Умар розияллоҳу анҳу жиҳод майдонларида (3)

0

Хандақ ғазотида:

Хандақ ғазотида ҳам Умар розияллоҳу анҳунинг ўзига хос иштироки бўлиб, Жобир розияллоҳу анҳу шундай ривоят қилади:

“Умар ибн Хаттоб Хандақ жанги куни кун ботганидан сўнг келди-да, Қурайш кофирларини сўка кетди. “Ё Расулуллоҳ, асрни ўқиёлмадим, ҳатто кун ботаёзди”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳга қасамки, мен ҳам ўқиёлмадим”, дедилар. Сўнг Бутҳон водийсига келдик. У зот намозга таҳорат қилдилар, биз ҳам таҳорат қилдик. Сўнг асрни кун ботганидан сўнг ўқидилар, сўнгра ортидан шомни ўқидилар[1].

Ҳудайбия сулҳида:

Ҳудайбияда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умар ибн Хаттобни ҳузурларига чорлаб, уни ўзлари томонидан Қурайшга элчи бўлиб боришини ва уларга ўзларининг фақат умра мақсадида келганларини етказишини истадилар. Бироқ Умар узр айтиб, унинг ўрнига Усмонни юборишларини тавсия қилди. Бу фикрига далил қилиб, душманлар орасига кириб борувчи кишининг у ерда хавфсизлиги таъминланган бўлиши зарурлигини, Умарга нисбатан бу нарса имконсиз иш эканини, чунки Қурайшнинг унга нисбатан нафрат-адовати чексиз эканини ва Маккада ўз уруғи бўлмиш Бани Адийдан уни ўз ҳимоясига оладиган бирон киши йўқлигини айтиб, “Яхшиси, Усмон ибн Аффонни юборинг, Маккада уни мушрикларнинг озорларидан ҳимоя қилиб оладиган уруғлари бор, у бу вазифани сиз истагандек амалга ошира олади”, деди ва шунда ҳам агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг боришини истасалар, бораверишини айтди[2]. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Усмонни чақириб, уни Қурайшга элчи қилиб юбордилар.

Охир-оқибат Ҳудайбияда сулҳ битими тузишга келишилгач, битим ҳужжати ёзилишидан олдин мусулмонлар орасида бу келишувга нисбатан кучли қаршилик зоҳир бўлди. Хусусан, келишувнинг иккита бандига нисбатан мусулмонларда кескин норозилик туғилди. Ушбу бандларнинг бирига кўра, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам мушриклар ичидан қочиб келган мусулмонларни уларга қайтариб беришлари, мусулмонлар орасидан муртад бўлиб уларга қочиб борган кимсалар эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қайтариб берилмаслиги кўзда тутилган эди. Иккинчи банд эса мусулмонларнинг бу йил Маккага кирмасдан, Ҳудайбиядан тўғри Мадинага қайтиб кетишларини тақозо қиларди. Келишувнинг ушбу бандларига энг қаттиқ қаршилик кўрсатган ва уни танқид қилган кишилар асосан Умар ибн Хаттоб ҳамда авсликлар оқсоқоли Усайд ибн Хузайр билан хазражликлар оқсоқоли Саъд ибн Убода бўлдилар. Муаррихлар зикр қилишларича, Умар ибн Хаттоб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: “Ё Расулуллоҳ, сиз Аллоҳнинг Пайғамбари эмасмисиз, ахир?!”, деди. “Шундай”, дедилар у зот. “Бизлар мусулмон эмасмизми?!”, деди у. “Ҳа, шундай”, дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. “Улар мушриклар эмасми?!”, деди у. “Ҳа, шундай”, дедилар у зот. “Ундай бўлса нима учун динимизда уларга ён берамиз?!”, деди. “Эй Ибн Хаттоб, мен Аллоҳнинг элчисиман, У Зотга итоатсизлик қилмайман ва У мени ҳаргиз ташлаб қўймайди”, дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. “Ахир сиз, албатта Байтуллоҳга бориб, уни тавоф қиламиз, демаганмидингиз?!”, деди Умар. “Ҳа, шундай деганман. Бироқ бу йил қиламиз, деб айтганманми?!”, дедилар. “Йўқ”, деди. “Сиз албатта Байтуллоҳга борасиз ва уни тавоф қиласиз”, дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам.

Умар айтади: “Шундан сўнг мен Абу Бакрнинг олдига бордим ва унга ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтган гапларимни айтдим. Абу Бакр ҳам гапларимга худди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қайтарганларидек жавоб қайтарди”. Шундан сўнг Абу Бакр Умарга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан асло тортишмасликни насиҳат қилиб: “Сиз бир умр у зотнинг этакларини маҳкам ушлайверинг. Мен у зотни Аллоҳнинг пайғамбари эканларига гувоҳлик бераман. Аллоҳга қасамки, у зот ҳақ устидалар ва Аллоҳ у зотни асло зое қилмайди”, деди[3].

Сулҳ битими талабига кўра, ўша куни Маккадан қочиб, кишанларини судраб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурига етиб келган Абу Жандални жуда ачинарли ҳолда Қурайшга қайтариб берилгани ортидан саҳобалар сулҳни қайта кўриб чиқишга чақирдилар. Улардан бир гуруҳи – ичларида Умар ибн Хаттоб ҳам бор эди – сулҳни қайта кўриб чиқиш ва бошқатдан ёзиш талаби билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келдилар. Бироқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ у зотга ато этган сабр-тоқат, ҳикмат ва ҳалимлик билан, кучли далил-ҳужжатлар ила уларни сулҳ мусулмонлар фойдасига бўлганига ва бу улар учун бир фатҳ ва ғалаба саналиши лозимлигига, Абу Жандал каби заиф-бечораларга Аллоҳ тез орада чиқиш йўлини пайдо қилиб беришига ишонтирдилар[4]. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганидек бўлди.

Умар розияллоҳу анҳу яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қарши фикр эгаларига ҳурмат-эҳтиром билан қарашни ўрганди. Шунинг учун ҳам ўзининг халифалиги даврида саҳобаларни кўпчилик манфаатига хизмат қиладиган соғлом фикрлар билдиришга ундар эди. Зотан, исломий жамиятда фикр эркинлиги кафолатланган, мусулмон жамиятида ҳар бир кишига, гарчи унинг фикри ҳокимнинг ё халифанинг фикрига қарши ва уни танқид қилувчи бўлса ҳам, ўз фикрини эркин баён қилиш ҳаққи берилган. Ўз қарашини хотиржамлик ва омонлик муҳитида, сўз ва фикр эркинлигини бўғувчи босимларсиз ифода қилиши мусулмон шахснинг ҳаққидандир. Умарнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қарши фикр билдиришидан бир кишининг қайсидир бир фикрда давлат бошлиғига қарши чиқиши жазога гирифтор этиладиган ва қамоққа ташланадиган жиноят эмаслигини тушунамиз[5].

Форуқнинг ушбу сулҳга нисбатан бундай муносабатда бўлишига келишув натижаларига шак-шубҳа билан қарагани эмас, балки келишувнинг ўзи илғай олмаган жиҳатларини тушуниб олишга уриниши, қолаверса кофирларга устунлик берилишини ҳазм қилолмаслиги сабаб бўлганди. Ушбу сулҳ остидаги ҳикматни тушуниб етганидан сўнг ўзининг Ҳудайбияда қилган иши ҳақида афсус билан: “Ўша куни қилган ишимдан пушаймон бўлиб ва гапирган гапларим оқибатидан хавф қилиб, ўзим учун яхшилик бўлармикин деган умидда кўп садақалар қилиш, намоз ўқиш, рўза тутиш ва қул озод қилишга ҳаракат қилдим”, деганди[6].

Ҳавозин жангида:

Ҳижрий 7 йилнинг Шаъбон ойида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бошчилигида ўттиз кишини Маккадан тўрт марҳала (марҳала – пиёданинг бир кунлик йўли) узоқликдаги Турбага, Ҳавозин қабиласига юбордилар. Бани Ҳилол қабиласидан бўлган бир йўл кўрсатувчи ҳамроҳлигида улар тунда йўл босиб, кундузлари яшириниб боришаркан, барибир Ҳавозин бундан хабар топиб, қочиб қолдилар. Умар уларнинг тураргоҳларига бориб, ҳеч кимни учратолмай, Мадинага қайтиб кетди[7].

Бир ривоятда: Бани Ҳилоллик йўл бошловчи Умарга: “Сизни иккинчи бир жамоага – қурғоқчиликдан қийин аҳволга тушган Хашъамга олиб борсам нима дейсиз?”, деди. Умар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мени бунга буюрмаганлар. Мени фақат Ҳавозинга қарши урушишга буюрганлар”, деб, унинг таклифини рад этди.[8]

Хайбар ғазотида:

Хайбар ғазотида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам байроқни дастлаб Умар ибн Хаттобга бердилар. Умар бошқа саҳобалар ҳамроҳлигида Хайбар аҳли билан тўқнашдилар. Бироқ бирон натижага эришолмай, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёнларига қайтдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эртага бу байроқни бир кишига бераманки, Аллоҳ унинг қўлида фатҳ-ғалаба ато этади, у Аллоҳ ва Расулини яхши кўради, Аллоҳ ва Расули ҳам уни яхши кўради”, дедилар. Тонг отгач, Абу Бакр, Умар ва бошқалар байроққа талабгор бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўзлари тушадиган ўринга келиб ўтирдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Али ибн Абу Толиб қаерда?”, деб сўрадилар. “Унинг кўзи оғрияпти экан, ё Расулуллоҳ”, дейишди. “Унга одам юборинглар”, дедилар. Уни чақириб келишгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг кўзларига туфладилар ва дуо қилган эдилар, кўзлари тузалиб, оғриқдан асар ҳам қолмади. Сўнг байроқни унга бердилар. Али розияллоҳу анҳу бир қанча саҳобалар ҳамроҳлигида Хайбар аҳли билан тўқнашувга чиқди. Хайбарликлар ўз раислари Марҳаб бошчилигида мусулмонлар қаршисига чиқдилар. Марҳаб қуйидаги шеърни ўқиганича қилич ўйнатиб майдонга чиқиб келди:

Марҳаб деса бутун Хайбар билади,
Кўз олдига зўр паҳлавон келади.
Уруш қизиб, жанг авжига чиққанда
Марҳаб билан ким тўқнашса, ўлади.

Унинг қаршисига Али розияллоҳу анҳу қуйидаги шеърни ўқиган ҳолда чиқиб борди:

Онам мени номлаган Шер деб,
Қўрқмас бўлсин мисоли шер деб.
Арслон каби жангга кираман,
Душманларнинг додин бераман.

Кейин Али розияллоҳу анҳу шиддатли олишувдан сўнг унинг бошини танидан жудо қилди. Шундай қилиб, Аллоҳ таоло Хайбарни улар қўлида фатҳ қилди.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтади: “Хайбар куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан бир неча нафари келиб: “Фалончи шаҳид”, дейишган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Йўқ, мен унинг (ўлжа тақсимотидан илгари) хиёнат қилиб олган бир тўн ёки абоа (енгсиз яктаксимон устки кийим) туфайли дўзахда эканини кўрдим”, дедилар. Сўнгра у зот: “Эй Ибн Хаттоб, бориб, одамлар ичида: “Жаннатга фақат мўминлар киради”, деб жар солинг!”, дедилар. Мен чиқиб: “Огоҳ бўлинглар, жаннатга фақат мўминларгина киради”, деб жар солдим”[9].

[1] Бухорий ривояти (571).
[2] “Ал-мағозий”, Муҳаммад Умар Воқидий, 2/600.
[3] Ибн Ҳишом, “Ас-сийратун набавийя” (3/346).
[4] Муҳаммад Аҳмад Бошмил, “Сулҳул ҳудайбийя” (270-бет).
[5] Абул Форис, “Ғазватул ҳудайбийя” (134, 135-бетлар).
[6]“Мухтасари минҳожил қосидийн” (293-бет). “Фароидул калом лил-хулафо” (139-бет).
[7] Ибн Саъд, “Табақот” (3/272).
[8] Ибн Ҳишом, “Ас-сийратун набавийя” (2/228).
[9]  Ал-мавсуатуз заҳабийя, Муснади Аҳмад (203).

Изоҳ қолдиринг