Али ибн Абу Толиб ҳаётига Қуръони Каримнинг таъсири

0

Али ибн Абу Толиб ҳаётига Қуръони Каримнинг таъсири

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу тарбияланган тарбиявий манҳаж бошқа рошид халифалар ва саҳобаи киромлар эргашган манҳажнинг айни ўзи эди. Улар Қуръони Карим устида тарбия топган эдилар. Мураббийлари халқларнинг саййиди Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам эдилар. Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қуръони Карим ва ўзларига Аллоҳ томонидан туширилган ҳикматни мусулмонларнинг тарбия ва таълим манбаи бўлишига қаттиқ аҳамият берар эдилар. Мусулмон шахс, мусулмон оила ва мусулмон жамоа эътиқод, ибодат, муомала ва ахлоқда Аллоҳнинг китоби ва пайғамбарининг суннатида келган йўлланмалар устида тарбияланди. Али розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бевосита эшитган Қуръон оятлари унинг исломий шахсиятини шакллантирди, қалбини поклади, нафсини тозалади, руҳиятини юксалтирди. Қуръони Карим тарбияси билан у янги фикр ва тушунчалар, олий мақсад ва интилишлар эгаси бўлган бутунлай янги инсонга айланди[1].

Али розияллоҳу анҳу ибодатга лойиқ ягона ҳақ илоҳ ким эканини Қуръони Карим ва пайғамбар суннатидан олган тарбияси орқали ўрганди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларини Аллоҳ таоло ҳақида, Унинг бандалари устидаги ҳақ-ҳуқуқлари борасида тўғри дунёқараш устида тарбиялашга ўта ҳарис эдилар. Зеро, у зот нафс покланиб, инсон табиати ўзининг тўғри йўлига тушиб олган пайтда фақат тўғри дунёқарашгина кишини чин иймон ва комил ишончга етаклашини яхши билар эдилар. Али розияллоҳу анҳунинг Аллоҳ, коинот, ҳаёт, жаннат ва дўзах, қазо ва қадар ҳақидаги, инсоннинг моҳияти, шайтон билан унинг ўртасидаги абадий кураш борасидаги қуйидаги тасаввурлари бевосита Қуръони Карим ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари тарбиясида шаклланган эди:

  • Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳар қандай айбу нуқсондан пок, бениҳоя комил сифатлар эгасидир. У шериксиз ягонадир, жуфт ва фарзанддан покдир.

  • Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бутун борлиқнинг яратувчиси, эгаси, бошқарувчисидир: “Албатта Раббингиз осмонлару ерни олти кунда яратиб, сўнг (Ўзининг улуғлиги ва буюклигига лойиқ бир тарзда) Аршга юксалган Аллоҳдир. У кечани кундузга ўрар (ва унинг ёруғлигини кетказар, кеча ва кундуз бир-бирини) шошилган ҳолда қувиб юрар. У қуёш, ой ва юлдузларни Ўз амрига бўйсундирилган ҳолда (яратди). Огоҳ бўлингизки, яратиш ва буюриш фақат Уникидир. Барча оламлар Рабби Аллоҳ буюкдир” [Аъроф: 54].

  • Аллоҳ таоло бутун борлиқдаги катта-ю кичик, ошкору яширин барча неъматларнинг ягона манбаидир: Сизларга берилган барча ноз-неъматлар ёлғиз Аллоҳдандир. Шунингдек, қачон сизларга (бирон) бало-мусибат етса ҳам фақат Унгагина илтижо қилурсизлар” [Наҳл: 53].

  • Аллоҳнинг илми барча нарсани қамраб олган, еру осмондаги ҳеч нарса Унга махфий эмас. У инсоннинг ошкору махфий қилган ҳар бир ишини, ҳатто кўнглидаги яширин ҳис-кечинмаларини ҳам яхши билувчи Зот.

  • Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг инсоннинг ҳар бир амалини ёзиб турувчи малоикалари бор, инсондан содир бўладиган катта-кичик ҳар қандай иш-ҳаракат унинг амал дафтарига ёзиб борилади ва вақти келганида ўз қўлига берилади: Унинг оғзидан чиқадиган ҳар бир сўзни олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (фаришта ёзиб олур)” [Қоф: 18].

  • Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бандаларни уларнинг истак-хоҳишларига зид ва кўнгилларига ёқмайдиган ишлар билан имтиҳон қилади. Улар ичидан қай бирлари Аллоҳнинг қазо-қадарига рози бўлади ва Унга зоҳиру ботинида тўла бўйсуниб, ер юзига халифалик ва бошқарувчилик вазифасига муносиб бўлади-ю, қай бирлари қазо-ю қадарга бесабрлик қилиб, норози бўлиб имтиҳондан ўтолмайди ва ҳеч қандай қадр-қимматга эга бўлмасдан, бирон мақомга лойиқ кўрилмайди, мана шуларнинг бари ана шу имтиҳон орқали маълум бўлади: “(Эй инсонлар, У) сизларнинг қайсиларингиз яхшироқ амал қилувчи эканингизни имтиҳон қилиш учун ўлим ва ҳаётни яратган зотдир. У қудратли ва гуноҳларни кечирувчи зотдир” [Мулк: 2].

  • Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Унга дуо-илтижо қилган, Ундан паноҳ сўраган ва ҳар бир ишида Унинг ҳукмига бўйсунган бандасини Ўзи ҳаққа йўллайди, қўллаб-қувватлайди, ёрдамсиз қўймайди: “Зотан, менинг эгам шу Китобни нозил қилган Аллоҳдир. У солиҳ бандаларга ёр бўлур” [Аъроф: 196].

  • Бандалари Уни ягона ҳақ илоҳ деб эътиқод қилишлари, ширк келтирмасликлари ва фақат Унгагина ибодат қилишлари Аллоҳ таолонинг бандалар зиммасидаги ҳаққидир: “Йўқ, сен ёлғиз Аллоҳгагина ибодат қилгин ва шукр қилувчилардан бўлгин!” [Зумар: 66].

  • Фақат Угина ибодатга ягона сазовор Зотдир ва бу Аллоҳ таолонинг бандалари устидаги ҳаққидир: “Албатта Аллоҳ Ўзига (бирон нарсанинг) шерик қилинишини кечирмас. Шундан бошқа гуноҳларни Ўзи хоҳлаган бандалари учун кечирур. Ким Аллоҳга (бирор кимса ёки нарсани) шерик келтирса, бас, у буюк гуноҳни тўқиб чиқарибди” [Нисо: 48].

  • Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Қуръони Каримда ушбу тавҳид ҳақиқатини ва бандаликнинг мазмун-моҳиятини белгилаб берган[2].

  • Али розияллоҳу анҳу ўзининг коинот ва борлиқ ҳақидаги дунёқарашини Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятларидан олган эди: Айтинг: Ҳақиқатан ҳам сизлар ерни икки кунда яратган зотга кофир бўласизларми ва ўзгаларни Унга тенглаштирасизларми?! У барча оламларнинг Парвардигори-ку?! У зот (ернинг) устида тоғларни (пайдо) қилди ва уни баракотли қилди ҳамда ўша (ер)да унинг емишларини (яъни ер аҳлининг ризқу рўзларини) тўла тўрт кунда белгилаб тақсимлади. (Бу тафсилот) сўровчилар учундир. Сўнг осмонга йўналди, ўшанда осмон тутун ҳолида эди, унга ва ерга: (Менинг амри-фармонимга) ихтиёран ёки мажбуран келинглар!”, деган эди, улар: Ўз ихтиёримиз билан Сенинг амрингга бўйсуниб келдик, дедилар. Бас икки кунда етти осмонни тўкис барпо қилди ва ҳар бир осмонга (унга буюрилган) иши-вазифасини ваҳий қилди (билдирди). Биз қуйи осмонни чироқлар-юлдузлар билан безадик ва (ўша юлдузлар билан уни гап ўғирловчи жин-шайтонлардан) ҳимоя қилдик. Бу қудратли ва билувчи зотнинг тақдиридир” [Фуссилат: 9-12].

  • Одамзот ҳар қанча узун умр кўрмасин, бир куни албатта ўлади. Дунё матолари ҳар қанча кўп бўлмасин, бари арзимас ва заволга юз тутувчидир. Аллоҳ таоло айтади: “(Эй Муҳаммад, одамларга) ҳаёти дунё мисолини келтиринг. У худди бир сув кабидирки, Биз осмондан ёғдириб (аввал — киши ҳаётининг баҳорида) у сабабли замин набототи (бир-бирига) аралашиб-чирмашиб кетур, сўнгра (ҳаёт кузи келгач) шамоллар учириб кетадиган хас-хашакка айланиб қолур. Аллоҳ ҳамма нарсага қодир бўлган зотдир. Мол-мулк, бола-чақа шу ҳаёти дунё зийнатидир. Парвардигорингиз наздида эса (абадий) қолувчи яхши амаллар савоблироқ ва орзу қилишга арзирлироқдир” [Каҳф: 45, 46]. Аллоҳ таоло мусулмон кишига бу ҳаётнинг моҳиятини ва унинг эҳтиром ва мукофот диёри эмаслигини, мутлақ яхшилик ва тўла мукофот фақат охират диёрида бўлишини билдирди. Ушбу тасаввур Аллоҳ ва Расулининг муҳаббати қалбидан чуқур ўрин олган кишини Аллоҳ ва Расулининг розилигини, бутун дунё бойлиги эвазига бўлса-да, бошқа барча нарсадан устун қўйишга етаклайди. Амирулмўъминин Али розияллоҳу анҳу қуйидаги сўзларида айни шу ҳақиқатни ифодалаган эди: “Эй дунё, сен мендан бошқаларни алда! Сен келиб-келиб менинг йўлимни тўсасанми, мени қучоғингга тортасанми?! Ҳайҳот, ҳайҳот! Мен сени қайтиб олмас бўлиб уч талоқ қилганман! Сенинг умринг қисқа, ҳаётинг ҳақир, хатаринг кўпдир. Оҳ, йўл озуқам нақадар оз, сафар нақадар узоқ, йўл нақадар ваҳшатли!”[3].

  • У ўзининг жаннат ҳақидаги тасаввурини жаннатни васф этувчи ояти карималардан олган ва ўзи ҳам Аллоҳ таоло улар ҳақида мана бундай деган кишилардан бирига айланган эди: “Уларнинг ёнбошлари ётоқ ўринларидан йироқ бўлур. Улар Парвардигорларига қўрқув ва умидворлик билан дуо-илтижо қилурлар ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилурлар. Бас уларнинг қилиб ўтган амалларига мукофот қилиб улар учун беркитиб қўйилган кўзлар қувончини (яъни охират неъматларини) бирон жон билмас” [Сажда: 16, 17].

  • Дўзах ҳақидаги тасаввурини ҳам Қуръони Каримдан олган ва бу тасаввур уни ҳаёти мобайнида Аллоҳнинг шариатидан заррача четга чиқишдан тийиб турар эди. Амирулмўминин Али розияллоҳу анҳу ҳаёти билан яқиндан танишган киши унинг Аллоҳнинг розилигига нақадар кучли интилувчи ҳамда Аллоҳнинг азоби ва ғазабидан нақадар қаттиқ қўрқувчи бўлганига гувоҳ бўлади. Улардан баъзи кўринишларга сиз Аллоҳнинг изни билан ушбу китобни ўқиш мобайнида танишасиз.

  • Қазо ва қадар ҳақидаги тасаввурини ҳам у Қуръони Каримдан ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таълимотларидан олган, қазо-ю қадарга иймон унинг қалбидан чуқур ўрин олган, қазо ва қадарнинг қуйида келувчи даражалари ҳақидаги билимини Аллоҳнинг Китобидан ўзлаштирганди:

Аллоҳнинг илми барча нарсани қамраб олган: (Эй Пайғамбар), сиз қандай иш билан машғул бўлманг ва у иш ҳақида Қуръондан бирон оят ўқиманг, (эй инсонлар), сизлар қандай амални қилманглар, ўша ишларга киришган пайтингизда, албатта Биз сизларнинг устингизда гувоҳ бўлурмиз. Еру осмондаги бир зарра мисоличалик, ундан ҳам кичиқроқ ёки каттароқ бирон нарса Парвардигорингиздан махфий бўлмас — албатта очиқ Китобда (яъни, Аллоҳнинг азалий ёзмишида) мавжуд бўлур” [Юнус: 61].

Ва Аллоҳ тоабад бўлажак ҳар бир нарсани ёзиб қўйган: “Албатта Биз Ўзимизгина ўликларни тирилтиргаймиз, уларнинг қилган амалларини ҳамда қолдирган изларини ёзиб қўйгаймиз. Барча нарсани Биз очиқ Китобда (яъни Лавҳ-ул-Маҳфузда) белгилаб қўйгандирмиз” [Ясин: 12].

Аллоҳнинг истак-иродаси албатта амалга ошувчидир, Унинг қудрати бениҳоя мукаммалдир: “На осмонлардаги ва на ердаги бирон нарса Аллоҳдан қочиб қутулувчи эмас. Зотан У билимли ва қудратлидир” [Фотир: 44].

Аллоҳ барча нарсани яратган Зот: “Ўша Аллоҳ сизларнинг Раббингиздир. Ундан ўзга ҳақ илоҳ йўқдир. У ҳамма нарсани яратган Зотдир. Бас, фақат Унга ибодат қилингиз! У ҳамма нарсанинг устидаги вакил муҳофаза қилувчидир” [Анъом: 102].

Али розияллоҳу анҳу ҳаётида кўринган ва биз Аллоҳнинг изни билан ушбу китобда гувоҳ бўладиган кўп фойдали ва манфаатли самаралар унинг қалбидаги қазо ва қадарнинг моҳияти ҳақидаги тўғри тушунча ва мустаҳкам эътиқодидан келиб чиққанди. У ўзининг ва умуман одамзотнинг ҳақиқатини Қуръони Каримдан билди, инсоннинг моҳияти икки асл-асосга бориб тақалишини – биринчиси узоқ аслга – Одамнинг дастлаб яратилган ва жон бахш этилган пайтидаги лойдан яралиш аслига, иккинчиси эса яқин аслга – уруғ сувидан яралиш аслига қайтишини Қуръони Каримдан ўқиб ўрганди[4]. Аллоҳ таоло Қуръонда айтади: “У барча нарсани чиройли қилиб яратган зотдир. У инсонни (яъни Одамни) даставвал лойдан яратди. Сўнгра унинг насли авлодини ҳақир бир сувдан иборат бўлган нутфадан пайдо қилди. Сўнгра уни ростлаб, ичига Ўзининг руҳидан киритди. У зот сизлар учун қулоқ, кўз, дилларни пайдо қилди. Сизлар эса камдан-кам шукр қилурсизлар” [Сажда: 7-9].

Ва бу инсон аталмиш мавжудотни Аллоҳ Ўз қўли билан яратганини, унга гўзал сурат ва чиройли қадди-қомат берганини, ақл юритиш, сўзлаш ва яхши-ёмонни ажрата билиш қобилиятини ато этганини, еру осмондаги барча нарсани у учун бўйсундириб қўйганини, уни бошқа кўплаб махлуқотларидан азизу мукаррам қилганини, унга пайғамбарлар юбориш билан иззат-икром кўрсатганини билди, Аллоҳ азза ва жалланинг инсонга кўрсатган ҳурмат-эътиборининг энг гўзал кўринишларидан бири – уни Ўз муҳаббати ва розилигига лойиқ кўргани эканини, бу эса Унинг одамларни бу дунёда  бахтли ҳаёт кечириш ва охиратда абадий ноз-неъматларга эришиш учун Исломга чорлаётган пайғамбарига эргашиш билан ҳосил бўлишини тушуниб етди. Аллоҳ таоло айтади: Эркакми ё аёлми кимда-ким мўмин бўлган ҳолида бирон яхши амал қилса, бас, Биз унга покиза ҳаёт ато этурмиз ва уларни ўзлари қилиб ўтган амалларидан чиройлироқ ажр-савоблар билан мукофотлаймиз” [Наҳл: 97].

У инсон билан шайтон ўртасидаги кураш моҳиятини, одамзотнинг азалий ва абадий душмани бўлмиш шайтон инсонга олди-ю ортидан, ўнгу сўлидан келишини, уни тинмай васваса қилиб, гуноҳга чорлашини, яширин ҳою ҳавасларини қўзғатишини билди. Иблисга қарши мудом Аллоҳнинг мададига таянди ва умри давомида шайтонга ғолиб бўлиб яшади. Бунга унинг ҳаёт йўлини ўқиб ўрганиш мобайнида гувоҳ бўласиз. У яна Қуръони Каримда баён қилинган Одам алайҳиссалом ва шайтон ўртасидаги воқеадан Одам башариятнинг отаси эканини, Исломнинг негизи Аллоҳга мутлақ итоат қилиш эканини, одамзот хатодан холи эмаслигини билди. Одамнинг хатосини ўқиб ўрганиш орқали мусулмон киши Парвардигорига суяниши нақадар зарур эканини, тавба ва истиғфорнинг мўмин ҳаётидаги аҳамиятини, ҳасад ва кибру ҳаводан сақланиш зарурлигини, Аллоҳнинг розилигини барча нарсадан устун қўйиш лозимлигини, ёр-биродарлари бўлмиш саҳобаларга гўзал муомала қилиш муҳимлигини ўрганди. Аллоҳ таоло айтганидек: “Бандаларимга айтинг, (ўзаро сўзлашганларида) энг гўзал сўзлардан сўзласинлар. Зеро, шайтон уларнинг ўрталарида бузғунчилик қилур. Дарҳақиқат, шайтон инсонга очиқ душмандир” [Исро: 53]. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларини турли кўринишдаги ибодатлар воситасида руҳий тарбиялашдаги, қалбларини поклашдаги ва уларни Қуръони Карим ахлоқи билан тарбия қилишдаги йўлларини ўзи учун йўл қилиб олди.

[1] Саллобий, “Ас-сийратун набавия”: 1/145.
[2] “Манҳажур Расул фий ғарсир руҳил жиҳадийя” китоби, 10-16-бетлар.
[3] “Истийъоб”: 3/1108.
[4] Наҳловий, “Усулут тарбия”: 31-саҳифа.

Изоҳ қолдиринг