Ақиқанинг терисини қассобга бериш жоизми?

0

Савол:

Ақиқа сўйдиргани борганимизда қассоблар қўйнинг териси ва калла-почасини олиб қолишмоқда. Бу ишнинг ақиқага зарари йўқми?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ! Агар қассоблар ақиқага деб аталган қўйнинг териси ва калла-почасини хизмат ҳақи сифатида олиб қолишса, бу иш жоиз эмас. Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ (1717) ривоят қилган ҳадисда Али розияллоҳу анҳу: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам туялари сўйилишига бош-қош бўлишимни, уларнинг гўшти, териси ва устига ёпиладиган матоларини садақа қилишимни ва қассобга ундан ҳеч нарса бермаслигимни айтдилар” – деганлар. Борди-ю, билмасдан қўйнинг терисини қассобга хизмат ҳақи сифатида берган бўлса, бу ишнинг ақиқага таъсири йўқ. Лекин терининг нархини аниқлаб, шунча миқдор маблағни садақа қилиб юбориш керак.

Баъзи урф-одатларга кўра, бу каби жойларда қўй сўйдирганлар қўйнинг териси ва калла-почасини олиб кетиш имконлари бўлмагани боис ташлаб кетадилар. Агар шу мақсадда қолдирилса, унда зарари йўқ, валлоҳу аълам.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг