Намоз вақтлари ҳақидаги боб (2)

0

Бомдод вақти

Қирқ бешинчи ҳадис

 

عَنْ عَائِشَةَ رضي الله عنها قَالَتْ: ((لَقَدْ كَانَ رَسُولُ اللَّهِ – صلى الله عليه وسلم – يُصَلِّي الْفَجْرَ فَيَشْهَدُ مَعَهُ نِسَاءٌ مِنْ الْمُؤْمِنَاتِ مُتَلَفِّعَاتٍ بِمُرُوطِهِنَّ ثُمَّ يَرْجِعْنَ إلَى بُيُوتِهِنَّ مَا يَعْرِفُهُنَّ أَحَدٌ مِنْ الْغَلَسِ)) .

Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бомдод намозини ўқирдилар. Мўмина аёллар ҳам йўл-йўл ёпинчиқларига ўралиб, у зот билан бирга намозда ҳозир бўлардилар. Намоз тугаб, аёллар уйларига қайтар эканлар, тонг қоронғулигидан уларни биров таниёлмас эди” [Бухорий: 578 ва Муслим: 645].

Шарҳ:

Ойша розияллоҳу анҳо зикр қилишича, саҳобия аёллар ёпинчиқларига ўралган ҳолларида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бомдод намозини ўқиш учун чиқар эдилар. Намоздан сўнг ғира-шира пайтда уйларига қайтар, уларни кўрган одам тонг қоронғулигидан таниёлмас эди.

Уламолар ихтилофи:

Уламолар бомдод намозининг афзал вақти хусусида ихтилоф қилишган. Ҳанафий мазҳаби уламолари қуйидаги ҳадисга биноан бомдодни тонг ёришгач ўқиган афзал, дейишган. Ҳадисда шундай дейилади: “Бомдод намозини тонг ёришгач ўқинглар. Зеро, шундай қилсангиз ажр-савоби кўпроқ бўлади[1]. Имом Термизий роҳимаҳуллоҳ ҳадисни келтириб: “ҳасан саҳиҳ”, деган.

Жумҳур уламолар, жумладан уч имом: Молик, Шофеий ва Аҳмад (Аллоҳ уларни раҳматига олсин) бомдодни ғира-шира, тонг қоронғуси пайтида ўқиш афзал, деган фикрни билдиришган. Улар ўз фикрларини қўллаб-қувватлаш учун бир қанча ҳадислар келтиришган. Ойша розияллоҳу анҳонинг мазкур ҳадиси ҳам шулар жумласидан. Улар биринчи фикр эгалари далил қилган: “Бомдод намозини тонг ёришгач ўқинглар…” ҳадиси хусусида бир қанча жавоблар беришган. Улар орасидаги энг яхшилари қуйидаги икки жавобдир:

1 – “Бомдод намозини тонг ёришгач ўқинглар”, деган буйруқдан унинг вақти қирганига аниқ ишонч ҳосил қилиб, кейин ўқинглар, деган маъно назарда тутилган. Негаки, баъзан шошилиб бомдод вақти кирмасдан, туннинг охирида ўқиб қўйиш ҳам мумкин.

2 – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бомдод намозини тонг ёришгач ўқинглар”, деган сўзлари билан бомдод намозида узоқ қироат қилишга буюрганлар. Негаки, унда узоқ қироат қилиш мустаҳаб саналади. Бомдод намозида узоқ қироат қилинса, намоз тонг ёришиб келаётган пайтда тугатилади.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1 – Бомод намозини аввалги вақтида ўқишга шошилиш мустаҳаб.
2 – Хотин-қизлар намоз ўқиш учун масжидга келишлари жоиз. Бироқ бунда фитна хавфи бўлмаслиги ҳамда ясан-тусан қилмасдан келишлари шарт.

[1] Ҳасан. Абу Довуд (394), Термизий: 154, Насоий: 548 ва бошқалар ривоят қилишган.

Изоҳ қолдиринг