Намозга қачон ният қилинади?

0

Савол:

Ният қалбда бўлиши керак, деб  эшитган эдик. Менда кўпинча ният қилиш эсдан чиқади, намоз бошлангандан кейин ният қилмаганим эсга тушади. Лекин масжидга кираётганда пешин намози учун кирилади, шу ниятга ўтадими ёки бошлашдан олдин ният қилиш керакми?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ.

Дарҳақиқат, уламолар намоз учун ният фарз эканига ижмо қилганлар. Ният такбиратул эҳром билан бирга бўлиши афзал. Шундай бўлсада, фуқаҳоларнинг рожиҳ фикрига кўра, ният такбиратул эҳромдан бироз олдинроқ бўлиши жоиз.

Косоний роҳимаҳуллоҳ “Бадоэус саноиъ”да шундай дейди: “Бизнинг мазҳабда (яъни, ҳанафий мазҳаби) агар ният билан таҳрима ўртасини узиб қўядиган бирон амал аралашмаса таҳримадан олдинроқ ният қилиш жоиз, иккисининг бир вақтда бўлиши шарт эмас”.

Шунга кўра, намоздан олдинроқ шу намозга атаб таҳорат олиш ёки уйи масжидга яқин инсон намоз учун уйидан чиқиши ёки масжидга кириши асносида қилинган ният намозга ният қилиш ўрнига ўтади. Албатта бу ўринда ният қилгандан кейин то такбиратул эҳромга қадар ниятидан қайтмаган бўлиши шарт қилинади, валлоҳу аълам.

Изоҳ қолдиринг