Ошуро куни рўза тутиш

0

(5) Ошуро куни рўза тутиш

Абу Қатода разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Арафа куни тутилган рўза икки йиллик: ўтган ва келажак йилдаги гуноҳларни каффорат қилади. Ошуро куни тутилган рўза эса ўтган йилги гуноҳларни каффорат қилади[1].

Нававий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ушбу ҳадисдаги гуноҳлардан мурод кичик гуноҳлардир”.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккада эканларида ошуро кунида рўза тутар эдилар. Мадинага ҳижрат қилганларидан сўнг одамларни бу кунда рўза тутишга буюрдилар ва ошуро рўзасини тутиш фарз бўлди. Кейинчалик рамазон рўзаси фарз қилингач, ошуро рўзасининг фарзлиги насх (бекор) қилиниб, у кунда рўза тутиш мустаҳаб бўлиб қолди.

“Икки саҳиҳ ҳадислар тўплами”да Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Қурайш жоҳилиятда ошуро кунида рўза тутишарди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам жоҳилият даврида бу кунда рўза тутар эдилар. У зот Мадинага келгач, бу кунда рўза тутдилар ва одамларни ҳам рўза тутишга буюрдилар. Рамазон рўзаси фарз қилингач, ошуро кунида рўза тутиш тарк қилинди; ким хоҳласа тутадиган, ким хоҳламаса тутмайдиган бўлиб қолди[1]. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келганларида яҳудларнинг ошуро куни рўза тутишларига гувоҳ бўлдилар.

“Икки саҳиҳ ҳадислар тўплами”да Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келдилар ва яҳудларнинг ошуро куни рўза тутишларини билдилар. Шунда у зот яҳудлардан сўрадилар: “Сизлар рўза тутадиган бу кун қандай кун?”. Яҳудлар айтдилар: “Бу улуғ бир кун. Бу кунда Аллоҳ Мусо ва унинг қавмига нажот берган, Фиръавн ва қавмини эса сувга ғарқ қилган. Мусо Аллоҳга шукр қилиш учун бу кунда рўза тутган ва биз ҳам шунинг учун рўза тутамиз”. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Ундай бўлса, биз сизлардан кўра Мусога (эргашишга) ҳақлироқмиз”. Шундан сўнг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу кунда рўза тутдилар ва асҳобларини ҳам рўза тутишга буюрдилар[2].

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам умрларининг охирида яҳудлардан фарқли рўза тутишни хоҳладилар. Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Агар келгуси йилга қадар ҳаёт бўлсам, албатта, (муҳаррам ойининг) тўққизинчи куни ҳам рўза тутаман[3].

Бошқа бир ривоятда бундай дейилади: “Келгуси йил келмасидан бурун Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этдилар”. Демак, муҳаррам ойининг тўққизинчи ва ўнинчи кунлари рўза тутиш мустаҳаб экан.

Эслатмалар:
(1) Ошуро куни сурма ёки хина қўйиш, шунингдек, бу кунда ғусл қилиш, бола-чақага саховат кўрсатиш афзаллиги тўғрисида бирон саҳиҳ ҳадислар келмаган. Бу борада келган барча ҳадислар ҳужжатликка ярамайдиган заиф ёки тўқима ҳадислардир.
(2) Ошуро куни Ҳусайн разияллоҳу анҳу ўлдирилгани муносабати билан шиа тоифасининг бу кунда мотам тутиши улар ўйлаб топган залолатдир. Зеро, на Аллоҳ таоло ва на Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбарларга мусибат етган ёки вафот этган кунларда мотам тутишга буюрган. Шундай экан, пайғамбарлардан бошқа солиҳ инсонлар учун мотам тутиш қаёқдан жоиз бўлсин?!
(3) Имом Аҳмад ривоят қилган баъзи ҳадисларда: “Ошуро куни рўза тутинглар, яҳудларга хилоф иш тутинглар: ундан бир кун олдин ёки бир кун кейин ҳам рўза тутинглар[4], дейилган. Бироқ бу заиф ҳадис. Чунки ҳадис санадида Ибн Абу Лайло мавжуд бўлиб, унинг хотираси яхши эмас. Қолаверса, Ато ва Ибн Абу Лайлога нисбатан ишончли бошқа кишилар ривоятда унга хилоф қилганлар. Улар ҳадисни саҳиҳ санад билан “мавқуф” ҳолатда, яъни Ибн Аббос разияллоҳу анҳумонинг сўзи сифатида ривоят қилишган. Ҳадис матни қуйидагича: (Муҳаррам ойининг) тўққизинчи ва ўнинчи кунларида рўза тутинглар, яҳудларга хилоф қилинглар[5]. Ҳадисда ўн биринчи кун зикр қилинмаган.

(4) Юқорида ўтган эслатмага биноан, агар инсон тўққизинчи куни рўза тутишга имкон топмаса, фақат ўнинчи куни рўза тутиши жоиз ва бунинг бирон макруҳлик жойи йўқ.

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ошуро куни тутилган рўза бир йиллик гуноҳларга каффоратдир. Фақат шу куни рўза тутиш макруҳ эмас[6].

[1] Муслим (1163), Абу Довуд (2429), Термизий (740) ва Ибн Можа (1742) ривоят қилишган.
[2] Бухорий (2002), Муслим (1125) ва Абу Довуд (2441) ривоят қилишган.
[3] Бухорий (2004), Муслим (1130) ва Абу Довуд (2444) ривоят қилишган.
[4] Муслим (1134) ва Абу Довуд (2445) ривоят қилишган.
[5] Имом Аҳмад (1/241) ва Ибн Хузайма (2095) ривоят қилишган.  Ҳадисни Шайх Албоний “Ибн Хузайма” асарига ёзган изоҳларида заиф деган, шунингдек, уни шайх Шуайб Арноут ҳам заифга чиқарган. Қаранг: “Зодул маод”, 2/69.
[6] Абдурраззоқ (7839) ва Байҳақий (4/287) ривоят қилишган.
[7] “Ал-ихтиёрот ал-фиқҳийя”, 110-бет.

Изоҳ қолдиринг