Имрон деган исмнинг маъноси нима, Қуръонда нима маънода келган?

0

Савол:

Имрон деган исмнинг маъноси нима, Қуръонда нима маънода келган?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;

Имрон деган исм арабча сўз бўлмай, балки Иброҳим, Исҳоқ, Закариё, Мусо ва Ийсо каби ажам исмлардандир. Бу исмнинг маъноси тўғрисида аниқ бирон нарса дейиш мушкул. Аслида атоқли исмлар қандай айтилса, шундайлигича ишлатилаверади, унинг маъносини билиш ёки билмаслик ортидан бирон амалий натижа келиб чиқмайди. Бироқ нима бўлганда ҳам Имрон исми чиройли исмлардан бўлиб, саҳобалар ва салафи солиҳлар бу исм билан номланганлар. Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳу ана шундай саҳобалардан биридир.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда айтади: “Албатта Аллоҳ Одам ва Нуҳни ҳамда Иброҳим ва Имрон оиласини бутун оламлар устида (пайғамбарлик учун) танлаб олди” [Оли Имрон: 33]. Тоҳир ибн Ошур роҳимаҳуллоҳ оят тафсирида шундай дейди: “Имрон оиласидан мақсад Марям ва Ийсо алайҳимассаломдир. Муфассирларнинг айтишича, Марямнинг насаби Марям бинти Имрон ибн Мотон. Имрон яҳуд олимлари ва солиҳ кишиларидан бири бўлган. Имрон сўзи аслида иброний тилида “Имром” дейилади. У Марям алайҳассаломнинг отаси. Насороларнинг китобларида айтилишича, Имроннинг исми “Юҳоқийм” бўлган. Эҳтимол унинг иккита исми бўлгандир, зотан бунақаси кўп учрайди. Оятдаги Имрондан мақсад Мусо ва Ҳорун алайҳимассаломнинг оталари Имрон эмас. Зеро, бу ерда Марям ва Ийсони зикр қилиш учун замин ҳозирлаш ва танбеҳ сифатида Имрон тилга олинмоқда. Кейинроқ Аллоҳ таолонинг “Эсланг, эй Муҳаммад, Имроннинг аёли айтди”, деган сўзи ҳам шуни кўрсатади” [Ат-таҳрир ват-танвир”, (3/84)], валлоҳу аълам.

Изоҳ қолдиринг