Умар розияллоҳу анҳу: Мадинадаги ҳаётидан лавҳалар

0

Умар розияллоҳу анҳу имкон топилди дегунча Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларида бўлишга ҳаракат қилар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суҳбатларида ўтирса, то у зот туриб кетмагунларича ўрнидан қимирламас эди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хутба қилиб турганларида Мадинага карвон кириб келганида қимирламасдан хутбага қулоқ солишда давом этган ва карвон сари чопиб кетмаган оз сонли саҳобалардан бири бўлганди[1]. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг дарсларига, илм ва мавъиза ҳалқаларига фаол қатнашар, тушунмаган нарсаларини тортинмай сўрар, хусусий ва умумий ишларда у зотга саволлар берар эди. Шунинг учун ҳам у Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан 539 (бир ривоятда 537) ҳадис ривоят қилган[2] бўлиб, улардан йигирма олтитаси муттафақун алайҳ (яъни, саҳиҳлигига Бухорий ва Муслим иттифоқ қилган) ҳадислардир. Бухорий алоҳида ҳолда ўттиз тўртта ҳадисни, Муслим алоҳида ҳолда йигирма битта ҳадисни Умардан ривоят қилганлар[3]. Қолган ҳадислар бошқа ҳадис тўпламларида келган. Аллоҳ таоло Умар розияллоҳу анҳуни иймон, ислом, эҳсон, қазо ва қадар ҳақиқатлари борасида, илм, зикр, дуо, таҳорат, намоз, жаноза, закот ва садақалар, рўза, ҳаж ҳукмларига оид, никоҳ, талоқ, насаблар, мерос тақсимоти, васиятлар тўғрисида, муомалалар ва жиноий жазолар ҳақида, либослар, емак-ичмаклар ва гўштлар мавзусида, ахлоқ, зуҳд, рақоиқ, маноқиб, фитналар ва қиёмат ҳолатлари ҳақида, халифалик, амирлик, қозилик мавзуларида кўплаб муҳим ҳадисларни ривоят қилишга муваффақ қилди. Ушбу ҳадислар турли исломий илмларда асосий манбалар қаторидан ўрин олган[4].

Қуйида Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг Мадинада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёнларида кечирган ҳаётидан тарбиявий ва ижтимоий кўринишга молик айрим лавҳаларни берамиз.

  • Эй Умар, сўровчи кимлигини биласизми?

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо айтишича, Умар розияллоҳу анҳу унга шундай айтиб берган экан: “Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурида ўтирган эдик, кутилмаганда ҳузуримизга оппоқ либосли, тимқора сочли, барчага нотаниш, айни пайтда мусофирликка далолат қиладиган бирон асорати бўлмаган бир киши кириб келди. Келиб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундоққина яқинларига ўтириб, икки тиззасини у зотнинг тиззаларига, икки қўлини икки сони устига қўйиб: “Эй Муҳаммад, менга ислом тўғрисида маълумот беринг”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ислом Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ эканига ва Муҳаммад Аллоҳнинг Расули эканига гувоҳлик беришинг, намоз ўқишинг, закот беришинг, рамазон ойи рўзасини тутишинг ва агар йўлига қодир бўлсанг Каъбани ҳаж қилишингдир”, дедилар. У: “Рост айтдингиз”, деди. Биз унинг ўзи сўраб, ўзи у зотнинг сўзларини тасдиқлаганидан ажабландик. Кейин у: “Менга иймон тўғрисида маълумот беринг”, деди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Иймон Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига ва тақдирнинг яхши-ёмонига иймон келтиришингдир”, дедилар. “Рост айтдингиз”, деди у яна. Сўнг: “Менга эҳсон тўғрисида маълумот беринг”, деди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эҳсон гўё Аллоҳни кўриб тургандек, борди-ю Уни кўриб тургандек бўлолмасанг, лоақал Унинг сени кўриб туришини эслаб Унга ибодат қилишингдир”, дедилар. “Менга қиёмат қойим бўлиш вақти тўғрисида  маълумот беринг”, деди у кимса. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Қиёмат қойим бўлиш вақти тўғрисида сўралган киши бу борада сўровчидан билувчироқ эмас”. “(Ундай бўлса) менга қиёматнинг аломатлари ҳақида маълумот беринг”, деди у. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “(Қиёматнинг аломатларидан бири) чўри аёл ўз хожасини туғиши ва ялангоёқ, яланғоч, йўқсил чўпонларнинг баланд иморатлар қуриш билан фахрланишини кўрмоғингдир”. Шундан сўнг нотаниш кимса чиқиб кетди. Орадан анча вақт (уч кун) ўтгач Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Эй Умар, савол сўраган кимлигини биласизми?”. Мен: “Аллоҳ ва Расули билувчидир”, дедим. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Келган Жаброил эди, сизларга динингизни ўргатиш учун келибди”, дедилар”[5].

Ушбу ҳадис Умар Форуқнинг иймон, ислом ва эҳсон маъноларини энг улуғ фаришта ва энг афзал пайғамбар ўртасида бўлиб ўтган савол-жавоб воситасида қандай ўрганганини кўрсатади.

  • Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг фикрини тўғри санаганлари:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Биз бир неча киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам атрофларида ўтирган эдик, орамизда Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумо ҳам бор эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам орамиздан туриб кетдилар ва анча ҳаяллаб қолдилар. У кишига бирор кор-ҳол етишидан қўрқдик ва хавотирланиб, ўрнимиздан турдик. Биринчи бўлиб мен хавотир олдим ва у зотни қидиришга чиқиб кетдим. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни излаб, Бани Нажжорлик ансорларга қарашли бир боғ ёнига келиб қолдим. Боғнинг эшигини қидириб, атрофида айланиб юрарканман, Хорижа қудуғидан боғ ичига кириб кетган бир ариққа кўзим тушди. Ариқ ичидан ўрмалаб, боғ ичига кирдим. Қарасам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шу ерда эканлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Абу Ҳурайра?”, дедилар. Мен: “Ҳа, менман эй Расулуллоҳ”, дедим. “Ҳа, нима бўлди?”, дедилар. Мен: “Сиз бизнинг орамизда ўтирган эдингиз, туриб чиқиб кетдингиз ва узоқ ҳаяллаб қолдингиз. Сизга бизсиз бирор кор-ҳол етишидан қўрқиб, хавотирландик. Мен биринчи бўлиб хавотир олдим ва сизни қидириб, шу боққа келиб қолдим. Сўнг тулкига ўхшаб ер бағирлаб, ариқ ичидан боққа кирдим. Бошқа одамлар ортимда қолган”, дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Абу Ҳурайра – дедилар ва оёқ кийимларини менга узатиб: – ушбу пойафзалим билан бор ва боғ ортида қалбидан ишонч билан “Ла илаҳа иллаллоҳ” деб гувоҳлик берадиган кимни кўрсанг, унга жаннатнинг башоратини бер”, дедилар. Мен биринчи бўлиб Умарни учратдим. У: “Бу қандай оёқ кийим, эй Абу Ҳурайра?” деди. Мен: “Бу Расулуллоҳнинг оёқ кийимлари, мени у билан жўнатдилар ва кимки қалбидан ишонч билан “Ла илаҳа иллаллоҳ” деб гувоҳлик берса, унга жаннатнинг башоратини беришимга буюрдилар”, дедим. Шунда Умар кўкрагимга бир мушт туширди. Мен кетим билан ерга ўтириб қолдим. У: “Қайт, эй Абу Ҳурайра”, деди. Мен йиғламсираб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига қайтдим. Умар ҳам ортимдан етиб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сенга нима бўлди, эй Абу Ҳурайра?”, дедилар. Мен: “Умарга йўлиқиб, менга айтиб юборган сўзларингизни айтган эдим, у кўкрагимга мушт туширди, ерга ўтириб қолдим”, дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Умар, нега бундай қилдинг?!”, дедилар. Умар: “Ота-онам сизга фидо бўлсин, ё Расулуллоҳ, сиз қалбидан ишонч билан “Ла илаҳа иллаллоҳ” деб гувоҳлик берган қай бир киши йўлиқса, унга жаннат башоратини беришни тайинлаб, Абу Ҳурайрани пойафзалингиз билан юбордингизми?”, деб сўради. У зот: “Ҳа”, дедилар. Умар: “Бундай қилманг, мен одамларни ушбу башоратга суяниб қолишларидан қўрқаман, уларни ўз ҳолига қўйинг, амал қилсинлар”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Майли, уларни ўз ҳолига қўй”, дедилар[6].

  • Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларнинг билим манбаи бир бўлишини истаганлари:

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умар ибн Хаттобнинг қўлида Тавротнинг варағини кўриб: “Сизлар ҳали ҳам шубҳадамисизлар, эй Ибн Хаттоб?! Қасамки, мен бу динни соф ва тиниқ ҳолда келтирдим.  Агар Мусо тирик бўлганида, у учун менга эргашишдан бошқа йўл қолмас эди”, дедилар. Бошқа бир ривоятда: “Агар Мусо тирик бўлиб, сизлар мени қўйиб, унга эргашганингизда, шак-шубҳасиз, адашган бўлардингиз”, дедилар[7].

  • Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аввалгилару охиргилар ҳақида сўзлаганлари:

Ториқ ибн Шиҳоб айтади: “Мен Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг шундай деганларини эшитганман: “Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга узоқ сўзладилар, яратилишнинг бошланишидан тортиб, то (қиёмат куни) жаннат аҳлининг жаннатга кириши ва дўзах аҳлининг дўзахга киришигача сўзладилар. Бу сўзларини ёдлаб олган ёдлаб олди, унутган унутиб юборди”[8].

  • Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ота-боболар номига қасам ичишдан қайтарганлари ва Аллоҳга таваккул қилишга тарғиб қилганлари:

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Умар ибн Хаттоб шундай деди: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Аллоҳ азза ва жалла сизларни ота-боболарингиз номига қасам ичишдан қайтаради”, деганларини эшитганман. Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан шу сўзни эшитганимдан бошлаб, ўшандай қасам ичмадим, ўзимнинг гапимда ҳам, бошқалардан ҳикоя қилиб ҳам шу сўзни айтмадим”[9].

Умар розияллоҳу анҳу айтади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитганман: “Агар сизлар Аллоҳга ҳақиқий таваккул қилганингизда эди, У сизларга эрталаб оч чиқиб кетиб, кечқурун тўқ қайтадиган қушларга ризқ бергани каби ризқ берган бўларди”[10].

  • Аллоҳни Раб деб, Исломни дин деб, Муҳаммадни пайғамбар деб рози бўлдим:

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан у зотга ёқмайдиган баъзи саволлар сўралди ва бундай саволлар кўпайиб кетгач, ғазабланиб: “Истаган нарсаларингизни сўрайверинглар!”, дедилар. Бир киши: “Менинг отам ким?”, деб сўради. “Отанг Ҳузофа”, дедилар. Яна бир киши туриб: “Менинг отам ким?”, деб сўраган эди, “Отанг Шайбанинг мавлоси Солим”, дедилар. Умар у зотнинг юзларида ғазаб аломатларини кўргач: “Ё Расулуллоҳ, Аллоҳга тавба қилдик”, деди[11]. Бир ривоятда: Умар тиз чўкиб: “Аллоҳни Раб деб, Исломни дин деб, Муҳаммадни пайғамбар деб рози бўлдик”, деди[12].

[1] Муслим (863). “Ал-эҳсон фий тақриб саҳиҳ ибн ҳиббон” (15/300).
[2] Суютий, “Тарихул хулафо” (133-бет).
[3] “Далилул фолиҳийн ли туруқ риёзис солиҳийн” (1/40).
[4] Доктор Али Хатиб, “Умар ибн Хаттоб” (112-бет).
[5] Муслим ривояти, “Иймон китоби”, “Иймон, ислом, эҳсон ва Аллоҳнинг тақдирини исботлашга иймон келтириш вожиблиги тўғрисидаги боб”, 1, 8-ҳадислар.
[6] Муслим ривояти, “Китобул иймон” (31).
[7] “Муснад Аҳмад” (3/387). Фатово (11/232).
[8] Бухорий, “Китобу бадъил халқ” (192).
[9]  Муснад Аҳмад (122). Бухорий шартига кўра исноди саҳиҳ.
[10]  Муснад Аҳмад (205).
[11] Бухорий (92). Муслим (2360).
[12] Бухорий (93). Муслим (2359).

Изоҳ қолдиринг