўзи ҳам Аллоҳ таоло улар ҳақида мана бундай деган кишилардан бирига айланган эди: “Уларнинг ёнбошлари ўрин-жойларидан йироқ бўлур (яъни тунларини ибодат билан ўтказишиб, оз ухлайдилар). Улар Парвардигорларига қўрқув ва умидворлик билан дуо-илтижо қилурлар ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилурлар. Бас уларнинг қилиб ўтган амалларига мукофот қилиб улар учун беркитиб қўйилган кўзлар қувончини (яъни охират неъматларини) бирон жон билмас” [Сажда: 16, 17].

  • Дўзах ҳақидаги тасаввурларини ҳам Қуръони Каримдан олган ва бу тасаввур уни ҳаёти мобайнида Аллоҳнинг шариатидан заррача четланишдан қаттиқ тийиб турар эди. Форуқнинг ҳаёти билан яқиндан танишган киши унинг Аллоҳга юзланиш фиқҳини нақадар чуқур эгаллаганига, Аллоҳнинг азоби ва ғазабидан нақадар қаттиқ қўрқувчи бўлганига гувоҳ бўлади. Халифалик даврида бир куни тунда Мадина кўчаларини кезиб юраркан, бир ҳовли ёнидан ўтиб қолди. Ҳовли эгаси намозида қуйидаги оятларни тиловат қилаётган эди: “Тур (тоғи)га, очиқ саҳифага ёзилган Китобга (Қуръонга), Байтул-Маъмурга, баланд кўтарилган томга (осмонга) ва тўлиб-тошган денгизга қасамки, Парвардигорингизнинг азоби шак-шубҳасиз воқеъ бўлувчидир! Унинг учун бирон даф қилувчи — тўсиқ йўқдир” [Ват-тур: 1-8]. Ушбу оятларни эшитган Форуқ: “Каъбанинг Роббига қасамки, бу ҳақ-рост қасамдир!”, деб хитоб қилди, сўнг эшагидан тушиб, деворга суяниб, узоқ ўтириб қолди. Уйига қайтгач, ўша оятлар таъсирида тоби қочиб, бир ой чамаси ётиб қолди, одамлар уни кўргани келар, касаллиги сабабини билолмай ҳайрон бўлардилар[2].

  • Қазо ва қадар ҳақидаги тушунча ҳам унинг қалбидан чуқур ўрин олган, қазо ва қадарнинг биз қуйида келтирадиган даражалари ҳақидаги илмни ҳам у Аллоҳнинг Китобидан ва Расулининг таълимотларидан ўзлаштирганди.

Иймони комил эдики, Аллоҳнинг илми барча нарсани қамраб олган: (Эй Пайғамбар), сиз қандай иш (билан) машғул бўлманг ва у (иш) ҳақида Қуръондан бирон оят ўқиманг, (эй инсонлар), сизлар қандай амални қилманглар, ўша ишларга киришган пайтингизда, албатта Биз сизларнинг устингизда гувоҳ бўлурмиз. Еру осмондаги бир зарра мисоличалик, ундан ҳам кичиқроқ (ёки) каттароқ бирон нарса Парвардигорингиздан махфий бўлмас — албатта очиқ Китобда (яъни, Аллоҳнинг азалий ёзмишида) мавжуд бўлур” [Юнус: 61].

Ва Аллоҳ тоабад бўлажак ҳар бир нарсани ёзиб қўйган: “Албатта Биз Ўзимизгина ўликларни тирилтиргаймиз, уларнинг қилган амалларини ҳамда қолдирган изларини ёзиб қўйгаймиз. Барча нарсани Биз очиқ Китобда (яъни Лавҳул Маҳфузда) белгилаб қўйгандирмиз” [Ясин: 12].

Ва Аллоҳ барча нарсани яратган Зот: “Ўша Аллоҳ сизларнинг Роббингиздир. Ундан ўзга ҳақ илоҳ йўқдир. У ҳамма нарсани яратган Зотдир. Бас, фақат Унга ибодат қилингиз! У ҳамма нарсанинг устидаги вакил муҳофаза қилувчидир” [Анъом: 102].

Умарнинг ҳаётида кўринган ва биз Аллоҳнинг изни билан ушбу китобда гувоҳ бўладиган кўп фойдали ва манфаатли самаралар унинг қалбидаги қазо ва қадарнинг моҳияти ҳақидаги тўғри тушунча ва мустаҳкам эътиқодидан келиб чиққанди. У ўзининг ва умуман одамзотнинг ҳақиқатини Қуръони Каримдан билди, инсоннинг моҳияти икки асл-асосга бориб тақалишини – биринчиси узоқ аслга, яъни Одамнинг дастлаб яратилган ва жон бахш этилган пайтидаги лойдан яралиш аслига, иккинчиси эса яқин аслга, яъни уруғ сувидан яралиш аслига қайтишини Қуръони Каримдан ўқиб ўрганди. Аллоҳ таоло Қуръонда айтади: “У барча нарсани чиройли қилиб яратган зотдир. У инсонни (яъни Одамни) даставвал лойдан яратди. Сўнгра унинг насли авлодини ҳақир бир сувдан иборат бўлган нутфадан пайдо қилди. Сўнгра уни (инсон қилиб) ростлаб, ичига Ўз руҳидан киритди. У зот сизлар учун қулоқ, кўз, дилларни пайдо қилди. Сизлар эса камдан-кам шукр қилурсизлар” [Сажда: 7-9].

Ва бу инсон аталмиш мавжудотни Аллоҳ ўз қўли билан яратганини, унга гўзал сурат ва ўзига ярашган қадди-қомат берганини, ақл, нутқ ва яхши-ёмонни ажрата билиш қобилиятини ато этганини, еру осмондаги барча нарсани у учун бўйсундириб қўйганини, уни бошқа кўплаб махлуқотларидан азизу мукаррам қилганини, унга Ўзининг пайғамбарларини юбориш билан иззат-икром кўрсатганини билди. Аллоҳ азза ва жалланинг инсонга кўрсатган ҳурмат-эътиборининг энг гўзал кўринишларидан бири – уни Ўз муҳаббати ва розилигига лойиқ кўргани, бу эса Унинг одамларни бу дунёда бахтли ҳаёт кечириш ва охиратда абадий ноз-неъматларга эришиш учун Исломга чорлаётган пайғамбарига эргашиш билан ҳосил бўлишини тушуниб етди. Аллоҳ таоло айтади: Эркакми ё аёлми кимда-ким мўмин бўлган ҳолида бирон яхши амал қилса, бас, Биз унга покиза ҳаёт ато этурмиз ва уларни ўзлари қилиб ўтган амалларидан чиройлироқ ажр-савоблар билан мукофотлаймиз” [Наҳл: 97].

Умар розияллоҳу анҳу инсон билан шайтон ўртасидаги кураш ҳақиқатини ва одамзотнинг азалий ва абадий душмани бўлмиш шайтон инсонга олдидан ҳам, ортидан ҳам, ўнгидан ҳам, сўлидан ҳам келишини, уни тинмай васваса қилиб, гуноҳга чорлашини, кўнгилда яширин ҳою ҳавасларни қўзғатишини билди. Иблисга қарши мудом Аллоҳнинг мададига таянди ва умри давомида шайтонга ғолиб бўлиб яшади, бунга унинг ҳаёт йўлини ўқиб ўрганиш мобайнида гувоҳ бўласиз. У яна Қуръони Каримдаги Одам алайҳиссалом ва шайтон ўртасида бўлиб ўтган воқеа ҳақидаги ҳикоядан Одам башариятнинг отаси эканини, Исломнинг негизи Аллоҳга мутлақ итоат қилиш эканини, инсон зоти хатога йўл қўйиши мумкинлигини билди. Одамнинг хатосини ўқиб ўрганиш орқали мусулмон киши Парвардигорига суяниши нақадар зарур эканини, тавба ва истиғфорнинг мўмин ҳаётидаги аҳамиятини, ҳасад ва кибру ҳаводан сақланиш зарурлигини, биродарларга ширинсўзлик билан муомала қилиш муҳимлигини ўрганди. Аллоҳ таоло айтганидек: “Бандаларимга айтингки, улар (ўзаро сўзлашганларида) энг гўзал сўзлардан сўзласинлар. Зеро, шайтон уларнинг ўрталарида бузғунчилик қилур. Дарҳақиқат, шайтон инсонга очиқ душмандир” [Исро: 53]. Атрофидаги кишиларни ҳар турли ибодатлар воситасида руҳий тарбиялашда ва қалбларини поклашда ҳамда уларни Қуръони Карим ахлоқи билан тарбия қилишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тутган йўлларини ўзига йўл қилиб олди.

Аллоҳ азза ва жалла Умар ибн Хаттобни унинг аввалги бузуқ ақидасини янчиб ташлаб, ўрнига соғлом соф ақидани тақдим этган Ислом билан мукаррам қилди, унинг ақидасида улкан ўзгариш ва эврилишлар содир бўлди. Энди унинг эътиқодида на бутларга сиғиниш, на Аллоҳнинг қизлари борлигига ва на Аллоҳ билан жинлар ўртасида қариндошлик ришталари мавжудлигига ишонч ва на жамият учун ҳаёт йўлини белгилаб берадиган ва уни машъум хурофотлар ботқоғига ботириб ташлаган коҳинликка эътиқод бор эди[3]. Буларнинг бари тугаб битган ва ўрнини ягона Аллоҳга бўлган ширкдан мусаффо иймон-эътиқод эгаллаган эди. Жоҳилиятнинг охират, қайта тирилиш ва яратувчи олдида жавоб бериш ҳиссидан холи беҳуда ва мақсадсиз ҳаёти тугаб битиб, унинг ўрнига охират кунига бўлган иймон, қилинган ҳар бир иш ва қўйилган ҳар бир қадам учун жавоб беришга тўғри келиши ҳақидаги эътиқод эгаллаган эди. Умар бор вужуди билан шу динга сингиб, аралашиб кетди, у учун Аллоҳ ва Расули бошқа барчадан кўра суюмлига айланди, Аллоҳга Уни худди кўриб тургандек ибодат қилиш – эҳсон мақомига чиқа олди. Умар Қуръони Карим тарбиясини мукаммал ўзлаштирди, Аллоҳ таоло уни Қуръон билан яшашга, ҳаётини тўла-тўкис Қуръонга мувофиқ ўтказишга муваффақ қилди. Қуръон унинг ақлига, қалбига, нафсига, руҳига жуда катта таъсир ўтказди. Қуръон билан ҳамоҳанг ҳаёт унинг бутун аъзоларида яққол кўринди. Бунинг сабаби эса – Аллоҳнинг тавфиқидан сўнг – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қўлларида шогирд бўлгани эди[4].

[1] “Манҳажур расул фий ғарсир руҳил жиҳадийя” китоби, 10-16 саҳифалар.

[2] Абдуллоҳ ибн Аҳмад ал-Мақдисий, “Ар-риққату вал-букаъ” китоби, 166-саҳифа.

[3] Алий ал-Хатиб, “Умар ибн Хаттоб”, 51-саҳифа.

[4] “Умар ибн Хаттоб: ҳаёти, илми, одоби” китоби, 51, 52-саҳифалар.

Изоҳ қолдиринг