Усмон розияллоҳу анҳу халифаликка сайланиши (2)

0

Умарнинг бўлғуси халифага васияти

Умар Форуқ розияллоҳу анҳу ўзидан кейин уммат бошқарувини қўлга оладиган халифага муҳим васият қолдирди. Унда жумладан, шу сўзлар бор эди:

Менинг ўзимдан кейинги халифага васиятим шуки, аввалги муҳожирларнинг ҳақ-ҳуқуқларини эътироф қилиб, ҳурматларини жойига қўйсин. Илгаридан ушбу диёрда яшаб келган ва иймон-эътиқодни маҳкам ушлаган ансорларга яхшилик қилсин. Уларнинг яхшиларидан яхшиликларини қабул қилиб, ёмонларининг хатоларидан кўз юмсин. Мен унга шаҳарлар аҳлига яхшилик қилишни васият қиламан. Чунки улар исломнинг таянчидир, бож-хирож йиғиб келувчилардир, душманни қўрқитувчилардир. Уларнинг ортиқча молларини фақат ўз розиликлари билан олсин. Мен унга саҳро арабларига яхшилик қилишни васият қиламан. Зеро, улар арабларнинг илдизидир, исломнинг мағзидир. Уларнинг сара бўлмаган молларидан олсин ва камбағалларига қайтарсин. Мен унга аҳли зиммалар (яъни, ислом ҳукми остида яшаб турган ғайридинлар) аҳдига вафо қилишни, уларни ҳимоя қилиб урушишни ва модомики, зиммаларидаги тўловларни ихтиёрий равишда тўлаб туришаркан, уларга тоқатларидан ортиқ нарсани юкламасликни васият қиламан[1].

Шўро аҳлининг кенгашга йиғилиши

Умар ибн Хаттобни дафн қилганларидан сўнг давлатнинг олий кенгаши аъзолари – шўро аҳли зудлик билан Ойша розияллоҳу анҳонинг (бир ривоятда Фотима бинти Қайснинг) уйига йиғилдилар ва Умар ибн Хаттоб вафоти туфайли мусулмонлар ҳаётида юзага келган ўта муҳим масалани ҳал қилишга киришдилар. Ўзаро сўзлашдилар, муҳокама ва мунозара қилдилар ва охир-оқибат Аллоҳнинг тавфиқи билан ҳаммага маъқул бўлган бир келишувга эришдилар[2].

Абдураҳмон ибн Авфнинг таклифи

Шўро аҳли йиғилгач, Абдураҳмон ибн Авф уларга: “Келинглар, дастлаб ичимиздан уч кишини ажратиб олайлик”, деб таклиф қилди. Шундан сўнг Зубайр: “Мен Али фойдасига ўз номзодимдан воз кечдим”, деди. Талҳа: “Мен Усмон фойдасига ўз номзодимдан воз кечдим”, деди. Саъд: “Мен Абдураҳмон ибн Авф фойдасига ўз номзодимдан воз кечдим”, деди. Шундай қилиб, уч кишининг – Али ибн Абу Толиб, Усмон ибн Аффон ва Абдураҳмон ибн Авфнинг номзоди қолди. Сўнг Абдураҳмон (ҳам ўз ҳаққидан воз кечиб) Усмон билан Алига қараб: “Икковингиздан қай бирингиз ўз ҳаққидан кечса, қолган кишига ишни топширамиз. Аллоҳ ва бутун ислом (аҳли) уни энг афзал киши эканига кафилдир”, деди. Улар сукут қилиб, жавоб қайтармадилар. Шунда Абдураҳмон: “Ишни менинг ихтиёримга топширасизларми? Аллоҳга қасамки, мен иккингиздан энг афзалингизни танлашда бор кучимни аямайман”, деди. Икковлари шунга рози бўлдилар[3].

Шўро бошқаруви Абдураҳмонга топширилади

Душанба куни эрталаб номзодлар йиғини якунига етиши билан Абдураҳмон ибн Авф сўзлашув ва маслаҳатлашувларни бошлаб юборди. Сўзлашувлар Умар белгилаб берган уч кунлик муддатнинг сўнггига қадар –тўртинчи куни чоршанба тонгигача давом этди. Дастлаб Абдураҳмон Али билан ёлғиз сўзлашди. Ундан: “Агар сизга байъат бермасам, сиз кимнинг халифа бўлишига рози бўласиз?”, деб сўради. У: “Усмон ибн Аффоннинг”, деди. Кейин Усмонга бориб: “Агар сизга байъат бермасам, сиз кимнинг халифа бўлишига рози бўласиз?”, деб сўради. У: “Али ибн Абу Толибнинг”, деди. Шундан сўнг у бошқа саҳобалар билан ҳам бирма-бир гаплашиб чиқди. Мадина оралаб, йўлида учраган ҳар бир кишининг фикрини ўрганди. Катта саҳобалар ва ҳарбий қўмондонлар билан алоҳида гаплашди. Унинг маслаҳатлашувидан аёллар ҳам четда қолмади, улар ҳам ўз фикрларини билдирдилар. Ҳатто ёш болалар ва қулларнинг ҳам фикрини сўраб чиқди. Сўзлашувлар натижасида Абдураҳмон халқнинг кўпчилиги Усмон ибн Аффон номзодини ёқлашини, шунингдек, Али ибн Абу Толиб номзодини истовчилар ҳам кам эмаслигини аниқлади. Учинчи куни ярим тунда Абдураҳмон жияни Мисвар ибн Махраманинг эшигини қоқди ва ухлаб ётган жойидан уйғотиб: “Ухлаб ётганингни қара! Аллоҳга қасам, бу кеча менинг кипригимга деярли уйқу қўнмади. Бор, Зубайр билан Саъдни чақириб кел!”, деди. Мисвар айтади: Мен уларни чақириб келдим. Улар билан сўзлашиб бўлгач: “Бор, Алини чақириб кел!”, деди. Алини чақириб келдим. У билан узоқ гаплашди. Али кетганидан сўнг Усмонни чақириб келишга буюрди. Усмон билан гаплари то бомдод азонигача чўзилди[4].

Усмонга байъат беришга иттифоқ қилиниши

Ҳижрий 23 йил Зул-ҳижжа ойининг сўнгги куни (мелодий 644 йил 6 ноябр) Суҳайб Румий имомлигида ўқилган бомдод намозидан кейин Абдураҳмон ибн Авф минбар олдида ҳозир бўлди. Унинг бошида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз қўллари билан ўраб берган салла бор эди. Шўро аъзолари минбар ёнига йиғилган эдилар. У ўша пайтда Мадинада бўлган муҳожиру ансорларга, ҳарбий қўмондонларга одам юбориб, барчани чақиртирди. Шом амири Муовия ибн Абу Суфён, Ҳимс амири Умайр ибн Саъд, Миср амири Амр ибн Ос ҳам ўша кунлари Умар розияллоҳу анҳу билан бирга ҳаж қилиб, бирга Мадинага келган эдилар. Улар ҳам ҳозир бўлдилар[5].

Имом Бухорий шундай ривоят қилади: Бомдод намозидан сўнг жамоат (шўро аҳли) минбар ёнига йиғилди. Ўша пайтда Мадинада ҳозир бўлган барча муҳожиру ансорларга, лашкар амирларига одам юборди, улар Умар билан ҳаж қилиб келган эдилар. Барча йиғилгач, Абдураҳмон шаҳодат калималарини айтди, сўнгра:  “Аммо баъд.. Эй Али, мен одамларни яхшилаб ўрганиб, улар Усмонга ҳеч кимни тенг кўрмасликларини аниқладим. Бас, сиз (одамлар сизни ихтиёр қилишмагани учун) ўз нафсингизга (маломат қилиш) йўлини тутманг!”, деди. Кейин (Усмонга хитоб қилиб): “Мен сизга Аллоҳ ва Расулининг ҳамда у зотдан кейинги икки халифанинг йўлига биноан байъат бераман”, деди ва биринчи бўлиб ўзи байъат берди. Унинг ортидан муҳожирлар, ансорлар, лашкар амирлари ва бошқа мусулмонлар байъат бердилар[6]. “Ат-тамҳид вал-баён” соҳиби келтирган ривоятга кўра, Абдураҳмон ибн Авфдан сўнг биринчи бўлиб Али ибн Абу Толиб байъат берди[7].

Шўро ҳодисаси борасида рофизийлар уйдирмалари

Шиа ва рофизийлар ислом тарихида бўлиб ўтган кўплаб муҳим воқеа ва ҳодисалар қаторида ушбу шўро мажлиси ва Усмоннинг халифаликка сайланиши воқеаси хусусида ҳам бир қанча уйдирма ва бўҳтонларни тарих китобларига киритиб юборганлар. Шарқшунослар улардан кўчириб, бу сўзларнинг кенг тарқалишига катта ҳисса қўшдилар. Замонамизнинг кўплаб тарихчи ва мафкурачилари уларга эргашиб, ривоятларнинг матни ва санадини текшириб ўтирмасдан, мусулмонлар орасига тарқалишига сабаб бўлдилар.

Шиа рофизий тарихчилар шўро воқеаси ва Усмоннинг халифаликка сайланиши ҳодисаси атрофида жуда кўп ёлғон ва уйдирма гапларни тўқишган. Абу Михнаф, Ибн Уқда ва Ибн Бобавайҳ каби айримлари бу мавзуда алоҳида китоблар битган[8].

Шиа ривоятлари саҳиҳ далилга эга бўлмаган бир қанча уйдирмаларни ўз ичига олган. Жумладан, улар саҳобаларни мусулмонларнинг ишида тарафкашлик қилганликда айблайдилар ва халифани Абдураҳмон ибн Авф танлашига Али ибн Абу Толиб рози бўлмаганини айтадилар. Абу Михнаф, Ҳишом Калбий ва Аҳмад Жавҳарийлар ривоятига кўра: “Умар шўрода овозлар тенг келиб қолганда Абдураҳмон томондагиларнинг танлови эътиборли саналишини айтганида Али халифаликни қўлдан бой берганини тушунди. Чунки, Абдураҳмон ўз қудаси Усмонни муқаддам қилиши аниқ эди”[9]. Шайхулислом Ибн Таймия Усмон билан Абдураҳмон ўртасида ҳеч қандай қариндошлик ришталари бўлмаганини таъкидлаб шундай дейди: Абдураҳмон Усмоннинг ака-укаси ҳам, амакиваччаси ҳам, қавм-қариндоши ҳам бўлмаган. Уларнинг қабилалари ҳам бошқа эди. Бири (яъни Абдураҳмон) Бани Зуҳрадан, иккинчиси (яъни Усмон) Бани Умайядан эди. Бани Зуҳра Бани Умайяга қараганда Бани Ҳошимга (Алининг қавми) яқинроқ эди. Негаки, Бани Зуҳра қавми Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тоғалари бўлиб, Абдураҳмон ибн Авф ва Саъд ибн Абу Ваққос ўшалардан эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Саъд ҳақида сўзлаб: “Бу менинг тоғам. Қани, кимнинг шундай тоғаси бор, менга кўрсатсин-чи!”, [10] деганлар[11].

Шиа ривоятлари Абдураҳмоннинг Усмонга қудачилик алоқаси туфайли тарафкашлик қилганини даъво қиларкан, аввало насаб қариндошлиги қудачилик қариндошлигидан кўра анча кучли эканини, қолаверса, саҳобалар асрида мўминлар ўртасидаги оға-инилик табиати бутунлай бошқача бўлганини ва унинг асло насл-насаб ва қудачилик ришталари асосига қурилмаганини эътибордан қочиради. Энди, Абдураҳмон билан Усмон ўртасидаги қудачилик алоқасига келсак, Абдураҳмон Бани Умайядан Валиднинг синглиси Умму Кулсум бинти Уқба ибн Аби Муайтга уйланган эди[12].

Рофизий Абу Михнаф айтишича, байъатлашув асносида Бани Ҳошим билан Бани Умайя ўртасида кучли келишмовчилик содир бўлган эмиш. Бу гап тўғри эмас, бу ҳақда на саҳиҳ, на заиф бирор ривоят келган эмас[13]. Айрим тарихчилар шиа рофизаларнинг ривоятларидан таъсирланиб, ўз хато таҳлилларини шулар асосига қурдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларининг янги халифа тайин қилишдаги маслаҳатлашувларини гўёки уруғ-қабилачилик келишмовчиликлари суратида тасаввур қилдилар. Одамлар икки асосий гуруҳга – умавийлар ва ҳошимийлар гуруҳига бўлинган деб ўйлаб қолдилар. Бу ўта мавҳум тасаввур ва бирон далилга суянмаган нотўғри хулосадир. Чунки бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари яшаб турган, муҳожир ансорий билан бирга ўз отаси, оға-иниси ва қавм-қариндошига қарши елкама-елка жипс туриб курашган давр муҳитидан келиб чиқмаган хулосадир. Бу динлари саломат қолиши йўлида бутун дунё матосини қурбон қилиб юборадиган саҳобаларнинг дунёқарашларидан келиб чиқмаган, жаннат билан хушхабар берилган сара зотларни яхши танимасликдан келиб чиққан хато хулосадир.

[1] Бухорий (5/194, №1305). Ибн Саъд, “Табақот” (3/258).
[2] Содиқ Уржун, “Усмон ибн Аффон” (62-бет).
[3] Бухорий (3700).
[4] Бухорий (7207).
[5] Аҳмад Харуф, “Шаҳидуд дор Усмон ибн Аффон” (37-бет).
[6] Бухорий (7207).
[7] “Тамҳид ва баён” (26-бет).
[8] “Аз-зариъа ила тасонийфиш шийъа” (14/246).
[9] “Асарут ташайюъ ала ривоёт тарихия” (322-бет).
[10] “Саҳиҳи Сунани Термизий” (3/220).
[11] Ибн Таймия, “Минҳожус сунна” (6/271).
[12] “Табақот кубро” (3/127).
[13] Амин Қузот, “Хулафои рошидин” (78-бет).

Изоҳ қолдиринг