Саффоҳ даврида вилоятлар (2)

0
  • Шом:

Абдуллоҳ ибн Али умавийларнинг сўнгги халифаси Марвон ибн Муҳаммадни таъқиб қилиб, Ҳаррондан Манбижга, ундан Қансаринга, ундан Ҳимсга, ундан Баълабаккага ўтди. Абдуллоҳ ибн Али қай бир ўлкага кириб келса, аҳолиси унинг истиқболига чиқди, унга байъат бериб, итоати остига кирди. Дамашққа етиб келгач, уни қамалга олди. Ўшанда Дамашққа Марвоннинг куёви Валид ибн Муовия волий эди. Ҳижрий 132 йил Рамазон ойининг ўнинчи куни Дамашқ фатҳ этилиб, Валид ибн Муовия қатл қилинди. Сўнгра Абдуллоҳ ибн Али Кисвага, ундан Урдунга йўл олди, Урдун аҳли унинг байъати остига кирди. Кейин Фаластинга йўл олиб, аввал Бийсонга, ундан Маржур-румга, ундан Абу Футрусга[1] ўтди. Шу орада Абул Аббос Саффоҳнинг Абдуллоҳ ибн Алига ёзган мактуби етиб келди, мактубида у Абдуллоҳ ибн Алига укаси Солиҳ ибн Алини Марвон ибн Муҳаммадни таъқиб қилишга йўллаб, ўзи Шом ишлари билан машғул бўлишни амр этганди. Кейинроқ Солиҳ ибн Али Фаластинга амир бўлиб қолди. Абдуллоҳ ибн Али эса Марвоннинг Балқо, Басания[2] ва Ҳаврон еридаги амири Ҳабиб ибн Муррага қарши урушга йўл олди. Шу аснода Қансаринда Абул Вард Мажзаъа ибн Кавсар ибн Зуфар бош кўтариб чиқди, у Марвоннинг қўмондонларидан эди. Марвон бутунлай мағлуб бўлганидан кейин Абул Вард Абдуллоҳ ибн Алига бош эгиб келди ва унга байъат бериб, итоати остига кирди.

Абул Вард умавийлардан бўлган Маслама ибн Абдулмаликнинг ўғлига қўшни эди. Абдуллоҳ ибн Алининг лашкарбошиларидан бири юз эллик отлиқ билан келиб, Маслама ибн Абдулмалик хонадонига бостириб кириб, унинг болалари ва аёлларига зулм ўтказди. Уларнинг бор-йўқ айблари умавий бўлганликлари эди. Шунда улар Абул Вардга шикоят қилдилар. Унинг ҳамияти қўзғалиб, ҳалиги қўмондонга ҳужум қилиб, уни ва аскарларини қиличдан ўтказди. Сўнг Қансарин аҳолисини Абдуллоҳ ибн Алининг итоатидан чиқишга чақирди. Улар унинг чақириғини қабул қилдилар, Қайс ҳам унга байъат берди. Сўнг у ўз жонига хавф қилиб, қўзғолон эълон қилиб юборди. Шундай қилиб, кичик бир қўмондоннинг ўзбошимча тасарруфи давлатнинг жипслигига раҳна солувчи қўзғолонга олиб келди.

Исён хабари Абдуллоҳ ибн Алига етиб боргач, у рақиби Ҳабиб ибн Мурра билан сулҳ тузиб, Дамашқ орқали Қансаринга йўл олди. Бу орада Қансарин аҳлининг илтимосига кўра Ҳимс ва Тадмур аҳли ҳам уларга мададга етиб келди. Уларнинг бошлиғи Абу Муҳаммад Зиёд ибн Абдуллоҳ ибн Язид ибн Муовия ибн Абу Суфён бўлиб, у Суфёний номи билан машҳур эди.

Абдуллоҳ ибн Али Суфёнийнинг лашкаргоҳи яқинига етиб келгач, иниси Абдусамад ибн Алини ўн минг аскар билан улар устига йўллади. Бироқ Абдусамаднинг қўшини Маржул Ахрам деган жойда Абул Варднинг қақшатқич зарбасига дош беролмай, тирқираб кетди ва Абдуллоҳ ибн Али олдига қочиб келди. Шундан сўнг Абдуллоҳ иниси Абдусамад ҳамда Ҳумайд ибн Қаҳтаба ва бошқа таниқли қўмондонлари билан улар устига юриш бошлади. Бироқ қўзғолончилар қўшини Абдуллоҳ ибн Алининг қўшинини ҳам эсанкиратиб қўйди. Лекин унинг ўзи ва Ҳумайд ибн Қаҳтаба сабот билан турдилар ва душман устига такрор ҳужум уюштирдилар. Абул Вард беш юз аскари билан охиригача матонат билан урушди ва барчалари қатл қилиндилар. Абу Муҳаммад Суфёний ўз тобелари билан бирга қочиб, Тадмурдан паноҳ топди, сўнг болалари билан бирга Ҳижозга қочиб кетди.

Абдуллоҳ ибн Али Қансарин аҳлига омонлик берди, улар янгидан байъат бериб, унинг итоатига кирдилар.

Абдуллоҳ ибн Али Саффоҳ халифалиги даврида Шомга амир бўлиб қолди.

  •  Миср:

Бани Умайянинг Мисрдаги охирги волийси Абдулмалик ибн Марвон ибн Мусо ибн Нусайр эди. Сўнгги умавий халифа Марвон ибн Муҳаммад аббосийлар таъқибидан қочиб, Мисрга келгач, шу ерда қўлга олиниб қатл қилинди. Шундан сўнг Мисрга Абдулмалик ибн Язид Аздий волий бўлди ва то ҳижрий 136 йили Солиҳ ибн Али унга волий этиб тайинлангунига қадар шу мансабда қолди.

  • Африка:

Умавийлар давлатининг охирги даврларида Африкада ҳукмронлик хаворижлар қўлида эди. Муҳаммад ибн Ашъас улар устига юриш қилиб, Африкага кириб борди. У ерда Абдураҳмон ибн Ҳабиб ибн Абу Убайда Феҳрий хаворижларга қарши уруш олиб бораётган эди.

  •  Андалус:

Андалусда Юсуф ибн Абдураҳмон Феҳрий амир бўлиб, унинг ёнида Сумайл ибн Ҳотим катта нуфуз эгаси саналарди. Абдураҳмон Дохил Умавий бостириб келгунича ҳукм икковларининг қўлида давом этди. Сўнг Юсуф билан Сумайл Абдураҳмон ибн Дохил ҳужумига дош беролмай, таслим бўлдилар.

  •  Ҳижоз:

Абул Аббос Саффоҳ амакиси Довуд ибн Алини Кўфа амирлигидан олиб, Макка, Мадина, Яман ва Ямомага волий этиб тайинлади. Бироқ унинг волийлиги хусусан, Ямомага номигагина волийлик бўлди. Чунки Ямоманинг ҳақиқий ҳокими Мусанно ибн Язид ибн Умар ибн Ҳубайра эди. Кўп ўтмай Довуд ибн Али вафот этиб, ўрнига ўғли Мусони қолдирди. Бироқ Саффоҳ тоғаси Зиёд ибн Абдуллоҳ Ҳорисийни Мадинага амир қилиб юборди. У Мадинада ишни тамомила ўз қўлига олди ва Ямомага Иброҳим ибн Ҳассон Суламий бошчилигида қўшин юбориб, уни ўз ҳукмига бўйсундирди. Мусанно ибн Язидни эса қатл қилдирди.

Саффоҳ Яманга Муҳаммад ибн Язид ибн Абдуллоҳ Ҳорисийни волий қилиб юборди. Ҳижрий 134 йили у вафот этгач, Макка волийси Али ибн Рабеъ ибн Абдуллоҳ Ҳорисийга мактуб йўллаб, Яманга боришга буюрди.

Макка волийлигини эса Аббос ибн Абдуллоҳ ибн Маъбад ибн Аббосга топширди.

  •  Баҳрайн ва Уммон:

Баҳрайн ва Уммон Исмоил ибн Али амирлиги остидаги Басра амирлигига тобе эди.

[1] Бийсон, Маржур-рум – Фаластиндаги шаҳарлар номи, Абу Футрус – Фаластиннинг Рамла шаҳри шимолидаги дарё номи.
[2] Басанийя – Дамашқ ва Азриот оралиғидаги қадимий қишлоқ номи, ҳозирда мавжуд эмас. Аюб пайғамбар шу қишлоқдан чиққан дейилади.

Изоҳ қолдиринг