Тарқоқлик омиллари

0

Савол:

Ҳурматли IxlosOrg ходимлари, менда бир савол бор эди. Мен бир неча жамоатларни кўрдим. Ҳар бир жамоатнинг ўзига яраша етакчилари ва ортидан эргашувчилари бор. Ажабланарли жойи шундаки, бу жамоатларнинг барчаси деярли бир хил эъдиқодда, яъни аҳли суннат ва жамоат эътиқодида бўлишса-да, лекин барчалари ўзидан бошқани залолатда деб айблашади. Бунинг сабаби нима? Наҳотки, умматнинг бирлашиши шу даражада қийин бўлса?!

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;

Аввало, умматни бирлиги учун ғам чекаётганингиз учун Аллоҳ таоло ажрингизни берсин, бу улуғ ишга бўлган интилишингизни янада зиёда қилсин. Агар умматдаги ҳар бир шахс сиз каби бирликка интилганида бугун аҳволимиз ҳозиргидан анча бошқача бўларди.

Бугунги кунда мусулмонлар ўртасида турли хил жамоатлар пайдо бўлиб, ҳар бири ўзидан бошқасини бидъат ва залолат билан айблаши кенг тус олган. Қуйида тарқоқлик омиллари ҳақида қисқача сўз юритиб ўтамиз.

Тарқоқлик омиллари ҳақида сўз юритишдан олдин шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, мусулмонлар ҳар бир каттаю кичик масалаларда бир хил фикрда бўлишларини бирлик деб тушуниш нотўғри. Жамиятда баъзи масалаларда фикрлар бошқача бўлиши табиий ҳол.

Шариатга амал қилиш бирдамликнинг энг асосий омили саналади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло: “Аллоҳнинг арқони – динини маҳкам тутинглар, бўлинманглар” деган. Шариатга эргашмаслик эса тарқоқликнинг энг кучли ва дастлабки омилидир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло ихтилофли ўринларда Аллоҳ ва Расулининг ҳукмига, яъни шариатга мурожаат қилишни буюрган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди: “Агар бирон масалада низолашсангиз, агар Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлсангиз, унинг ҳукмини Аллоҳ ва Расулига қайтаринглар (яъни унинг ечимини Қуръон ва суннатдан изланглар). Мана шу энг яхши ва энг чиройли ечимдир”  (Нисо: 59). Демак бизни бирлаштирадиган нарса бу бизнинг динимиз, унга амал қилмаслик эса тарқоқликнинг энг асосий ва дастлабки омили саналади. Шариатга амал қилиш учун эса аввало уни билиш, кейин эса унга амал қилиш лозим. Хулоса қиладиган бўлсак, тарқоқликнинг омили иккита: ҳақни, яъни шариатни билмаслик, иккинчиси эса ҳаққа эргашмаслик. Бундан бошқа талайгина омиллар ҳам бор, лекин уларнинг асл негизи шу икки омилга бориб тақалади.

Биринчи омил:

Шариатни билмасликни бир неча босқичларга бўлиш мумкин, жумладан:

Жоҳиллик – шариат ҳукмларидан буткул бехабар бўлиш. Аллоҳ таолонинг ҳукмидан бехабар инсонлар учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ваҳий келишидан олдинги араблар ҳолатини мисол қилишимиз мумкин. Улар Аллоҳ таолонинг ҳукмларидан мутлақо бехабар бўлганлари учун уруш ва жанжалдан бошлари чиқмаган. Ҳатто, бир арзимас сабабли бошланган урушлар узоқ йиллар давом этганини тарих китобларида ўқиганмиз.

Шариат ҳумларини тўлиқ билмаслик. Бу ҳам аксар ҳолатларда ихтилофга сабаб бўлади. Бугунги кунда жамоатлар ўртасидаги тарқоқликнинг асосий сабабларидан бири ҳам шариат ҳукмларини тўлиқ билмасликдир. Уламолар турли хил фикр билдирган баъзи масалаларда шу фикрлардан бирини маҳкам ушлаб, иккинчи тарафни кофир, фосиқ ёхуд бидъатчига чиқариш бугунги кунда кўп учрайдиган оддий ҳолатлардан бирига айланиб қолган. Бу ҳолатларни кузатиб туриб, бехосдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Агар иш нолойиқ одамларга топширилса, қиёматни кутавер”, деган сўзларини эслайсан киши. Ваҳоланки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даврларида ҳам баъзи масалаларга эркинлик берилган. Масалан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Асрни ҳамма Бани Қурайзада ўқисин” – деганларида баъзи саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буйруқларига итоат этган ҳолда аср вақти чиқиб кетишига қарамасдан, Бани Қурайзага етиб борганларидан сўнг ўқиганлар, баъзилари эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу сўзларини тез юришга йўйиб, асрни йўлда ўқиб олишган. Бу ҳолат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтилганида ҳар иккала гуруҳни ҳам койимаганлар (Бухорий (3893) ривояти).

Воқеага чуқурроқ назар соладиган бўлсак, бир гуруҳ саҳобалар асрни ўз вақтида ўқимаган ва бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юқоридаги сўзларини далил қилиб келтиришган. Иккинчи бир гуруҳ саҳобалар эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу сўзларини бошқачароқ тушунишган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса ҳар иккала гуруҳ у зотнинг буйруғини бажаришга ҳаракат қилиб, бу борада ижтиҳод қилишгани учун ҳеч бирларини койимаганлари биз учун катта ибрат. Агар биз ҳам оят ва ҳадислардан ҳукм олишда уламоларимиз ижтиҳод қилишганини, хусусан, мазҳаблар орасидаги фарқларни шу тариқа тушунганимизда бугун ўртамизда ҳеч қандай хилоф қолмаган бўларди.

Шариат ҳукмларини тўғри тушунмаслик. Буни шариат ҳукмларини ноўрин татбиқ қилиш деб аташимиз ҳам мумкин. Татбиқ қилмоқчи бўлган ҳукмимиз шариатга мувофиқ бўлиши билан бирга татбиқ қилинаётган шахс ёхуд ҳолат ҳам шариатга мувофиқ бўлиши шарт. Масалан, мунофиқ ва кофирлар тўғрисида айтилган ҳукмларни мусулмонларга татбиқ қилиш уммат ўртасида тарқоқликка сабаб бўлади.

Иккинчи омил:

Шариатга эргашмасликнинг сабаби ҳавои нафсга эргашишдир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг бир неча ўринларида шариатга амал қилиш, унинг ҳукмларига бўйсуниш билан ҳавои нафсга эргашишни қарама-қарши қилиб келтирган. Масалан, Сод сурасида Аллоҳ таоло: “Эй Дувуд, Биз сени ерга халифа қилдик. Шундай экан, одамлар ўртасида ҳақ билан ҳукм қил ва ҳавои нафсга эргашма. Акс ҳолда, бу иш сени Аллоҳнинг йўлидан адаштиради” (Сод: 26), Жосия сурасида эса: “Сўнг сизни бизнинг буйруғимиздан иборат йўлда қилдик. Шундай экан, бу йўлга эргашинг ва билмайдиган кимсаларнинг ҳавои нафсига эргашманг” (Жосия: 18) – деган. Демак, шариатга эргашмасликнинг асосий сабаби ҳавои нафсга эргашиш экан. Шунинг учун биз ҳавои нафсга эргашишни тарқоқликнинг иккинчи омили ўлароқ зикр қилдик.

Ҳавои нафс деганда фақатгина инсоннинг хоҳиш ва истакларини тушунишимиз нотўғри. Тўғри, аксар ҳолларда инсон ўзига ёқмаган ҳукмларни олмаслиги ёки тамбаллиги сабабли баъзи буйруқларни бажармаслиги кўп учрайди. Лекин бу каби ишлар тарқоқликка қаттиқ таъсир қилмайди. Биз тарқоқлик омили сифатида ҳавои нафсга эргашишни зикр қилар эканмиз, қуйидаги иллатларни назарда тутмоқдамиз:

Кибр

Кибр қалбдаги касаллик бўлиб, инсон ҳаққа эргашмаслиги ва уни тан олмаслигининг асосий сабаби саналади. Аллоҳ таолога илк бор осий бўлган шайтон ҳам кибр сабабли Одам алайҳиссаломга сажда қилишдан бош тортган ва шу сабабли Аллоҳнинг ғазабига гирифтор бўлган эди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло: “Биз фаришталарга: “Одамга сажда қилинглар” – деганимизда улар сажда қилдилар. Бироқ иблис бош тортиб, кибрланди ва кофирлардан бўлди” – дейди (Бақара: 34). Бугунги кунимизда “фалончи мендан кучли эмас”, “бу одам шариатни тушунмайди”, “у мен ўқиган китобларни ўқимаган” каби айблар билан, бошқача қилиб айтганда бировни айблаш эвазига ўзига бино қўяётган, қалбидаги кибри ҳақни тан олишига йўл қўймагани сабабли умматнинг бирлиги йўқолишига сабаб бўлаётган биродарларимиз бу хасталикка чалинган кишиларга жаннат ҳаром эканини унутмасинлар. Бунинг акси ўлароқ, жамиятда бирлик мустаҳкамлашиши учун ҳар бир шахс, хусусан, жамоат етакчилари тавозели бўлишлари лозим.

Ҳасад

Ҳасад нафақат шариатга эргашмаслик, балки диндан чиқишга ҳам сабаб бўлади, Аллоҳ асрасин. Бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ваҳий келганида яҳуд ва насронийлар ҳасад қилиб, исломни қабул қилмаганлари яққол мисол бўлади. Шунинг учун аксар ҳолатларда жамоатлар ўртасидаги келишмовчиликларга бир жамоатнинг бошлиғи нариги жамоат раҳнамосини кўра олмаслиги, унга ҳасад қилиши, унинг ўрнини эгаллашни хоҳлаши сабаб бўлади. Биз учун ким орқали бўлишидан қатъий назар, муҳими ҳақнинг тарқалиши бўлганида ўртада бир-бирини кўра олмаслик бўлмасди.

Мансабпарастлик

Бу иллат ҳаққа эргашишга монелик қилиши бизга Ираклий қиссасини эслатади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мактубларини олган Ираклий у зотнинг ҳақиқий пайғамбар эканини билади. Сўнг бу динни қабул қилмоқчи бўлиб, Рим зодагонларини Ҳимс шаҳрига йиғади. Уларга исломни таклиф қилганида қавми таклифини рад этганини кўрган Ираклий мансабидан ажралиб қолишдан қўрқиб, исломни қабул қилмайди (Бухорий (7) ривояти).

Мутаассиблик

Муайян бир шахс, миллат ёки мазҳабга қаттиқ мутаасиблик қилиш ҳам аксар ҳолатларда ҳақни тан олмаслик ва унга эргашмасликка сабаб бўлади. Масалан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даврларида пайғамбарликни даъво қилиб чиққан Мусайламанинг шериклари унинг каззоб эканини тан олишган, лекин “Қурайшдан чиққан пайғамбарга эргашгандан кўра ўзимиздан чиққан каззобга эргашганимиз афзал”, дея мутаассиблик қилганлари сабабли кофир бўлишган.

Тақлид

Аслини олганда тақлид келишмовчиликка  сабаб бўлмаслиги керак. Негаки, инсон ўзи билмаган соҳасида билганларга эргашиши тақлид деб аталади. Демак, ўзи билмагани учун бошқаларга эргашаётган инсон уммат ўртасида ихтилоф чиқишига сабаб бўлмаслиги лозим. Бироқ муайян бир олимга тақлид қилганлар бошқа олимга тақлид қилганларни ўзларининг фикрларига мажбурлашлари ёки улар эргашган олимни камситишлари жиддий келишмовчиликларга сабаб бўлиши тайин.

Юқорида айтиб ўтилган бу иллатлар ҳақни тан олмасликка, бинобарин, жамоатлар ўртасида низо чиқишига сабаб бўлади. Уммат ўртасида низо чиқиб, бирлиги йўқолиши эса муваффақиятсизликка олиб боради. Бугунги кунимизда мусулмонлар муваффақиятсизликка дучор бўлиб, куч-қувватларидан ажраб қолишгани сабабли дунёнинг барча ерида ҳақлари топталаётгани қуйидаги оятнинг тасдиғидир. Аллоҳ таоло айтади: “Аллоҳ ва Расулига итоат қилинглар, тортишманглар, акс ҳолда, муваффақиятсизликка дучор бўласизлар ва куч-қувватларинг йўқолади. Сабр қилинглар, зеро Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир” (Анфол: 46). Демак, тарқоқликка чек қўйиш учун Аллоҳ ва Расулига итоат қилиш, шариат ҳукмларига қарши чиқмаслик ва бу йўлда келадиган балоларга сабр қилиш лозим экан.

Аллоҳ таоло умматимизни ҳақ устида бирлаштирсин, бизни ҳавои нафсига қул бўлиб, авлодини душманлар қўлига топширадиганлардан қилиб қўймасин, бизларга умматни бирлаштириб, душманларни тиз чўктирадиган авлод етиштиришни насиб қилсин!

 

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг