Мусулмонларнинг Исо Масиҳ ҳақидаги эътиқоди

0

Савол:

Мусулмонлар Масиҳ Исо ибн Марям ҳақида қандай эътиқод қиладилар?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;

Биз мусулмонлар Масиҳ Исо ибн Марям ҳақида Аллоҳ таолонинг китобида ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларида қандай кўрсатилган бўлса, шундай эътиқод қиламиз.

  • Биз Исо алайҳиссалом Аллоҳнинг бандаси ва улуғ пайғамбарларидан бири эканига иймон келтирамиз. У Бани Исроил қавмини ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга даъват қилиш учун юборилган Аллоҳ таолонинг пайғамбаридир.

Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди: “Эсланг, Исо ибн Марям: “Эй Бани Исроил, албатта мен Аллоҳнинг сизларга юборган пайғамбаридирман. Мен ўзимдан олдинги Тавротни тасдиқловчи ва ўзимдан кейин келадиган Аҳмад исмли бир пайғамбар ҳақида хушхабар берувчи бўлган ҳолда (юборилдим)”,  деган эди. Қачонки (Исо) уларга (ўзининг ҳақ пайғамбар эканлигига) аниқ-равшан ҳужжат-мўъжизалар келтиргач,  улар:  “Бу очиқ сеҳр”,  дедилар” [Соф: 6].

“Моида” (72) сурасида шундай дейиди: “Ҳолбуки, Масиҳ: “Эй Бани Исроил,  Раббим ва Раббингиз бўлмиш Аллоҳга ибодат қилингиз! Албатта кимда-ким Аллоҳга ширк келтирса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилур ва борар жойи дўзах бўлур. Зулм қилгувчилар учун бирон ёрдамчи бўлмас”, деган эди”.

  • Насоролар даъво қилганидек, Исо алайҳиссалом илоҳ ҳам, Аллоҳнинг ўғли ҳам эмас.

Аллоҳ азза ва жалла бу ҳақда шундай марҳамат қилади: “Аллоҳ Масиҳ ибн Марямдир, деган кимсалар аниқ кофир бўлдилар” [Моида: 72].

Насронийлар: “(Исо) Масиҳ Аллоҳнинг ўғли”, дедилар. Бу уларнинг оғизларидаги (ҳужжат-далилсиз) гапларидир. Уларнинг бу гаплари худди аввалги кофир бўлган кимсаларнинг гапига ўхшайди. Уларни Аллоҳ лаънатлагай! Қандай адашмоқдалар-а!” [Тавба: 30].

 Аллоҳ таоло Исо алайҳиссаломга бешикдалик чоғида сўзлашлик мўъжизасини ато қилганда дастлабки айтган сўзи: “Мен Аллоҳнинг бандасиман. У зот менга Китоб — Инжил ато этди ва мени пайғамбар қилди”, бўлган [Марям: 30].

  • Аллоҳ таоло уни ростгўй эканини тасдиқлайдиган оят-мўъжизалар билан қўллаб-қувватлаганига иймон келтирамиз.

Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай деган: “Эсланг, (эй Муҳаммад), Аллоҳ айтган эди:  “Эй Исо ибн Марям, сенга ва волидангга берган неъматимни — Сени Руҳул-Қудс (Жаброил) билан қувватлантирганимда, одамларга бешикда (гўдаклигингда) ҳам балоғатга етган ҳолингдаги каби сўзлаганингни, сенга китоб — хат ва ҳикмат — илмни, Таврот ва Инжилни билдирганимни ва Менинг изним-ихтиёрим билан лойдан қуш тимсолини ясаганингни, сўнгра унга пуфлаганингда Менинг изним-ихтиёрим билан ростакам қушга айланганини, Менинг изним-ихтиёрим билан кўр ва песларни тузатганингни ва Менинг изним-ихтиёрим билан ўликларни (тирилтириб, қабрларидан) чиқарганингни эслагин! Яна Бани Исроилга бу мўъжизаларни келтирган пайтингда уларни сени (ҳалок қилишдан) тўсганимни эслагин! Ўшанда уларнинг ораларидаги кофир бўлган кимса: “Бу очиқдан-очиқ сеҳрдан ўзга нарса эмас”,  деган эди” [Моида: 110].

  • Исо алайҳиссалом бокира, маъсума Марямдан отасиз туғилганига иймон келтирамиз. Албатта, Аллоҳ таоло бу ишга қодир Зотдир. Зеро, У бирон нарсани хоҳласа, унга бўл дейиши биланоқ бўлади.

Аллоҳ таоло айтади: “Албатта Исонинг (отасиз туғилишининг) мисоли Аллоҳ наздида худди Одамнинг мисоли кабидирки, уни тупроқдан яратиб, сўнгра Бўл,  деди. Бас, у (жонли одам) бўлди” [Оли-Имрон: 59].

Бошқа бир ояти каримада шундай деган: “Эсланг, (эй Муҳаммад), фаришталар:  “Ё Марям, албатта Аллоҳ сенга Ўзининг сўзини хушхабар қилиб берадики, унинг исми Масиҳ Исо ибн Марям бўлиб, дунёю охиратда обрўли ва (Аллоҳнинг) муқарраб-яқин бандаларидан бўлур ҳамда одамларга гўдаклик пайтида ҳам вояга етган чоғидагидек гапирур ва солиҳ бандалардан бўлур”, деганларида, Марям: “Парвардигорим, менга одамзод тегмаган бўлса, қаёқдан менда фарзанд бўлсин?” деди. Аллоҳ айтди: “Шундай, Аллоҳ Ўзи хоҳлаган нарсасини (Ўзи хоҳлаган суратда) яратади. Қачон бирон ишни ирода қилса, унга: “Бўл!” — дейди. Бас, у иш бўлади” [Оли-Имрон: 45-47].

  • Исо алайҳиссалом яҳудларга улар учун ҳаром қилинган баъзи нарсаларни ҳалол қилиб берганига иймон келтирамиз.

Аллоҳ таоло Исо алайҳиссалом Бани Исроилга қуйидаги сўзларни айтганини зикр қилиб, шундай дейди: “Мен сизларга ўзимдан олдинги Тавротнинг (ҳақ эканлигини) тасдиқловчи бўлган ҳолда сизлар учун ҳаром қилинган айрим нарсаларни ҳалол қилиш учун (келдим). Ва сизларга Парвардигорингиз томонидан оят-далил келтирдим. Бас, Аллоҳдан қўрқингиз ва менга итоат қилингиз!” [Оли-Имрон: 50].

  • Исо алайҳиссалом ўлмагани ва яҳуд душманлари уни ўлдирмагани, балки уни Аллоҳ таоло улардан қутқариб, осмонга тирик ҳолида кўтариб олганига иймон келтирамиз.

Аллоҳ азза ва жалла яҳудлар ҳақида сўзлаб шундай дейди: “Яна кофирликлари ва Марям хусусида катта бўҳтон қилганликлари сабабли ҳамда Аллоҳнинг пайғамбари бўлган Масиҳ Исо ибн Марямни “бизлар ўлдирганмиз”,  деган сўзлари сабабли (Биз уларни лаънатладик). Ҳолбуки, улар уни ўлдирганлари ҳам, осганлари ҳам йўқ. Фақат улар учун (бошқа биров Исога) ўхшатиб қўйилди, холос. Албатта, Исо ҳақида талашиб-тортишган кимсалар унинг (ўлдирилган-ўлдирилмагани) ҳақида шубҳада қолганлар. У ҳақда фақат гумонларга бериладилар, холос. Уни ўлдирмаганлари аниқ. Балки уни Аллоҳ ўз ҳузурига кўтаргандир. Аллоҳ қудрат ва ҳикмат эгаси бўлган зотдир” [Нисо: 16/158].

  • Исо алайҳиссалом издошларига Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам келиши ҳақида башорат-хушхабар берганига иймон келтирамиз.

Аллоҳ  таоло бу ҳақда шундай марҳамат қилади: “Эсланг,  Исо ибн Марям: “Эй Бани Исроил, албатта мен Аллоҳнинг сизларга юборган пайғамбаридирман. Мен ўзимдан олдинги Тавротни тасдиқловчи ва ўзимдан кейин келадиган Аҳмад исмли бир пайғамбар ҳақида хушхабар берувчи бўлган ҳолда (юборилдим)”, деган эди. Қачонки (Исо) уларга (ўзининг ҳақ пайғамбар эканлигига) аниқ-равшан ҳужжат-мўъжизалар келтиргач, улар: “Бу очиқ сеҳр”,  дедилар” [Соф: 6].

  • Исо алайҳиссалом охир замонда ерга тушиб, душманлари бўлмиш яҳудларнинг “биз уни ўлдирдик”, деган даъвосини ёлғонга чиқариши, насороларнинг “Исо илоҳ ёки Илоҳнинг ўғли”, деган иддаоларини йўққа чиқариши ва улар исломдан бошқа динда бўлишларига асло рози бўлмаслигига иймон келтирамиз.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, сизларнинг орангизга Ибн Марям тушишига оз қолди (бир ривоятда: “Қиёмат то Ибн Марям сизларнинг орангизга тушмагунга қадар қоим бўлмайди”). У одил ҳакам бўлиб тушади, хочни синдиради, тўнғизни ўлдиради ва жизяни соқит қилади. Мол-давлат ошиб-тошиб кетади, ҳатто уни оладиган одам қолмайди” [Бухорий: 2222 ва Муслим: 155].

Ҳадис шарҳи:

тушишига оз қолди”, яъни яқин орада тушади.

сизларнинг орангизга”, яъни ушбу уммат орасига.

одил ҳакам бўлиб тушади”, яъни Исо алайҳиссалом тушса ислом шариати билан ҳукм қилади. Ислом то қиёматгача боқий шариат бўлиб, ҳаргиз мансух (бекор) қилинмайди. Исо алайҳиссалом ушбу умматнинг ҳоким ва қозиларидан бири бўлади.

хочни синдиради”, яъни ростакамига хочни синдириб, насронийлик динини ва улардаги хочни муқаддаслаштириш ва улуғлаш тўғрисидаги эътиқодни пучга чиқаради.

жизяни соқит қилади” Имом Нававий роҳимаҳуллоҳ ушбу сўзларни изоҳлаб шундай дейди: “Бу сўзларнинг тўғри маъноси шундан иборатки, Исо алайҳиссалом (тушган пайтида) кофирлардан жизя қабул қилмайди, уларнинг исломдан бошқа динда бўлишларига рози бўлмайди. Улардан ҳеч бири жизя тўлаш билан жонини сақлаб қололмайди, балки исломга кириши ёки қатл қилиниши лозим бўлади. Имом Абу Сулаймон Хаттобий ва бошқа уламолар шундай дейишган”.

Мол-давлат ошиб-тошиб кетади”, яъни мол-давлат мўл-кўл бўлади. Адолат ўрнатилгани ва жавру зулм йўқлиги сабабли баракалар ёғилади ва яхшиликлар бирин-кетин кела бошлайди. Бу вақтга келиб, ер ўз хазиналарини сиртга чиқаради, одамлар қиёмат яқинлигини билганлари учун молу мулк орттиришга рағбатлари озаяди. Сўнг Исо алайҳиссалом вафот этадилар ва мусулмонлар у зотнинг жанозасини ўқиб, дафн қилишади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен Исо ибн Марямга энг яқин кишиман. Зеро, у билан менинг ўртамда бирон набий ўтмаган”, деб сўнг Исо алайҳиссалом охир замонда тушиши ҳақида хабар бериб шундай дейдилар: “У Аллоҳ хоҳлаганича ерда яшайди. Сўнг вафот этади ва мусулмонлар унинг жанозасини ўқиб, дафн қилишади” [Аҳмад: 9349. Шайх Албоний “Саҳиҳ ҳадислар тўплами”, (2182) асарида саҳиҳ деган].

  • Исо алайҳиссалом қиёмат куни уни илоҳ деган одамлардан пок ва безор эканини эълон қилади.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Эсланг, (эй Муҳаммад), Аллоҳ: “Эй Исо ибн Марям, одамларга: Аллоҳни қўйиб, мени ва онамни худо қилиб олинглар, деб сен айтдингми? — деганида, (Исо) айтди: Эй пок Парвардигор,  ҳаққим бўлмаган нарсани айтиш мен учун дуруст эмас-ку. Агар айтган бўлганимда, Сен албатта билар эдинг. Зотан Сен дилимдаги бор нарсани билурсан. Аммо мен Сенинг ҳузурингдаги ҳеч нарсани билмасман. Фақат Сен Ўзинг ғайб илмларининг билимдонисан. Мен уларга фақат Ўзинг амр қилган гапнигина айтдим: Парвардигорим ва Парвардигорингиз бўлмиш Аллоҳга ибодат қилингиз! Ва ораларида бўлган муддатимда уларнинг устида гувоҳ бўлиб турдим. Мени Ўз ҳузурингга чорлаганингдан кейин эса, Сен Ўзинг уларнинг устида кузатувчи бўлдинг. Сен Ўзинг ҳамма нарсага гувоҳдирсан” [Моида: 116-117]

Мана шу мусулмонларнинг Исо ибн Марям алайҳиссалом ҳақидаги эътиқодидир.

Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Ким Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиз эканига, Муҳаммад Унинг бандаси ва пайғамбари эканига, Исо Аллоҳнинг бандаси ва пайғамбари, Марямга туширган калимаси (яъни бир калима – “бўл” дейиш билан яратилган банда) ва руҳи (яъни Аллоҳнинг раҳмати ёхуд бир пуфлаш ила яратган бандаси) эканига, жаннат ҳақ эканига, дўзах ҳақ эканига гувоҳлик берса, яъни шуларни тасдиқлаб, иймон келтирса, Аллоҳ таоло уни жаннатнинг саккиз эшигининг хоҳлаганидан киритади” [Бухорий: 3435 ва Муслим: 28].

Аллоҳ таолодан бизларни иймонда собит қилишини ва мўмин ҳолимизда вафот эттиришини сўраб қоламиз. Пайғамбаримиз Муҳаммадга салавоту саломлар бўлсин.

Манба: IslamQA

Изоҳ қолдиринг