Желатин ҳалолми?

0

Желатин ҳалолми?

Биринчидан:

Ҳайвонлардан олинадиган желатин юмшоқ, шилимшиқ ва сувда эримайдиган модда бўлиб, узоқ вақт сувда қайнатиш орқали ҳайвон суяклари ва тўқималаридан олинади [“Мўъжамул васит” (1/150)].

Жаҳон араб энциклопедиясида шундай дейилади: “Желатин –  протенли модда бўлиб, ҳайвонларнинг тери ва суякларидан олинади”.

Желатин хомашёси туя, қорамол, қўй, эчки ва тўнғиз териси ҳамда суякларидан олинади.

Желатин моддаси нон маҳсулотлари, болалар овқатлари, шунингдек, айрон, пишлоқ, музқаймоқ, петца, шарбатлар, кукун шаклидаги айрим ярим тайёр озиқ-овқатлар, сақич ва турли ширинликлар ишлаб чиқишда ишлатилади. Қолаверса, сақловчи восита сифатида (капсулалар) дори саноатида, шунингдек, тиш пасталари, кремлар ва суппозиторлар ишлаб чиқаришда ҳам желатин моддасидан фойдаланилади.

Иккинчидан:

Гўшти ҳалол бўлган ва шариатга мос равишда сўйилган ҳайвонларнинг териси, пайлари ва суякларидан, шунингдек, инсон соғлиғи учун безарар ва заҳарли бўлмаган ўсимликлардан желатин олишнинг зарари йўқ. Бу тур желатин ҳалол саналиб, уни озиқ-овқат ёки дори саноатида ишлатиш жоиз. [Қаранг: “Ислом фиқҳи энциклопедияси”, Тувайжирий, (4/329)].

Тўнғиз ёки шариатга мос сўйилмаган ҳалол ҳайвонларнинг гўшти, суяги ёки терисидан желатин олиш жоиз эмас.

Ислом фиқҳи академиясининг қарорида шундай дейилади: “Ҳалол моддалардан ҳамда шариатга мос сўйилган ҳалол ҳайвонлардан олинган желатинни ишлатиш жоиз. Тўнғиз ва бошқа ҳаром ҳайвонларнинг териси ёки суягидан, шунингдек, бошқа ҳаром моддалардан желатин олиш жоиз эмас” [“Ислом робитаси қошидаги Ислом фиқҳи академияси қарорлари” (85-бет)].

Учинчидан:

Мазкур ҳаром моддалардан желатин олиш ҳаром дейилсада, бироқ бундай желатин озиқ-овқат ва дори-дармон саноатида ишлатила бошлагач, энди уни истеъмол қилиш ҳукми қайта ишланган желатин бир моддадан бошқа моддага айланганми ёки йўқлигини билишга боғлиқ.

Агар желатин қайта ишлаш ва кимёвий муолажа натижасида бир моддадан бошқа моддага айланган ва бу янги модда таркиб ва хусусиятлари жиҳатидан желатин олинган ва аслида нажосат бўлган моддадан фарқ қилса, у ҳолда бундай желатинни истеъмол қилиш жоиз.

Бироқ юқоридаги ҳолатда желатин тўлиқ бошқа моддага айланмаган, балки нажас модданинг айрим сифат ва хусусиятларини ўзида сақлаб қолган бўлса, у ҳолда ҳаргиз уни истеъмол қилиш жоиз бўлмайди. Негаки, у тўнғиз ёки нажас модданинг бир бўлаги саналади.

Соҳа мутахассисларига мурожаат қилиш орқали маълум бўлдики, улар бу борада турлича фикр билдирмоқдалар. Айрим мутахассисларнинг фикрича, желатиндаги бир моддадан иккинчи моддага айланиш жараёни тўлиқ бўлса, бошқа мутахассисларнинг фикрича, бу жараён тўлиқ эмас.

Айрим тадқиқотчиларнинг айтишича, қорамол ёки тўнғиз суяги ва терисидан олинган желатин она моддадан батамом бошқа моддага айланади. Ҳаттоки унинг кимёвий хусусиятлари ҳам желатин олинган она модданинг хусусиятларидан фарқ қилади. Агар бу рост бўлса, уламолар “истиҳола”, яъни бир модданинг бошқа бир моддага айланиши тўғрисида айтган сўзлари желатинга ҳам мос келади.

 “Тиббиёт фанлари бўйича ислом ташкилоти” мазкур фикрни ёқлаган. Ташкилот қарорида шундай дейилади: “Бир модданинг сифат ва хусусиятлар жиҳатидан ундан фарқли бўлган бошқа бир моддага айланишини ифода этувчи “истиҳола” жараёни асли нажас ёки нопок моддаларни пок моддаларга, шунингдек, ҳаром моддаларни шаръан ҳалол моддаларга айлантиради. Шунга биноан, нажас ҳайвон суяги, териси ёки пайларининг бир моддадан бошқа моддага айланиши натижасида пайдо бўлган желатин пок ва уни истеъмол қилиш ҳалолдир”.

Айни пайтда мазкур фикрга қарши чиқувчилар ҳам бор. Уларнинг айтишича, тўнғиз териси ва суягидан желатин ажратиб олиш мақсадида ўтказилган кимёвий муолажа ва реакциялар натижасида тўлиқ эмас, балки жузъий истиҳола юз беради. Бинобарин, желатин ўзида нажас модданинг хусусиятларини сқлаб қолади.

Доктор Вафиқ Шарқовий (желатин маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи ширкат директори, Миср) шундай дейди: “Дарҳақиқат, тўнғиз териси ёки суяклари тўлиқ истиҳола, яъни бир моддадан бошқа моддага айланиш жараёнини бошдан кечирмай, балки жузъий истиҳола жараёнидан ўтади. Бундай желатинни спектраскопик таҳлил қилиш орқали унинг аслида тўнғиз териси ёки суягидан олинган экани билиш мумкин. Сабаби, бу желатинда унинг асл келиб чиқишини билдириб турувчи айрим хусусиятлар бор. Шу боис, желатинга айланган тўнғизга оид моддалар батамом бошқа моддага айланган дейиш мумкин эмас” [“Замонавий фиқҳий тадқиқотлар журнали” (28/31)].

Агар желатин нажас моддадан олинган бўлса, уни озиқ-овқат, дори-дармон ёки бошқа мақсадларда ишлатиб бўлмайди, деб айтиш тўғрироқ бўлади. Бундай сабаб:

Биринчидан, бир қанча мутахассисларнинг айтишича, бу ўриндаги истиҳола тўлиқ истиҳола эмас. Тўнғиз териси ёки суягидан олинган желатин истиҳола йўли билан эмас, балки тўнғиз териси ва суягини қайта ишлаш орқали олинган. Бинобарин, тўнғиз териси ва суяги ҳаромлиги ва нажосатлигича қолаверади, шунингдек, ундан ишлаб чиқарилган ҳар қандай нарса ҳам шу ҳукмни олади, яъни нажаслигича қолаверади.

Иккинчидан, бундай желатинда тўлиқ истиҳола юз бердими ёки йўқми деган шак асл ҳукмни олишга ундайди, то унда тўлиқ истиҳола содир бўлганини исботлайдиган бирон далил топилмагунча бу модда нажас саналади.

Учинчидан, кўпчилик уламоларнинг фикрича, асли нажас модданинг истиҳола сабаб ҳукми ўзгармайди. Уларнинг фикрича, бу турли желатинларни ишлатиш ҳаром. Чунки у олинган она модда нажас бўлиб, модда ҳар қанча ўзгармасин ҳукм ўзгармайди.

Мазкур фикр рожиҳ фикр бўлмасада, бироқ тўлиқ истиҳола юз берганини қатъий айтиш имконсиз бўлган кўпгина ишларни ҳалол дейишдан тейилишга чорлайди.

Тўртинчидан, бу турдаги желатинни ҳаром дейиш талай замондош уламолар тасдиқлаган фикрдир.

Қароргоҳи Жидда шаҳрида жойлашган Ислом фиқҳи академияси қарорида шундай дейилади: “Мусулмон киши тўнғиздан олинган хамиртуруш ва желатинни озиқ-овқатларда ишлатиши ҳалол эмас.

Ўсимликлардан ҳамда шариатга мос равишда сўйилган ҳайвонлардан олинган хамиртуруш ва желатин тўнғиздан олинганидан беҳожат қилади” [“Ислом фиқҳи академияси қарорлари” (90-бет)].

Қолаверса, “Желатин ҳаромми?”, деган саволга Домий фатво қўмитаси уламолари шундай жавоб беришган: “Агар желатин тўнғиз ёки унинг териси, суяги ва шу каби аъзолари сингари ҳаром нарсадан тайёрланган бўлса ҳаром бўлади. Аллоҳ таоло айтади: “Сизларга ўлимтик, қон ва тўнғиз гўшти ҳаром қилинди”. Уламолар ижмосига кўра, тўнғиз ёғи ҳам ҳаромга киради. Агар желатин таркиби ва моддасида бирон ҳаром нарса бўлмаса, у ҳолда зиёни йўқ” [“Доимий қўмитаси фатволари” (22/260)].

Хулоса:

Таркибида тўнғиз териси ва бошқа нажас моддалардан олинган желатин мавжуд бўлган озиқ-овқатлар, ичимликлар ва дориларни истеъмол қилиш жоиз эмас. Зеро, Аллоҳ ҳалол қилган чорва молларидан олинган желатин кифоя қилади. Шариатга мос равишда сўйилган мазкур ҳайвонлардан желатин ишлаб чиқиш мумкин бўлиб, бундай желатин озиқ-овқат ва дори саноатида айни вазифани бажаришга қодир.

Қўшимча маълумотлар учун мурожаат қилинг:
  1. “Ичимликларга оид замонавий масалалар”, Зайнул-Обидийн Ал-Идрисий, 287-бет.
  2. “Нажасдан олинган модда ва унинг ҳукми”, Насрий Рошид тайёрлаган, 113-бет.
  3. “Ислом шариатида дорига оид аҳкомлар”, Ҳасан Ал-Факкий, 331-бет.
  4. “Замонавий фиқҳий тадқиқотлар журнали”, 31-сон, 6-38-бетлар.
  5. “Таомларга оид замонавий масалалар”, Бадрийя Ал-Ҳорисий, 1/459. Валлоҳу аълам.
(IslamQA саҳифасидан олинди).

Изоҳ қолдиринг