Закотлар миқдори тўғрисидаги ҳадис

0

Закотлар миқдори тўғрисидаги ҳадис

Закотларнинг миқдори баён қилинган ҳадисни имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Анас розияллоҳу анҳуга йўллаган мактубда шундай дейди: “Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мусулмонларга баён қилиб берган ва Аллоҳ Расулига буюрган фарз закотлардир:

Ҳар йигирма тўртта ва ундан оз туядан (то бешта туягача) қўй берилади: ҳар бешта туяга битта қўй.

Агар туялар йигирма бештага етган бўлса, то ўттиз бештагача битта “бинти махоз” (бир ёшга тўлиб икки ёшга ўтган урғочи туя), агар у бўлмаса, битта “ибн лабун” (икки ёшни тўлдириб, уч ёшга ўтган эркак туя) берилади.

Агар туялар сони ўттиз олтитага етса, то қирқ бештагача битта “бинти лабун” (икки ёшни тўлдириб, уч ёшга ўтган урғочи туя) берилади.

Агар туялар қирқ олтитага етса, то олтмиштагача битта қочирилиш ёшига етган “ҳиққа” (уч ёшга тўлиб, тўрт ёшга ўтган урғочи туя) берилади.

Агар олтмиш биттага етса, то етмиш бештагача битта “жазаъаҳ” (тўрт ёшга тўлиб, беш ёшга ўтган урғочи туя) берилади.

Агар етмиш тўрттага етса, то тўқсонтагача иккита “бинти лабун” берилади.

Агар тўқсон биттага етса, то бир юз йигирматагача қочирилиш ёшига етган иккита “ҳиққа” берилади.

Агар бир юз йигирматадан ошса, унда ҳар қирқтасига биттадан “бинти лабун”, ҳар элликтасига эса биттадан “ҳиққа” бериб борилади.

Агар бирон кишининг тўрттадан ортиқ туяси бўлмаса, улардан закот бермайди. Эгаси хоҳлаб закот бериши бундан мустасно.

Яйловда боқиладиган қўй-эчкилардан, агар улар қирқтага етса, то бир юз йигирматагача битта қўй берилади.

Агар бир юз йигирматадан ошса, то икки юзтагача иккита қўй берилади.

Агар икки юзтадан ошса, то уч юзтагача учта қўй берилади.

Агар уч юзтадан ошса, ҳар юзтасидан битта қўй берилади.

Агар кишининг яйловда боқадиган қўй-эчкилари қирқтадан битта камайса ҳам закот бермайди. Эгасининг ўзи хоҳлаб бериши бундан мустасно.

Закот (миқдорининг кўпайиши ёки камайиши)дан қўрқиб (бир неча кишига оид) алоҳида чорва моллари қўшиб ҳисобланмайди, шунингдек,  (бир кишига оид) йиғилиб турган чорва моллари ажратиб ҳисобланмайди. Икки шерик ўртасидаги чорва молларининг закоти (шерикчиликдаги улушларига қараб) ўрталарида тенг бўлинади. Закот учун қари ёки кўр чорва моли ёки така берилмайди. Закот йиғувчи ходимнинг ўзи хоҳлаб олиши бундан мустасно.

Кумуш (закоти)га келсак, икки юз дирҳамдан қирқдан бири берилади. Агар бир юз тўқсон дирҳам бўлса, ундан закот берилмайди. Эгасининг ўзи хоҳлаб бериши бундан мустасно.

Агар кишининг туяларидан “жазаъаҳ” олиниши керак бўлса-ю, бироқ унда “жазаъаҳ” бўлмай, “ҳиққа”си бўлса, ундан “жазаъаҳ”нинг ўрнига “ҳиққа” қабул қилинаверади ва имкони бўлса унга қўшиб иккита қўй ёки йигирма дирҳам ҳам олинади.

Агар кишининг туяларидан “ҳиққа” олиниши керак бўлса-ю, бироқ унда “ҳиққа” бўлмай, балки “жазаъаҳ”си бўлса, ундан “жазаъаҳ” қабул қилиниб, закот йиғувчи ходим унга йигирма дирҳам ёки иккита қўй беради[1].

[1] Бухорий (1448, 1451, 1453, 1454, 2478, 6955), Абу Довуд (1567), Насоий (5/17-23) ва Ибн Можа (1800) ривоят қилишган.

Изоҳ қолдиринг