Али розияллоҳу анҳу Қуръондан ҳукмлар чиқаришда қўллаган қоида ва асослар (2)

0
  • Носих ва мансухни билиш

Насх бир шаръий ҳукмнинг ўзидан кейин келган бошқа бир ҳукм билан бекор қилинишидир. Заркаший айтади: “Имомлар сўзларига кўра, ҳеч бир киши носих ва мансухни билмасдан туриб Аллоҳнинг китобини тафсир қилиши жоиз бўлмайди”[1]. Али розияллоҳу анҳу ҳам бир қиссачига дашном бериб, айни шу маънони таъкидлаганди. Ундан: “Носих ва мансухни биласанми?” деб сўраганида: “Йўқ”, деб жавоб берган эди, “Унда ўзинг ҳам ҳалок бўлибсан, бошқаларни ҳам ҳалок қилибсан”, деди[2].

  • Араб тилидаги маъносига эътибор қаратиш

Амирулмўъминин Али розияллоҳу анҳу Қуръони Каримнинг бирон ояти ёки калимасини тушунишда ўша сўзнинг араб тилида қандай маънода қўлланишига эътибор қаратар эди. Масалан, у “Талоқ қилинган аёллар уч қуръ (ҳайз ёки поклик) муддатида ўзларини кузатадилар” [Бақара: 228] оятидаги “қуръ”дан мурод ҳайз деб тушунган ва то учинчи ҳайздан покланмагунича идда тугамайди, деган[3]. Шунинг учун Али розияллоҳу анҳу талоқ қилинган аёл ҳақида сўзлаб: “То учинчи ҳайзидан покланиб, ғусл қилмагунича эри уни қайтариб олиши ҳалол бўлади”, деди[4]. Аслида “қуръ” араб тилида ҳайз маъносини ҳам, поклик маъносини ҳам ифодалайди.

Яна бир мисол: Али розияллоҳу анҳу Аллоҳ таолонинг “Хотинларингизга яқинлашган бўлсангиз ва сув топа олмасангиз, покиза тупроқ билан таяммум қилинглар” [Нисо: 43] оятидаги “яқинлашиш”дан мурод жимоъ (қовушиш) эканини айтган. Аллоҳ таолонинг: “Агар уларни маҳр белгилаб қўйган ҳолингизда қўл тегизишдан илгари талоқ қилсангизлар, белгиланган маҳрнинг ярми (зиммангиздадир)” [Бақара: 237] оятидаги “қўл тегизиш”дан мурод хилват – яъни улар билан ёлғиз қолиш эканини айтиб, никоҳланган аёли билан хилватда ёлғиз қолган кишига тўла маҳр вожиб бўлишини айтган[5]. “Қачонки аёли устига пардани туширса ва эшикни ёпса, маҳр ва идда вожиб бўлади”, деди[6].

  • Бир насни (оят ё ҳадисни) бошқа нас ёрдамида тушуниш

Бунга мисол шуки, амирулмўъминин Али розияллоҳу анҳу “Аллоҳ ҳаргиз кофирлар учун мўминлар устидан (ғолиб бўлишларига) йўл бермагай [Нисо: 141] оятидан бунинг қиёмат кунида бўлишини тушунган, бунда эса ушбу оят юқорисидаги “Энди қиёмат кунида Аллоҳ ўрталарингда ҳакамлик қилур [Нисо: 141] оятига суянган. Бир киши келиб: “Аллоҳ ҳаргиз кофирлар учун мўминлар устидан (ғолиб бўлишларига) йўл бермагайоятини қандай тушунамиз? Кофирлар биз билан урушишяпти, баъзан ғолиб ҳам келишяпти, ўлдиришяпти ҳам?!” деганида Али розияллоҳу анҳу: “Бери кел!”, деди ва: “Қиёмат Кунида Аллоҳ ўрталарингда ҳакамлик қилур. Ва Аллоҳ ҳаргиз кофирлар учун мўминлар устидан (ғолиб бўлишларига) йўл бермагай оятини ўқиди[7].

Яна бир мисол, у Қуръонда келган [Ват-тур: 5] “Баланд кўтарилган том”дан мурод осмон деб тушунган. Ибн Жарир Табарий ривоят қилади: Али розияллоҳу анҳу: “Баланд кўтарилган том – осмондир” деди, сўнг: “Биз осмонни қулаб тушмайдиган том қилиб қўйдик” [Анбиё: 32] оятини ўқиди.

Яна у Аллоҳ таолонинг “Барча намозларни ва хусусан ўрта намозни муҳофаза қилинглар!” [Бақара: 238] оятидаги “ўрта намоз”дан мурод аср намози эканини айтган ва бунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Аҳзоб жанги куни айтган: “Бизни ўрта намоздан – аср намозидан машғул қилиб қўйишди, Аллоҳ уларнинг уйларини ва гўрларини ўтга тўлдирсин!” деган ҳадисларига суянган[8].

Унинг Қуръондаги: “Агар сизлар ман этилган гуноҳларнинг катталаридан сақлансангизлар, қилган кичик гуноҳларингизни ўчиргаймиз ва сизларни улуғ манзил — жаннатга киритгаймиз” [Нисо: 31] оятини қандай тушунгани ҳақида келган қуйидаги ривоят ҳам шу бобдан. Саҳл ибн Абу Ҳасма шундай ривоят қилади: Мен мана шу масжидда – Кўфа масжидида – эдим. Али розияллоҳу анҳу минбар устида одамларга хутба қилиб: “Эй одамлар! Катта гуноҳлар еттитадир”, деди. Одамлар қулоқ солиб жим ўтиришарди. У шу гапларини уч марта такрорлади, сўнг: “Нега улар ҳақида сўрамаяпсизлар?!”, деди. Шунда одамлар: “Эй амирулмўъминин, улар қайсилар?”, деб сўрашди. “Аллоҳга ширк келтириш, Аллоҳ ҳаром қилган жонни ноҳақ ўлдириш, покиза аёлни бадном қилиш, етимнинг молини ейиш, судхўрлик, жанг пайтида ортга қочиш, ҳижратдан сўнг яна аъробийликка қайтиб (муртад бўлиб) кетиш”, деди[9]. Бу тушунчани у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадисларидан олган эди: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Еттита ҳалок қилувчи гуноҳлардан сақланинглар!”, дедилар. “Ё Расулуллоҳ, улар қайсилар?”, деб сўрадилар. “Аллоҳга ширк келтириш, сеҳргарлик, ноҳақ одам ўлдириш, судхўрлик, етимнинг молини ейиш, жанг пайтида ортга қочиш, покиза ва фаҳшдан йироқ мўмина аёлларни бадном қилиш”, дедилар[10]. Бу эса Али розияллоҳу анҳунинг оятни ҳадис билан тафсир қилишдаги тутган йўлига бир мисолдир.

  • Ўзи яхши тушунолмаганлари ҳақида сўраб билиш

Али розияллоҳу анҳунинг Қуръони Каримни англаш ва тушунишда тутган йўлларидан яна бири ўзи яхши англай олмаган оятлар ҳақида сўраб билиши эди. Жумладан, у “Бу Аллоҳ ва Унинг пайғамбари томонидан одамларга катта ҳаж кунида Аллоҳ ва унинг пайғамбари мушриклардан безор эканлигини билдиришдир” [Тавба: 3] оятидаги “катта ҳаж куни” ҳақида сўраб билган эди. Али розияллоҳу анҳу айтади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан катта ҳаж куни ҳақида сўраган эдим, “Қурбон ҳайити куни”, деб жавоб бердилар”[11].

  • Оятлар нима муносабат билан тушганини билиш

Оятларнинг нима муносабат билан ва қандай сабабларга кўра нозил бўлганини билиш ўша оятлар маъносини тўғри англашга ва улардан ҳукм чиқариб олишга ёрдам беради. Али розияллоҳу анҳу оятларнинг нозил бўлиши сабаблари ҳақида чуқур илмга эга бўлиб, бу хусусда шундай деган эди: “Мендан Аллоҳнинг Китоби ҳақида сўранглар, сўранглар, сўранглар! Аллоҳга қасамки, ҳар бир оятни мен кечасими ё кундузи нозил бўлганини биламан[12]. Бир ривоятда: “Аллоҳга қасамки, нозил бўлган ҳар бир оятнинг нима ҳақида ва қаерда нозил бўлганини биламан[13].

  • Фаросатнинг ўткирлиги ва идрокнинг кенглиги

Али розияллоҳу анҳу фаҳму фаросатининг ўткирлиги билан ҳам ажралиб турарди. Бунга мисоллар жуда кўп бўлиб, Ибн Жарир ривоят қилган қуйидаги воқеа ҳам шунга мисол бўлади. Али розияллоҳу анҳу бомдод намозини ўқиб турган пайтида хаворижлардан бири баланд овозда Қуръондан бир оятни ўқиб: “Дарҳақиқат сизга ҳам, сиздан аввалгиларга ҳам: “Қасамки, агар мушрик бўлсанг, албатта қилган амалинг беҳуда кетур ва албатта зиён кўрувчилардан бўлиб колурсан!” деб ваҳий қилингандир” [Зумар: 65], деб қичқирди. Али розияллоҳу анҳу намозда турган ҳолида унга қуйидаги оятлар билан жавоб қилди: “Бас (эй Пайғамбар), сабр қилинг! Шак-шубҳасиз, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. Ишонмайдиган кимсалар сизни ҳаргиз бетоқат қилмасинлар” [Рум: 60][14].

Булар амирулмўъминин Али розияллоҳу анҳунинг Қуръони Каримдан ҳукмлар олишда ва оятлар маъноларини тушунишда тутган йўл ва услубларидан баъзи намуналар эди.

[1] “Ал-бурҳон фий улумил қуръон” (2/29).
[2] Абу Хайсама, “Китобул илм” (31-бет).
[3] “Тафсири Ибн Касир” (1/271).
[4] Суютий, “Ад-дуррул мансур” (1/234).
[5] “Фиқҳул имом Али” (1/48). Жассос, “Ал-фусул фил усул” (1/203).
[6] “Мусаннаф Ибн Абу Шайба” (4/334). “Фиқҳул имом Али” (2/531).
[7] “Тафсири Ибн Жарир” (9/327).
[8] Муслим (1/437).
[9] “Тафсири Табарий” (5/25).
[10] Бухорий, “Китобул васоё” (2766).
[11] “Сунанут Термизий (970), Албоний саҳиҳ санаган (1/282).
[12] “Ал-исоба” (2/50).
[13] “Ат-табақот” (2/338).
[14] “Тафсири Табарий” (21/59).

Изоҳ қолдиринг