Уйқу таҳоратни синдирадими?

0

Савол:

Уйқу таҳоратни синдирадими? Хуррак отиб ухлашчи?

Жавоб:

Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ! Бисмиллаҳ, Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога салавоту саломлар бўлсин!

Имом термизий (89) ривоят қилган ҳадисда Сафвон ибн Ассол розияллоҳу анҳу шундай дейди: “Биз мусофир бўлсак Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам маҳсиларимизни уч кеча-кундуз фақат жанобатдан тозаланиш учун ечишга буюрардилар. Лекин ҳожат чиқариш, бавл қилиш ва ухлаш каби ишлар учун ечмас эдик”. Бу ҳадисда ухлаш таҳоратни бузувчи амаллар қаторида саналган. Имом муслим (376) ривоят қилган Анас розияллоҳу анҳунинг ҳадисида эса: “Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даврларида хуфтонни кутиб бошлари эгилиб қоларди. Сўнг таҳорат қилмасдан намоз ўқир эдилар” – дейилган. Баъзи ривоятларда, ҳатто хуррак отишгани айтилади. Бу ҳадис эса уйқу таҳоратни бузмаслигига далил бўлади.

Юқоридаги икки ҳадис бир қарашда бир-бирига қарама қарши кўрингани учун уламолар уйқу таҳоратни синдириш ёки синдирмаслиги борасида турли хил фикрлар айтишган. Бу фикрларнинг энг тўғрироғи шуки, агар уйқу инсон таҳорати синганини, аниқроғи, ел чиққанини ҳис этмайдиган даражада қаттиқ бўлса таҳорат синади. Агар инсон ел чиққанини ҳис қиладиган даражада енгил ухласа, у ҳолда таҳорат синмайди. Уйқу аслида таҳоратни синдирмаслиги ва таҳоратнинг синиш сабаби ухлаш эмас, балки ел чиқиши эканини имом Аҳмад (97\4) ривоят қилган қуйидаги ҳадис қўллаб-қувватлайди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кўз кетнинг боғичи. Шундай экан, ким ухласа таҳорат қилсин” – деганлар (Шайх Албоний роҳимаҳуллоҳ ҳасан деган), валлоҳу аълам.

Илова: хуррак отиш уйқунинг қаттиқ ёки енгил эканини ажратиб бермайди. Чунки баъзи инсонлар ҳали кўзи юмилмасдан хуррак отишни бошлайди. Шунинг учун уййқунинг қаттиқ ёки енгил экани хуррак отишга эмас, балки инсонда ҳис қилиш қобилияти йўқолишига боғлиқдир.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг