Даллоллик ёхуд маклерлик жоизми?

0

Савол:

Уй олиш ёки сотишда ёхуд ижарага олиш ёки беришда даллоллик қилаётган маклернинг ҳукми қандай?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ:

“Даллоллик – сотувчи билан харидор ўртасига тушиш дегани. Даллол – сотувчи билан харидор ўртасига тушиб, ўртадаги олди-сотди амалга ошиши учун ўртакашлик қилади. Бу иш билан шуғулланган шахс даллол деб номланишининг сабаби шуки, у харидорга товарни, сотувчига эса пулни кўрсатиб беради” (“Мавсуатул фиқҳийя”, 10\151).

Даллолга инсонларнинг кўп иши тушади. Аксар инсонлар олди-сотдида савдолашишни билмайдилар, баъзиларда сотиб олмоқчи бўлган нарсасини текшириш ва унинг айбларини топиш қобилияти бўлмайди, бошқаларнинг эса ўзлари олди-сотди қилишга вақти бўлмайди. Шунинг учун ҳам даллоллик сотувчи учун ҳам, харидор учун ҳам манфаатли иш саналади.

Даллол сотувчи билан харидорнинг ўртасига тушаётган соҳасида малакали бўлиши шарт. Сабаби аслида ундай бўлмаса-да, ўзини малакали ва илмли деб айтгани учун сотувчи ёки харидор зарар кўриб қолмаслиги керак. Шунингдек, даллол омонатли ва ростгўй бўлиши, бирининг зарарига бошқасига ён босмаслиги, балки товарнинг мақтовга лойиқ сифатлари билан бирга айбларини ҳам омонат ва ростгўйлик билан айтиши шарт.

Имомлар даллоллик ва бу иш эвазига ҳақ олиш жоиз эканини очиқ айтганлар. Имом Молик роҳимаҳуллоҳдан даллол оладиган иш ҳақи тўғрисида сўралганида: “Бунинг зарари йўқ” – деб жавоб берган. Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ ўзининг “Саҳиҳ”ида шундай деган: “Даллоллик иш ҳақи боби: Ибн Сийрин, Ато, Иброҳим ва Ҳасан (Аллоҳ уларнинг барчаларини Ўз раҳматига олсин) даллолнинг иш ҳақи олишининг зарари йўқ дейишган. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: “Мана бу кийимни сот. Шунчадан ортиғи сенга” – дейиши мумкин” – деган”. Ибн Сийрин роҳимаҳуллоҳ: “Буни шунчага сот. Шу нархдан ортиғи сенга ёки икаламиз бўлишамиз” – деса зиёни йўқ” – деган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мусулмонлар шартларига риоя қилишлари керак” – деганлар” (Иқтибос тугади).

Ибн Қудома роҳимаҳуллоҳ “Муғний”да (8\42) шундай дейди:

“Инсон ўзига кийим сотиб олиши учун даллол ёллаши жоиз. Бунга Ибн Сийрин, Ато ҳамда Нахаийлар рухсат беришган…

Бу ёллаш маълум муддатгача бўлиши ҳам дуруст. Масалан, ўн кун ёлланган даллол у учун (маълум бир нарсалар) сотиб олади. Чунки муддати ва қиладиган иши маълум…

Агар вақтини эмас, ишини тайин қилиб айтса ва унга ҳар минг дирҳамдан маълум бир миқдорни иш ҳақи қилиб белгиласа, бу ҳам жоиз…

Агар муайян бир кийимларни сотиш учун даллол ёлласа дусурт бўлади. Шофеий роҳимаҳуллоҳ ҳам шу фикрни айтган. Негаки, бу амал мубоҳ бўлиб, ўрнига бировни қўйиши дуруст, қилинадиган иш ҳам аниқ. Шундай экан, кийим сотиб олишда даллол ёллаш жоиз бўлгани каби бу иш учун ҳам ёллаш жоиз” (Иқтибос бироз қисқартириш билан олинди).

Саудия илмий изланишлар ва фатво бериш доимий қўмитасидан баъзи ширкатларнинг ишлаб чиқарган товарларини сотишда ўртакашлик қилиш иши билан шуғулланадиган фирмалар ҳақида савол сўралган. Ширкатлар бу фирмага товаридан намуна юборади. Фирма эса бу товарни бозордаги тижоратчиларга таклиф қилади, ширкат белгилаган нархда сотади ва бу ишининг эвазига ширкат билан шартномада келишилган миқдордаги фойдани олади. Бу иши учун гуноҳкор бўладими?

Қўмитанинг жавоби қуйидагича бўлган:

“Агар ҳақиқатдан ҳам савдо саволда айтилган шаклда бўлса, сиз бу ишингиз учун фойда олишингиз жоиз, гуноҳ бўлмайди” (Доимий қўмита фатволари, 13\125).

Шайх Ибн Боз роҳимаҳуллоҳдан ижарачи уй ёки дўкон топиб берган кишига тўлайдиган иш ҳақи эвазига шу талабни бажариш тўғрисида сўралганида шайх қуйидагича жавоб берган:

“Бунинг зарари йўқ. Бу “ужрат” ёки “саъй” деб номланади. Сиз бу шахснинг истагига муносиб уй ёки жой топишга ҳаракат қилишингиз керак. Агар унга ёрдамингиз тегиб, муносиб жой топиб берсангиз ва уй ёки жой эгаси билан маълум бир нархга шартнома тузишда унга кўмаклашсангиз, бу ишнинг зарари йўқ, иншааллоҳ. Бироқ хиёнат ва алдаш аралашмаслиги, балки омонат ва ростгўйлик асосида бўлиши шарт. Агар рост гапириб, алдамаган, ижарачига ҳам уй ёки дўкон эгасига ҳам зулм қилмаган ҳолда талабни бажо келтириб, омонатни адо этсангиз, сиз хайрли иш қилган бўласиз, иншааллоҳ” (“Шайх Ибн Боз фатволари”, 19\358), валлоҳу аълам.

Манба: IslamQA саҳифаси, IxlosOrg таржимаси

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг