Аббосийлар давлатининг барпо қилиниши (давоми)

0

Ҳижрий 125 йилда Муҳаммад ибн Али Аббосий вафот этди, ўзидан кейин имомликни ўғли Иброҳимга васият қилди ва даъват ишларини у бошқаришини амр этди. Шу йилдан бошлаб аббосийлик даъватига нисбатан аҳволлар ўзгара бошлади. Чунки:

Биринчидан, ҳижрий 125 йилда Ҳишом ибн Абдулмалик вафотидан кейин умавийлар ҳукмдорлиги анча заифлашди ва умавийлар хонадони ичида бўлиниш юзага келиб, бир-бирлари билан уруш бошладилар. Бу нарса табиийки, одамларга ёқмади ва улардан халос бўлишга уринишлар бошланди. Бу эса ўз-ўзидан умавийларга қарши ҳаракатларга қўл келди.

Икккинчидан, хусусан Хуросонда қабилачилик таассублари ортди. Хуросон волийси Наср ибн Сайёр музар арабларидан эди, у ўзининг музарига таассубчилик қилди, бу эса аксарияти ямоний бўлган арабларга ёқмади. Аббосий даъватчиларига бу ҳолат қўл келди ва ямоний арабларни ва турк, форс каби бошқа тоифаларни ўз тарафларига оғдиришга муваффақ бўлдилар.

Учинчидан, бу ички курашлар минтақа аҳлининг моддий аҳволига ҳам жиддий таъсир кўрсатди ва экин-тикин ишлари ортга сурилишига сабаб бўлди. Бундан айниқса, асосан деҳқончилик билан шуғулланувчи қавм бўлган мавлолар анча жавр кўрдилар. Улардан жуда кўплари тирикчиликдан қийналиб, дурустроқ ҳаёт кечириш илинжида катта шаҳарларга кўчиб ўта бошлади, шаҳарлар ишсиз бекорчи одамлар билан тўлиб тошди. Бу эса аббосийлик даъватининг улар орасида яна ҳам яхшироқ тарқалишига сабаб бўлди.

Тўртинчидан, Бани Умайянинг душманлари улар ҳақида тарқатган ҳар хил бўлар-бўлмас миш-миш ва овозалар ҳам халқларнинг уларга нафрати ошишига ва душманлари томонга оғишига, улар зиддига қилинаётган ҳаракатлар сафига қўшилишига анчагина таъсир кўрсатди.

Бешинчидан, ўлканинг Наср ибн Сайёр билан Жадиъ ибн Али Кирмоний ўртасида бўлиниб кетиши ҳам волийни анча кучсизлантирди. Шу билан бирга, Кирмонийнинг ўлимидан сўнг унинг тарафдорларидан кўплари Абу Муслим томонига ўтиши билан унинг тарафдорлари сони ошишига сабаб бўлди. Аббосийлик даъвати Хуросонда эришган катта муваффақиятдан сўнг ўлкани даъват маркази билан бевосита боғлаб турувчи кучли шахсият эгасига эҳтиёж сезилди ва бу мансабга Абу Муслим Хуросоний[1] лойиқ кўрилди. Имом Иброҳим Абу Муслимнинг қобилияти, заковати ва куч-қувватларини кўргач, уни ўзининг Хуросондаги асосий кишиси қилиб тайинлади.

Ҳижрий 129 йилда Наср ибн Сайёр мавлоси Зайд бошчилигида қўшин чиқарди, Абу Муслим унга қарши Молик ибн Ҳайсам бошчилигида қўшин йўллади. Жангда Молик ғалаба қозонди ва Насрнинг қўшинидан бир қанчасини, шу жумладан амири Зайдни асирга туширди. Барча асирларни қатл қилиб, фақат қўмондони Зайдни қўйиб юборди ва унга Насрга бориб, Абу Муслим жамоасининг куч-қудрати ва имкониятлари ҳақида сўзлаб беришни буюрди. Бу Бани Умайя ва Бани Аббос тарафдорлари ўртасидаги биринчи тўқнашув эди.

Хозим ибн Хузайма Марвни қўлга киритди, унинг Наср ибн Сайёр томонидан тайин қилинган волийсини қатл қилди ва бу ҳақда Абу Муслимга хабар йўллади.

Шунингдек, Абу Муслимнинг юборган қўшини Ҳиротни қўлга киритди ва унинг Наср ибн Сайёр томонидан қўйилган волийси қочиб кетди.

Наср ибн Сайёр ямонийларни ўзига мойил қилишга уринди, бироқ бу уриниши натижасиз тугади, уларнинг бошлиғи Жадиъ ибн Али Кирмоний унга бўйин эгишдан бош тортди. Абу Муслим эса ҳар икки тарафга мактуб йўллаб, ҳар иккисига: “Имом мени сенга яхшилик қилишимга буюрди, мен унинг сен ҳақингдаги райидан чиқмайман”, деди. Ҳар иккисининг боши қотди ва Наср Кирмонийни ўзаро сулҳга келишиш учун унинг ҳузурига келишга кўндирди. У юз кишиси билан Насрнинг ҳузурига келаркан, Наср қулай фурсат топиб, уни қатл қилди. Шундан сўнг Кирмоний тарафдорларидан жуда кўплари унинг ўғли бошчилигида Абу Муслимга келиб қўшилди.

Абу Муслимнинг тарафдорлари кўпайгандан кўпайиб борди. Унинг чор атрофга юборган даъватчилари Бани Аббосга байъат беришга чақирар эди.

Наср ибн Сайёр Бани Умайянинг охирги халифаси Марвон ибн Муҳаммадга Абу Муслим ҳақида, унга тобора кўпчилик эргашиб кетаётгани ва у Иброҳим ибн Муҳаммадга байъат беришга чақираётгани тўғрисида ёзиб юборди.

Наср ибн Сайёрнинг мактуби халифа Марвонга етиб келган пайтда иттифоқо имом Иброҳимнинг Абу Муслимга йўллаган, Наср ибн Сайёрга ва Кирмонийга қарши уруш қилиш буйруғи битилган мактубини олиб кетаётган элчиси қўлга туширилиб, халифа ҳузурига келтирилди. Шунда Марвон ўзининг Дамашқдаги ноиби Валид ибн Муовия ибн Абдулмаликка зудлик билан Ҳамимага боришни ва у ерда истиқомат қилаётган Иброҳим ибн Муҳаммадни қўлга олиб, унинг ҳузурига юборишни буюриб, мактуб юборди. Имом Иброҳим шаҳар масжидида ўтирган пайтида қўлга олиниб, халифанинг Дамашқдаги ноиби тарафидан зудлик билан Марвон ҳузурига юборилди. Уни зиндонга солдилар. Лекин, иш қолипдан кўчган эди. Абу Муслим бу вақтга келиб, кўплаб минтақаларни қўлга киритишга улгурган эди.

Бани Умайяга қўшимча бош оғриғи бўлиб, Абдуллоҳ ибн Муовия ибн Абдуллоҳ ибн Жаъфар Форсда бош кўтариб чиқди ва Ҳилвон, Қумс, Исфахон, Рай каби бир неча шаҳарларни қўлга киритди.

Абу Муслим Хуросоний Али ибн Кирмоний ёрдамида Хуросоннинг бошкенти Марвга бостириб кирди. Наср ибн Сайёр Марвдан чиқиб, Сарахсга қочди. Бу воқеа ҳижрий 130 йилда содир бўлди.

Кейин Абу Муслим бирин-кетин Балх, Найсобур, Тус, Журжон диёрларини қўлга киритди.

Ҳижрий 131 йилда Абу Муслимга тобеъ Қаҳтаба ибн Шабиб Наср ибн Сайёр билан урушгани ўғли Ҳасан бошчилигида Қумсга қўшин юборди. Наср Райга қочди, ундан Ҳамадонга қараб йўл олди. Ҳамадонга етиб бормасдан йўлда Сова деган жойда вафот этди. Наср ибн Сайёрнинг ўлими ортидан Хуросон тўлалигича Абу Муслим Хуросоний қўли остига ўтди. Чунки Ҳасан ибн Қаҳтаба Рай, Ҳамадон ва Наҳовандни қўлга киритганди.

Ҳижрий 132 йилда Қаҳтаба ибн Шабиб Ироқ амири Язид ибн Умар ибн Ҳубайра билан тўқнашди ва Қаҳтабанинг қўшини ғалаба қозонди. Қаҳтабанинг ўзи шу жангда ўлдирилди ва унинг ўрнига ўтирган ўғли Ҳасан Кўфа сари қўшин тортди. Кўфага кирмасидан у ерда Муҳаммад ибн Холид ибн Абдуллоҳ Қасрий аббосийларга байъатга чақириб чиқди.

Иброҳим ибн Муҳаммад бу вақт мобайнида Марвон ибн Муҳаммаднинг зиндонида қолди ва ҳижрий 132 йилда шу ерда вафот этди. У ўзи қўлга олинган куни ўрнига иниси Абдуллоҳ ибн Муҳаммад (Саффоҳ) халифа бўлишини ва уни хонадони билан бирга Кўфага кўчиб ўтишини васият қилган эди. Саффоҳ амакилари Абдуллоҳ, Довуд, Ийсо, Солиҳ, Исмоил, Абдуссамад, оғаси Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ҳамда акаси Иброҳимнинг Муҳаммад ва Абдулваҳҳоб исмли ўғиллари билан бирга махфий равишда Кўфага кўчиб келди. Уларни Абу Салама ал-Халлол кутиб олиб, Бани Ҳошимнинг мавлоси  Валид ибн Саъднинг ҳовлисига жойлаштирди. Сафар ойида Иброҳим ибн Муҳаммаднинг ўлими хабари келгач, Абу Салама халифаликни Али хонадони вакилига ўтказишни истади. Бироқ, бошқа амирлар ва вакиллар Саффоҳнинг манзилини аниқлаб, унинг ҳузурига бордилар ва унга халифа сифатида байъат бердилар. Бу воқеа ҳижрий 132 йилда, Рабеус-соний ойининг 12-сида содир бўлди. Бу пайтга келиб Абу Муслим Хуросонда жуда кўп ерларни қўлга киритган эди.

Шундан сўнг Саффоҳ чиқиб, амирлик қасрига кириб борди. Сўнгра жумъа намозига чиқиб, одамларга хутба қилди ва улардан халифаликка байъат қабул қилди. Сўнг Кўфанинг бир тарафига лашкаргоҳ қилиб, қўшинга амакиси Довудни бош қилди. Кейин ўзи Ҳошимия шаҳрига кўчиб ўтиб, амирлик қароргоҳига ўрнашди.

Саффоҳ умавийларга қарши бир неча қўшин юборди. Аввал Авн ибн Абу Язидни қўшин билан Бани Умайянинг охирги халифаси Марвон ибн Муҳаммаднинг улкан сонли қўшини жойлашган Катта Зоб деган жойга юборди. Кейин амакиси Абдуллоҳ ибн Али бошчилигидаги қўшинни унга мададга юборди, унинг ортидан Мусо ибн Каъб Тамимий бошчилигида лашкар юборди. Томонлар Жумодул-охира ойининг ўн биринчи куни тўқнашдилар. Шиддатли жанглардан сўнг Марвон мағлуб бўлиб, чекинди. Абдуллоҳ ибн Али уни таъқиб қилиб Ҳарронга, ундан Ҳимсга, ундан Дамашққача борди ва Дамашқни қамалга олиб, охири фатҳ қилди. Марвон қочди, Абдуллоҳ унинг ортидан қувишда давом этди. Кейин Абул Аббос томонидан Абдуллоҳ ибн Алига укаси Солиҳ ибн Алини Марвонни таъқиб қилишга қўйиб, ўзи Шомда ноиб бўлиб қолиш ҳақидаги амри келди. Марвон Мисрга етиб борди. Сўнг у ўша ердаги Абу Сир черковида қўлга олиниб, қатл этилди. Солиҳ ибн Али Мисрга Абу Авн ибн Абу Язидни волий қилиб, ўзи Шомга қайтди.

Саффоҳ жияни Ийсо ибн Мусони, унинг ортидан акаси Абу Жаъфарни Ҳасан ибн Қаҳтабага мададга юборди, у Воситда Язид ибн Умар ибн Ҳубайрани қамал қилиб турган эди. Улар Воситга кириб бориб, Язидни қатл қилдилар.

Сўнг Аҳвоздаги Бассом ибн Иброҳимга мадад юборди ва Аҳвозни ҳам қўлга киритдилар.

Шундай қилиб, Андалусдан бошқа ерларнинг деярли барчаси аббосийлар қўлига ўтди.

[1] Абу Муслим Хуросонийнинг асл исми Иброҳим ибн Усмон ибн Ясор бўлиб, ўзи Бузружмеҳр авлодидан эди. Куняси Абу Исҳоқ эди. Имом Иброҳим ибн Муҳаммад уни Хуросонга юбораётиб, исми ва кунясини ўзгартирди.

Изоҳ қолдиринг