Ароқ сотадиган дўконга ўт қўйиш жоизми?

0

Савол:

Ароқ сотадиган инсонлар насиҳатни қабул қилишмаса, уларга билдирмаган ҳолда дўконларига ўт қўйиб юбориш жоизми?

Жавоб:

Бисмиллаҳ, Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога салавоту саломлар бўлсин!

Ароқ сотиш шариатимизда лаънатланган ишлардан биридир. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ ва Расули ароқ, ўлимтик, чўчқа ва бутларни сотишни ҳаром қилди” – деганлар (Бухорий (1212) ва Муслим (1581) ривояти). Таассуфки, халқимиз узоқ йиллар ароқ асосий озуқаси ҳисобланган миллат вакилларининг қўл остида қолгани сабабли мана шундай аҳволга тушиб қолдик.

Жамиятда содир бўлаётган ношаръий ишларга кўз юмиб, индамай кетиш мусулмон кишининг иши эмас. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар биронтангиз бирон мункар (ножўя иш)ни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин (ислоҳ қилсин). Агар уни қўли билан ўзгартиришга қодир бўлмаса, тили билан ўзгартирсин. Агар унга ҳам қодир бўлмаса, қалбида унга қарши турсин ва бу иймоннинг энг заиф кўринишидир”  [Муслим: 49], деганлар. Ҳадисга биноан, бўлаётган ножўя ишга индамай кетиш иймоннинг сустлигига далолат қилади. Имкон қадар амру маъруф ва наҳий мункар қилиш ҳар бир мусулмон зиммасидаги фарздир. Бироқ насиҳатни қабул қилмаганларга қарши куч ишлатиш учун шариат томонидан ваколат бўлиши лозим. Масалан, ҳоким, қози ва ҳоказо мансабдор шахслар ўз қўл остидагиларга куч ишлатиш учун шаръий ваколатга эгалар. Бугунги кунимизда шариатга мувофиқ иш тутадиган бу каби лавозимлар йўқ бўлган ҳолатларда инсон фақатгина ўз қўл остидагиларига куч ишлатиши мумкин, масалан, ота ўз фарзандига масъул, фарзанд насиҳатни қабул қилмаганида унга нисбатан куч ишлатиши жоиз. Бироқ кўча-кўйдагилар насиҳатни қабул қилишмаса, фасоднинг олдини олиш мақсадида уларга нисбатан шариатда белгиланган жазоларни қўллаш мумкин эмас. Бу иш жамиятда бебошлик авж олишига сабаб бўлиши билан бир қаторда йўқотиш кўзланган фасоддан кўра каттароқ зарарларга сабаб бўлади. Шунингдек, ароқ сотиш ҳаром ва лаънатланган бўлса-да, бироқ шаръий ваколатга эга бўлмаган шахслар томонидан бундай дўконларга ўт қўйиш шариатга зиддир. Агар имкони бўлса, қонуний йўллар билан бундай дўконни ёптириб юбориш керак. Имкон бўлмаган тақдирда тил билан насиҳат қилиш лозим. Агар насиҳат қилишга ҳам ожиз бўлсак, унда фақат қалбимиз билан шу ишга норози бўлишимиз ва имкон топилган ўринларда норози эканимизни билдиришимиз даркор, валлоҳу аълам.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг