Мўътазилийларнинг беш асоси (1)

0

Мўътазилийларнинг асосий эътиқодлари

Мўътазилий тоифасининг асосий эътиқодларини тўлиқ ўрганиб, унинг нотўғри эканини исботлаш учун бир неча жилдлик китоблар ёзишга тўғри келади. Биз бу мақоламизда уларнинг эътиқод бобида хато қилган асосий масалаларини қисқача санаб ўтамиз. Уларнинг эътиқод борасидаги асосий хатолари қуйидагилар:Аллоҳ таоло барча жойда дейишади;

1) Аллоҳ таоло арш узра олий бўлишини аршни эгаллаш деб таъвил қилишади;
2) Аллоҳ таоло дунёда ҳам, охиратда ҳам кўринмайди;
3) Аллоҳ таоло гапирмайди (бу баъзиларининг эътиқоди);
4) Аллоҳ таолонинг сифатларини инкор этишади;

Мўътазилийларнинг асосий эътиқодларидан яна бири шуки, ҳақиқий мўътазилий улар беш асос деб атайдиган асосларнинг ҳар бирига иймон келтириши шарт, бу асосларни тан олмаган инсон ҳақиқий мўътазилий саналмайди. Қуйида шу беш асосни қисқача раддиялари билан бирга келтириб ўтамиз.

Мўътазилийларнинг беш асоси

Биринчи асос: тавҳид

Улар бу асос остида Аллоҳ таолонинг сифатлари ҳамда Аллоҳ таолога вожиб бўладиган ва вожиб бўлмайдиган ишлар борасида баҳс юритишади. Юқорида айтиб ўтганимиздек, мўътазилийлар Аллоҳ таолонинг исм ва сифатларини инкор қилишади ва бу ишларини “Аллоҳ таолонинг сифатларини исбот қилиш бир қанча қадимий нарсалар бор эканини исбот қилишга олиб боради, бу эса ширкдир”, деган даъво билан оқлашади. Уларнинг фикрича, Аллоҳ таолонинг сифатларини исбот қилиш ҳар бир сифатни илоҳ дейиш билан баробар. Бундан қутулиш учун сифатларни инкор қилиш ва уларни Аллоҳ таолонинг зотига қайтариб, Ўз зотида олим, Ўз зотида қодир, дейиш лозим. Шундагина тавҳид рўёбга чиқарилган бўлади.

Раддия

Аллоҳ таолонинг сифатлари ҳақида сўз юритиш Унинг зоти ҳақида сўз юритиш демакдир. Аллоҳ таолонинг зоти махлуқотларнинг зотига ўхшамаслиги ҳаммамизга маълум. Аллоҳ таолонинг зоти қандай  экани ҳеч кимга маълум эмас. Демак, Аллоҳ таолонинг сифатлари ҳам қандайлиги фақат У зотнинг Ўзигагина аён. Салафи солиҳларимизнинг эътиқодлари худди шундай бўлган. улар Аллоҳ таолонинг бирон бир сифатини инкор қилишмаган, махлуқотларнинг сифатига ҳам ўхшатишмаган. Мусулмон кишининг бу борадаги эътиқоди мана шундай бўлиши, яъни Аллоҳ ва Расули бор деган сифатларни бор деб, Аллоҳ ва Расули йўқ деган сифатларни йўқ деб эътиқод қилиши, билмаган соҳасида илмга сосланмаган ҳолда баҳс-мунозара қилмаслиги лозим. Шуни унутмаслик керакки, салафи солиҳларимизнинг бу борадаги йўллари Аллоҳ таолонинг исм ва сифатларини махлуқотларникига ўхшатишдан ҳам, уларни инкор қилишдан ҳам йироқ. Бу йўл Аллоҳ таоло: “Аллоҳга ўхшаш ҳеч нарса йўқ ва У эшитувчи ва кўрувчидир” – деган сўзига биноан У зотни махлуқотларга ўхшатмаслик билан бирга барча сифатларини исбот қилишга асосланган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шу оятни (яъни “Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчи зот” оятини (Нисо:58)) ўқиганларида икки бармоқларини қўйганларини кўрдим” – дейди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан бу ҳадисни ривоят қилган Абу Юнус айтади: “Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу бош бармоғини қулоғига, кўрсаткич бармоғини кўзига қўйди” (Абу Довуд (2\534) ривояти). Бу Аллоҳ таолонинг шу сифатлари бор эканини таъкидлаш демакдир. Байҳақий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ таолода кўриш ва эшитиш сифати бор эканини таъкидлаш ниятида инсондаги шу икки сифатнинг ўрнини кўрсатганлар”[1].

Хулоса шуки, Аллоҳ таолонинг сифатлари азалий, яъни кейинчалик пайдо бўлган эмас ва бу сифатлардан Аллоҳ таолонинг зоти деганда тушунилган маънодан бошқа қўшимча маъно тушунилади. Лекин бу Аллоҳ таолонинг зоти ва сифати алоҳида бошқа-бошқа нарса, дегани эмас. Чунки Аллоҳ таолонинг зоти ягона бўлиб, У жузлардан ташкил топмаган.

Давоми бор

[1] “Фатҳул Борий” (13\373).

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг