Дарвешона маросими ҳақида

0

Савол:

Дарвешона маросими ҳақида маълумот берсангиз. Бу маросимга қатнашиш жоизми?

Жавоб:

Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ. Бисмиллаҳ, Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога салавоту саломлар бўлсин!

Дарвешона номли маросим ҳақида Муаттар Қодированинг Бухоро давлат университети, тарих факультетида “XXI аср охири – XX аср бошларида Бухоро воҳаси аҳолисининг ерни экишга тайёрлаш ва экиш билан боғлиқ урф одат ва маросимлар” мавзуси остида ёзган битирув малакавий ишида шундай дейилади:

“Табиатнинг оддий ҳодисалари, офатлардан кучли шамоллар, сув тошқинлари, қурғоқчилик, қуёш ва ой тутилишлари хусусида аждодларимиз қадимдан бош қотирган ва натижада турли расм-русум ва маросимларни ўтказиб келганлар.

Маросим – шахс, гуруҳ ва жамият ҳаётидаги муҳим ҳодисаларни нишонлаш шакли бўлиб, тарихан маросим диний тизимларда вужудга келган[1]. “Дарвешона” маросими шундай тадбирлардан бири ҳисобланади. Ушбу маросим фақат Бухоро воҳасидагина эмас, Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларида ҳам қадимдан ўзига хос шаклда ўтказилган[2].

Воҳанинг ҳар бир туманида “Дарвешона” маросимини уюштиришнинг ўзига хос тартиби шаклланган. Маросимда асосан, мошова таоми тайёрланган. Мошова одамни тўқ тутадиган, ўта фойдали таом саналади. Мошнинг таркибида 40-50 фоиз крахмал, 25-30 фоиз оқсил моддаси бўлиб, қуввати гўштдан қолишмас экан. Шу сабабли мошли таомлар жуда лаззатли, тўқтутар, хушхўр бўлади.[3]

“Дарвеш оши” одатда йил оғир келиб, ўлим ва касаллик кўпайса, табиий офат ва талофатлар тез-тез содир бўлганда маҳалла ва қишлоқ жамоаларида кўпчилик бўлиб пиширилган. Бунинг учун қишлоқ аҳлидан улар розилиги билан пул ёки масаллиқлар (мош, ловия, гуруч) йиғиб олинган ва қишлоқ оқсоқоллари бошчилигида кайвони аёллар томонидан пиширилган.

Кучли шамоллар бўлиб, аҳолига унинг хўжалигига катта зарар келтирган пайтда “дарвеш оши” нинг хос варианти “шамол оши” маросими ўтказилган”.

Мазкур манбада келтирилган маълумотларга  кўра, бу маросим халқнинг бошига турли қийинчиликлар ва бало-кулфатлар келганида ёхуд ана шундай бало-офатлар олдини олиш мақсадида ўтказилар экан. Агар бу маросим жинларга ибодат қилиш, улардан мадад сўраш ёки уларни рози қилиш билан бало-офатлар олдини олиш мақсадида ўтказилса, унда ширк бўлиб, уни нишонлаган шахс диндан чиқади, Аллоҳ сақласин! Агар садақа балони қайтаради, деган мақсадда қилинса, бу услубда садақа қилиш динимизда келмагани боис “дарвешона” маросими бидъат саналади ва уни ўтказиш, ташкиллаштириш ёки унга қатнашиш жоиз бўлмайди, валлоҳу аълам.

[1] Фалсафа. Қомусий луғат. Т.: 2004. –Б.241
[2] Қаранг: Иброҳим Хўжамуродов. Туроннинг қадимги одатларининг дини. //Сирли олам.  Т.: 1993. 1-сон. –Б.17.
[3] Гулсара Саломаова. Мошобада ҳаёт бор. // Саодат.2000. 3-сон. –Б.22.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг