Жанобат сўзи араб тилида узоқлик деган маънони билдиради. Жинсий яқинлик қилган ёки маний тўккан кишининг манийси ўз ўрнидан узоқлашгани учун уни жунуб деб айтилган.
Бу бобда ғуслга тааллуқли бўлган ҳукмлар, ғусл сабаблари, одоблари ва ҳоказолар ҳақида сўз юритилади. Ғусл жунуб одам намоз олдидан бажариши шарт бўлган ва кўнгиллар рағбат қиладиган озодалик жумласидандир.
Аллоҳ таолонинг “Агар жунуб бўлсангиз, чўмилингиз”, деган сўзи зимнида инсон соғлиғи, айниқса юрак соғлиғи учун жуда кўп фойдалар бор. Маълумки, одам жинсий алоқа қилганда ундан сулоласи (уруғи) ва жавҳари (мағизи) ҳисобланган маний чиқади ва бунинг ортидан ҳолсизланиш, чарчоқ, толиқиш ва эринчоқлик пайдо бўлади. Шунингдек, мия фаолияти ва қон айланиши сусталашади. Ҳикматли ва барча нарсадан хабардор Зот Ўз марҳамати ила жинсий алоқадан сўнг ғусл қилишни жорий қилди. Негаки, ғусл бадан қувватини асл ҳолига қайтариб, қон айланишини яхшилайди, натижада бадан қайта тетиклашади. Қаранг, Аллоҳнинг шариатида қанча ҳикмат ва сирлар бор-а?! Аллоҳ таоло бизларни уларни англашга ва уларга иймон келтиришга муваффақ қилсин.
Йигирма саккизинчи ҳадис
عنْ أَبي هُرَيْرَةَ – رضي الله عنه – ((أَنَّ النَّبِيَّ – صلى الله عليه وسلم – لَقِيَهُ في بعْضِ طُرُقِ المدينَةِ وهو جُنُبٌ قالَ: فَانْخَنَسْتُ مِنْهُ فَذَهَبْتُ فَاغْتَسَلْتُ ثُمَّ جِئْتُ فقَالَ: أَيْنَ كُنْتَ ياأَبا هُرَيْرَةَ؟ قَالَ: كُنْتُ جُنُبَاً فَكَرِهْتُ أَنْ أُجالِسَكَ على غَيْرِ طَهارَةٍ فَقَالَ: سُبْحانَ اللهِ! إِنَّ المُؤْمِنَ لايَنْجُسُ)) .