Усмон ибн Аффоннинг халифаликка ҳақлилиги

0

Мўмин киши Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг халифа қилиб сайланиши тўғри бўлгани ва унинг халифаликка ҳақлилиги борасида шак-шубҳа қилмайди. Фақат қалбида марази бўлган кимсаларгина, дилларидаги фасодлари туфайли бу ҳақда турли шак-шубҳаларни ёйишга, шу билан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларига бўлган адоватларини изҳор қилишга уриндилар. Бу эса ҳаётдаги бор дастмояларини фақат саҳобаларни ёмон кўриш, сўкиш ва ҳақоратлашга айлантириб олган шиа рофизийлар томонидан амалга оширилди. Аслида, уларнинг дастлабки уч халифага йўналтирган барча кин-адоватларининг, фақат ноҳақ туҳмат ва уйдирмалардан иборат бўлгани учун, асло қиймати йўқ. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг халифаликка ҳақлилиги борасида бир қанча саҳиҳ далиллар ва машҳур асарлар келган[1]. Жумладан:

1) Аллоҳ таоло айтади: “Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларга худди илгари ўтган (иймон-эътиқодли) зотларни (ер юзига) халифа-ҳукмрон қилганидек, уларни ҳам ер юзида халифа қилишни ва улар учун Ўзи рози бўлган (Ислом) динини ғолиб-мустаҳкам қилишни ҳамда уларнинг (аҳволини Маккада кўрган) хавфу-хатарларидан сўнг (Мадинада) тинчлик-хотиржамликка айлантириб қўйишни ваъда қилди. Улар Менга ибодат қилурлар ва Менга бирон нарсани шерик қилмаслар. Ким мана шу (ваъда)дан кейин куфрони неъмат қилса, бас улар итоатсиз кимсалардир” [Нур: 55]. Ушбу оятдан Усмон розияллоҳу анҳунинг халифаликка ҳақдорлигига олинадиган далил шуки, у Аллоҳ таоло ер юзида халифа қилиб қўйган ва ғолиб қилган кишилардан бўлди. У ўз халифалиги даврида одамларни адолат билан бошқарди, намозни тўкис барпо қилди, закотни адо этди, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарди. Демак, ушбу оят унинг халифаликка ҳақли бўлганига ишорани ўз ичига олди[2].

2)Аъробийлардан бўлган (жиҳодга чиқмасдан) қолган (мунофиқ) кимсаларга айтинг: Яқинда сизлар куч-қувват эгалари бўлган бир қавм (билан жанг қилиш)га даъват этиласизлар. (Ўшанда ё) улар билан уришасизлар, ёки улар (жанг-жадалсиз) Исломга киргайлар. Агар (ўша пайт сизларни кофир қавмга қарши жиҳод қилиш учун даъват этувчига) итоат этсангизлар, Аллоҳ сизларга гўзал ажр-мукофот ато этур. Агар илгари юз ўгириб кетганларингиздек юз ўгириб кетсангизлар, (Аллоҳ) сизларни аламли азоб-ла азоблар” [Фатҳ: 16]. Бу оятдан Усмон розияллоҳу анҳунинг халифаликка ҳақлилигига олинадиган далил – ўша аъробийларни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўнг жиҳодга даъват қилувчилар у зотнинг халифалари, яъни Абу Бакр, Умар ва Усмон розияллоҳу анҳум бўлдилар. Дастлаб Абу Бакр Сиддиқ уларни Рум, Форс ва Туркларка қарши жиҳодга чорлади. Қуръон амрига кўра, мўминларга ушбу уч халифага бўйсуниш вожиб бўлди. Демакки, уларнинг халифаликлари ҳам ҳақ ва дуруст бўлди.

3) Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга Мадинадаги хурмозор боғлардан бири ичида эдим, биров эшик қоқиб қолди. У зот: “Эшикни оч ва унга жаннат билан хушхабар бер”, дедилар. Қарасам, Абу Бакр экан. Унга эшикни очдим ва жаннат билан хушхабар бердим. Кейин яна бир киши эшик қоқди. У зот яна: “Эшикни оч ва унга жаннат билан хушхабар бер”, дедилар. Бориб қарасам, Умар экан. Унга эшикни очдим ва жаннат билан хушхабар бердим. Кейин яна бир киши эшик қоқди. У зот ёнбошлаган ҳолда эдилар, ўтириб олдилар ва: “Эшикни оч ва унга бошига тушадиган бало-мусибат ортидан жаннат бўлиши билан хушхабар бер”, дедилар. Бориб қарасам, Усмон ибн Аффон экан”[3]. Бу ҳадисда ҳам мазкур уч улуғ саҳобанинг халифалик тартибига ишора бор. Ундан ташқари, унда Усмоннинг бошига тушадиган бало-мусибат хабари борки, бу бало унинг ўз уйида қамал қилиниши ва мазлум ҳолида шаҳид қилиниши ҳодисасидир. Ушбу ҳадис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳақ-рост пайғамбарлиги белгиларидан бўлиб, унда Усмон розияллоҳу анҳунинг шаҳид бўлиб ўлдирилишларига ишора бор эди[4].

4) Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Бу кеча бир солиҳ кишининг тушида кўрилдики, Абу Бакр Расулуллоҳга боғланган, Умар Абу Бакрга боғланган, Усмон Умарга боғланган экан”. Жобир айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларидан тургач: “Солиҳ кишидан мурод Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари, уларнинг бир-бирларига боғланишлари эса, улар Аллоҳ таоло Пайғамбари билан юборган ушбу иш, яъни халифаликнинг эгалари эканидир”, дедик[5].

5) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Сизлар мендан сўнг фитна ва ихтилофга – ёки ихтилоф ва фитнага – йўлиқасизлар”, деганларини эшитдим. Шунда бир киши: “Бизга кимни тавсия қиласиз, ё Расулуллоҳ?”, деб сўради. У зот: “Амин (омонатли киши) ва унинг асҳобини маҳкам ушланглар!”, дедилар Усмонга ишора қилиб”[6]. Ушбу ҳадис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳақ пайғамбар эканларига далил бўлувчи мўъжизаларидан биридир. Унда у зот Усмоннинг халифалиги даврида содир бўладиган фитналардан хабар бердилар. Дарҳақиқат, у зот айтганидек бўлди. Ҳадис яна Усмоннинг халифаликка ҳақдорлигига ҳам далилдир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларни ўша фитна кунларида Усмон ва унинг атрофидагиларни лозим тутишга буюрдилар. Бу эса унинг ҳақ устида эканига ва унга қарши чиққан кимсаларнинг ботил ва ҳавои нафсига эргашган кишилар эканларига далилдир[7].

6) Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Усмон, Аллоҳ сизга бир кўйлак кийдирса керак. Агар уни ечиб олмоқчи бўлсалар, уларга ечиб берманг!”, дедилар[8]. Кўйлакдан мурод – халифалик бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кун келиб, унинг халифа бўлиши ҳақида хабар бердилар. Ҳақ устида бўлгани, бошқалар эса ботил йўлда ҳаракат қилишаётгани туфайли уни халифаликдан бўшамасликка, Аллоҳ унга кийдириб қўйган кўйлакни ечиб олишга ҳаракат қиладиган, яъни уни халифаликдан бўшатишга уринадиган кимсалар талаби билан халифаликдан воз кечмасликка буюрдилар.

7) Имом Термизий Абу Саҳладан ривоят қилади: “Ҳовлисини ўраб олиб, уни ўлдиришмоқчи бўлган куни Усмон ибн Аффон менга: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мендан бир аҳд олганлар, мен ўша аҳдда сабр-матонат билан тураман”, деди”[9]. Усмоннинг: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мендан аҳд олганлар” деган сўзларидан мурод у зотнинг: “Мунофиқлар Аллоҳнинг Ўзи сизга кийдирган кўйлакни ечиб олмоқчи бўлишса, уни ечманг!”, деган амрлари бўлиб, у ўша аҳдида сабр-матонат билан туришини айтганди.

8) Усмоннинг мавлоси Абу Саҳла Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам беморликларида: “Ҳузуримда асҳобларимдан бирон киши бўлсайди”, дедилар. Мен: “Абу Бакрми?”, десам: “Йўқ”, дедилар. “Умарми?”, десам: “Йўқ”, дедилар. “Усмонми?”, деган эдим: “Ҳа”, дедилар. Усмон келгач, мени тургизиб юбордилар ва у билан ёлғиз қолдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга сўзлар, Усмоннинг юзи ўзгариб борарди. Абу Саҳла деди: “Ҳовлисини ўраб олишган куни биз Усмон ибн Аффонга: “Эй амирулмўъминин, урушсангиз бўлмайдими?”, дедик. У: “Йўқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мендан бир аҳд олганлар, мен ўша аҳдда сабр-матонат билан тураман”, деди”[10].

Бу ва ундан олдинги ҳадисда Усмоннинг халифалиги тўғри ва саҳиҳ бўлганига далил бордир. Бас, энди ким унинг халифалигини инкор қилса, уни шаҳидлардан ва жаннат аҳлидан деб санамаса, унга нисбатан хоҳ тилида, хоҳ дилида беодоблик қилса, у кимса иймон ва ислом доирасидан хориждир.

9) Усмон розияллоҳу анҳунинг халифалиги тўғри бўлганига далиллардан яна бири Имом Бухорий Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган қуйидаги ҳадисдир: “Биз Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида Абу Бакрга ҳеч кимни тенг кўрмасдик, ундан кейин Умарни, ундан кейин эса Усмонни энг афзал деб билардик. Улардан сўнг бошқа саҳобаларни бир-биридан афзал санамасдик”.[11]

Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: “Саҳобалар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлик даврларида Абу Бакрни ҳаммадан афзал билишлари, ундан кейин Умарни, ундан кейин эса Усмонни афзал билишлари хабари келган. Баъзи ривоятларга кўра, бу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қулоқларига ҳам етган ва у зот буни инкор қилмаганлар. Шундай бўлгач, саҳобаларнинг бу тариқа афзал санашлари оят ва ҳадислар билан собит бўлгани келиб чиқади. Умар вафот этганидан сўнг барча саҳобалар ҳеч ким уларни тарғиб қилмаган ёки қўрқитмаган ҳолда Усмонга байъат бердилар, ҳеч ким унинг халифалигини инкор қилмади[12].

Биз ушбу мақолада зикр қилиб ўтган сўзлар кучли далил-ҳужжатлар бўлиб, уларда Усмон розияллоҳу анҳунинг халифаликка ҳақли бўлганига, Китобу Суннатни тутган кишилар ўртасида бу тўғрида ҳеч қандай шак-шубҳа ва талашиб-тортишув йўқлигига ишоралар бордир.

[1] Ақийдату аҳлис сунна фис саҳоба (2/656).
[2] Аввалги манба.
[3] Бухорий (3695).
[4] Ақийдату аҳлис сунна фис саҳоба (2/657).
[5] Сунани Абу Довуд (2/513).
[6] “Фазоилус саҳоба” (1/500), исноди саҳиҳ. “Муснади Аҳмад” (8185).
[7] Ақийдату аҳлис сунна фис саҳоба (2/660).
[8] “Саҳиҳи Сунани Термизий” (2923).
[9] “Саҳиҳи Сунани Термизий” (2928).
[10] Фазоилус саҳоба (1/605). Ҳоким, “Мустадрак” (3/99), исноди саҳиҳ.
[11] Бухорий (3698).
[12] Ибн Таймия, “Минҳож суннати набавия” (3/165).

Изоҳ қолдиринг