Ислом, ҳижрат ва ҳаж ўтган гуноҳларга каффорат бўладими?

0

Савол:

Ассалому алайкум. Ислом, ҳижрат ва ҳаж ўтган гуноҳларга каффорат бўладими?

Жавоб:

Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Бисмиллаҳ, Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога салавоту саломлар бўлсин!

Ибн Шамоса Маҳрий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Амр ибн Ос ўлим тўшагида ётганида уни зиёрат қилдик. У узоқ йиғлади ва юзини девор тарафга буриб олди. Ўғли Абдуллоҳ унга: “Отажон, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сизга фалон-фалон нарсаларни башорат бермаганмиди?!” – деб (уни юпата бошлади). Шунда Амр ўғлига қараб деди: “Биз охират учун ҳозирлаган амалларимизнинг энг афзали “ла илааҳа иллаллоҳ, Муҳаммадун Расулуллоҳ” шаҳодатидир. Умрим уч босқичдан иборат бўлди. Аввалига ҳеч ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни менчалик ёмон кўрмас, у зотни топиб ўлдиришдан кўра катта орзуйим йўқ эди. Агар шу ҳолатимда вафот этганимда, шак-шубҳасиз дўзахий бўлар эдим. Аллоҳ таоло ислом муҳаббатини қалбимга солгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб: “Қўлингизни очинг, сизга байъат бераман” – дедим. У зот қўлларини узатганларида мен қўлимни тортдим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сўрадилар:

– Нима бўлди, Амр?
– Шартимни айтмоқчиман.
– Нима шартинг бор?
– Гуноҳларим кечирилиши.
– Хабаринг йўқми, ахир, ислом ўзидан олдинги гуноҳларни йўқ қилади, ҳижрат ўзидан олдинги гуноҳларни йўқ қилади, ҳаж ўзидан олдинги гуноҳларни йўқ қилади?!

Ҳеч ким менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан суюкли эмас, менинг назаримда ҳеч ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдек ҳурматли эмасди. У зотни ҳурмат қилганимдан у зотга  тик  қарай олмасдим. Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сифатларини айтиб беришимни сўрасанглар айтиб беролмайман. Негаки, мен ҳурмат қилганимдан у зотга тик  қарай олмаганман. Агар шу ҳолатимда вафот этганимда мен жаннатга киришни умид қилган бўлардим. Вақтлар ўтиб, бир қанча ишларга бошчи қилиндик. Бу борада ҳолим не кечганини билмайман. Агар мен вафот этсам, ортимдан гўянда ва машъал эргашмасин. Мени дафн қилсангиз устимга бироз тупроқ сепинглар. Сўнг бир туя сўйилиб, гўшти тарқатиладиган муддат миқдорича қабрим устида туринглар, токи ёнимда экангиздан кўнглим таскин топсин ва Раббимнинг элчиларига (яъни Мункар ва Накирга) нима жавоб беришимни ўйлаб олай”” (Муслим (192\121) ривояти). Шу ҳадисга биноан ислом, яъни кофир инсон исломни қабул қилиши, ҳижрат ва ҳаж амаллари ўзидан олдинги гуноҳларга каффорат бўлади. Баъзи китобларда ҳижрат ўрнига тавба айтилган, лекин бу хато. Тўғри, тавба ҳам ўзидан олдинги гуноҳлар кечирилишига сабаб бўлади. Бироқ мазкур ҳадисда ҳижрат айтилган, тавба эмас, валлоҳу аълам.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг