Жанобатдан ғусл қилиш боби (3)

0

Ўттизинчи ҳадис

عَنْ مَيْمُونَةَ بِنْتِ الْحَارِثِ رضي الله عنها زَوْجِ النَّبِيِّ – صلى الله عليه وسلم – أَنَّهَا قَالَتْ: ((وَضَعْتُ لِرَسُولِ اللَّهِ – صلى الله عليه وسلم – وَضُوءَ الْجَنَابَةِ فَأَكْفَأَ بِيَمِينِهِ عَلَى يَسَارِهِ مَرَّتَيْنِ – أَوْ ثَلاثاً – ثُمَّ غَسَلَ فَرْجَهُ ثُمَّ ضَرَبَ يَدَهُ بِالأَرْضِ أَوْ الْحَائِطِ مَرَّتَيْنِ – أَوْ ثَلاثاً – ثُمَّ تَمَضْمَضَ وَاسْتَنْشَقَ وَغَسَلَ وَجْهَهُ وَذِرَاعَيْهِ ثُمَّ أَفَاضَ عَلَى رَأْسِهِ الْمَاءَ ثُمَّ غَسَلَ جَسَدَهُ ثُمَّ تَنَحَّى فَغَسَلَ رِجْلَيْهِ فَأَتَيْتُهُ بِخِرْقَةٍ فَلَمْ يُرِدْهَا فَجَعَلَ يَنْفُضُ الْمَاءَ بِيَدِهِ)) .

Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жуфтлари Маймуна бинти Ҳорис розияллоҳу анҳо айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жанобатдан ғусл қилишлари учун олдиларига бир идишда сув қўйдим. У зот идишни ўнг қўллари билан ушлаб, чап қўлларига икки ёки уч марта сув қуйдилар. Сўнг олатларини ювдилар ва қўлларини икки ёки уч марта ер ёки деворга урдилар (ишқаладилар). Сўнг оғиз ва бурунларини чайдилар. Сўнгра юзлари ва қўлларини тирсакларигача ювиб, бошларига сув қуйдилар. Кейин қолган жойларини ювиб бўлганларидан сўнг бир четга ўтиб оёқларини ювдилар. Мен у зотга (артинишлари учун) бир мато келтирган эдим, истамадилар. Қўллари билан баданларидаги сувни сидира бошладилар” [Бухорий: 274 ва Муслим: 317].

Шарҳ:

“Сўнг олатларини ювдилар ва қўлларини икки ёки уч марта ер ёки деворга урдилар”, яъни истинжодан кейин қўлда қолган нопоклик асоратини кетказиш учун қўлларини ер ёки деворга ишқаладилар.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

Ушбу ҳадис ҳам ўтган Ойша розияллоҳу анҳонинг ҳадиси каби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жанобатдан қай тарзда ғусл қилганларини баён қилиб беради. Бироқ мазкур Маймуна розияллоҳу анҳонинг ҳадисида собиқ ҳадисда зикр қилинмаган бир қанча фойдалар бор. Қуйида уларни қисқача айтиб ўтамиз:

1 – Аввалги ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ғусл аввалида қўлларини неча марта ювганлари зикр қилинмаган эди. Аммо бу ҳадисда қўлларини икки ё уч марта ювганлари айтилмоқда.

2 – Ушбу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам дастлаб қўлларини чайиб, кейин олатларини ювганлари, сўнгра қўлларини ерга икки ёки уч марта ишқалаганлари айтилган. Уламолар бу ҳадисга биноан, истинжодан сўнг қўлни ерга ишқалагандан кейин ёки бошқа тозаловчи восита билан ювгандан кейин қўлда бирон ҳид қолса, унинг зиёни йўқ дейишган.

3 – Ғусл асносида олатни қайта ювмаслик учун ғусл аввалида олатни ювар экан жанобатдан ғусл қилишни  бошлаётганини ният қилиши лозим бўлади.

4 – Собиқ ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозга таҳорат олгандек таҳорат олгани зикр қилинган эди. Бу оёқларини ҳам ювганликларини тақозо қилади. Маймунанинг ҳадисида эса бутун таналарини ювиб бўлганларидан кейин оёқларини ювганлари очиқ айтилган. Икки ҳадис ўртасини мувофиқлаштириш учун уларни қуйидагича изоҳлаган яхшироқ бўлса керак: Маймунанинг ҳадисида ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тўлиқ таҳорат олганлар, яъни ғусл аввалида оёқларини ювганлар, бироқ чўмиладиган ер тоза бўлмагани боис ювиниб бўлганларидан кейин бошқа тозароқ ерга ўтиб, яна бир бор оёқларини ювганлар.

5 – Ҳадисда Маймуна розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таналарини артиши учун мато олиб келгани, у зот матони олмай, балки қўллари билан таналаридаги сувни сидириб ташлаганлари зикр қилинган.

6 – Ғуслда баданни ишқалаш фарз бўлмай, балки  таҳоратдаги каби суннатдир.

7 – Ғусл бошида таҳорат олгандан кейин ғусл асносида таҳорат аъзолари қайта ювилмайди. Имом Нававий роҳимаҳуллоҳ ғусл бошидаги таҳоратда ювилган аъзоларни ғуслда қайта ювмаса ҳам бўлаверади, деган фикр тўғрироқ эканини айтган.

8 – Ғуслда бадан бир бор ювилади. Баъзи уламолар таҳоратга таққослаб, ғуслда ҳам бадан уч марта ювилгани афзал дейишган. Лекин далил турганда қиёсга ҳожат йўқ. Бу шайхулислом Ибн Таймия ва шайхимиз Абдураҳмон Саъдий ёқлаган фикр, шунингдек, имом Аҳмад мазҳабидаги икки фикрнинг бири.

Изоҳ қолдиринг