Усмоннинг халифалигига ижмоъ борлиги

0

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари, шунингдек улардан кейин ўтган ва уларнинг йўлларига яхшилик билан эргашган аҳли суннат ва жамоат Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуни Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан кейин халифаликка энг муносиб киши эканига ижмоъ-иттифоқ қилганлар. Бу борада ҳеч ким ихтилоф қилмаган ва бунга ҳеч ким қарши чиқмаган. Балки ҳамма унинг икки халифа – Абу Бакр ва Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳумодан кейин халқлар ичида энг афзал зот эканига иттифоқ қилгани учун унинг халифалигига рози бўлган. Умар розияллоҳу анҳудан сўнг халифаликка Усмон розияллоҳу анҳунинг лойиқ ва ҳақлилигига бир қанча аҳли илм ва аҳли ҳадис уламолар томонидан ижмоъ нақл қилинган. Қуйида улардан айримларини келтирамиз:

  • Ибн Аби Шайба Ҳориса ибн Музоррибдан ривоят қилади: “Мен Умарнинг амирлиги даврида ҳажга борганман. Ўшанда халифалик ундан сўнг Усмонга ўтиши ҳақида ҳеч ким шубҳа қилмас эди”[1].

  • Абу Нуайм Асбаҳоний Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: Мен Умар билан бирга турган эдим, тиззам унинг тиззасига тегиб турарди, “Қавминг кимни амир қиладилар деб ўйлайсан?”, деб сўради. “Одамлар ишларини Усмон Ибн Аффонга топширдилар”, дедим[2].

  • Ҳофиз Заҳабий Шарик ибн Абдуллоҳ Қозийдан нақл қилади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этганларидан сўнг мусулмонлар Абу Бакрни халифа қилдилар. Агар улар Абу Бакрдан кўра афзалроқ бирон кишини била туриб, шундай қилганларида, бу ишлари хиёнат саналарди. Сўнг Абу Бакр ўзидан сўнг Умарни халифа қилиб қолдирди. У одамларни ҳақ ва адолат билан бошқарди. Ўлими олдидан халифалик ишини олти кишилик шўрога топширди. Улар Усмонга иттифоқ қилдилар. Агар ораларида Усмондан кўра афзалроқ киши борлигини била туриб шундай қилишганида, бу билан бизга хиёнат қилган бўлардилар”[3].

Мазкур нақлларда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари ичида ҳали Умар ибн Хаттоб ҳаётлик пайтидаёқ ундан сўнг халифаликка Усмон ибн Аффоннинг ҳақдорлигига ишонч бўлгани кўринади. Бунинг учун асос бор эди, албатта. Чунки улар халифалик тартибида Умардан сўнг Усмон келиши ҳақидаги бир қанча нас (далил)лардан бохабар эдилар. Қолаверса, улар Абу Бакр ва Умар ибн Хаттобдан сўнг одамларнинг энг афзали сўзсиз Усмон ибн Аффон эканини яхши билардилар[4].

Ибн Саъд Наззол ибн Сабрадан ривоят қилади: Абдуллоҳ ибн Масъуд Усмон (розияллоҳу анҳумо) халифа қилинганидан сўнг: “Тириклар ичида энг яхшисини амир қилдик ва (энг яхшимизни танлашда) бор кучимизни аямадик”, деди[5].

  • Ҳасан ибн Муҳаммад Заъфароний Имом Шофеийдан ривоят қилиб, айтади: “Одамлар Абу Бакрнинг хилофатига ижмоъ қилдилар. Абу Бакр Умарни халифа қилиб қолдирди. Умар эса ишни олти кишилик кенгашга топширди ва ичларидан бир кишини халифа қилишларини буюрди. Улар Усмон ибн Аффонни халифаликка танладилар. Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин”[6]. Абу Ҳомид Муҳаммад Мақдисий қуйидаги сўзларни Имом Шофеийга нисбат берган: “Билингларки, Умар розияллоҳу анҳудан кейин ҳақ имом Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудир. Зотан, шўро аҳли имом танлашни Абдураҳмон ибн Авфга топширган, у Усмон ибн Аффонни танлаган, саҳобалар шунга ижмоъ қилганлар ва унинг танловини тўғри деб топганлар. Усмон розияллоҳу анҳу то шаҳид бўлгунига қадар одамларни ҳақ йўл устида бошқарди ва адолат ўрнатди”[7].

  • Ибн Таймия Имом Аҳмаднинг ушбу сўзларини ривоят қилган: “Саҳобалар бошқа бирон кишининг байъатига Усмоннинг байъатига йиғилганларича йиғилмаганлар”[8].

  • Абул Ҳасан Ашъарий айтади: “Умар розияллоҳу анҳудан кейин Усмон розияллоҳу анҳунинг имомлиги Умарнинг буйруғи билан тузилган шўро аҳли томонидан берилган аҳд билан собит бўлди. Ўшалар уни танладилар, унинг имомлигига рози бўлдилар, унинг адолати ва фазилатига иттифоқ қилдилар”[9].

  • Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: “Барча мусулмонлар Усмон ибн Аффонга байъат бердилар, ҳеч ким байъатдан ўзини тортмади. Шавкатли ва қудратли кишилар байъат қилиши билан у имомга айланди. Йўқса, фаразан агар Абдураҳмон унга байъат берса-ю, Али ёки бошқа эътиборли ва сўзлари ўтадиган саҳобалар байъат бермаса, у имом бўлолмас эди. Ўшанда Умар ишни олти кишидан – Усмон, Али, Талҳа, Зубайр, Саъд, Абдураҳмондан – иборат шўрога топширди. Кейин Талҳа, Зубайр ва Саъд ихтиёрий равишда ўз номзодларини қайтариб олдилар. Абдураҳмон ҳам сайланишдан воз кечди ва охир-оқибат Усмон билан Алидан бирини танлаш унга топширилди. Шундан сўнг Абдураҳмон уч кечани кўзига деярли уйқу қўнмасдан ўтказди. Шу кунлар мобайнида у пешқадам саҳобалардан тортиб уларга яхшилик билан эргашган издошларигача, ўлкаларнинг амирларидан тортиб (улар ўша йили Умар билан бирга ҳаж қилишга келгандилар) оддий кишиларгача, барча-барчанинг фикрини олди. Мусулмонлар Усмон халифа бўлишига овоз бердилар, ҳеч қандай қизиқтириш ва қўрқитувларсиз, ўз ихтиёрлари билан унга байъат бердилар. Шунинг учун ҳам Аюб Сахтиёний, Аҳмад ибн Ҳанбал, Дорақутний каби бир қанча фозил ва имом зотлар: “Ким Алини Усмондан муқаддам қўйса, у муҳожиру ансорларга нисбатан ёмон гумонда бўлибди”, деганлар. Бу эса Усмоннинг энг афзал киши бўлганига далилдир. Чунки улар ўз ихтиёрлари ва фикрлари билан уни муқаддам қилгандилар”[10].

  • Ҳофиз Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ Усмоннинг халифа қилинишига саҳобаларнинг ижмосини нақл қилиб, шундай дейди: Ривоят қилинишича, шўро аҳли мусулмонлар учун уларнинг энг афзали бўлган кишини халифаликка танлаш ишини Абдураҳмонга топширгач, у энг аввал шўро аҳлидан, кейин бошқалардан сўраб чиқди, улар асосан Усмон ибн Аффонни ихтиёр қилдилар. Абдураҳмон Али билан ёлғиз сўзлашиб, ундан: “Агар сизни тайинламасам, сиз кимни халифаликка кўрсатасиз?”, деб сўради. У: “Усмон ибн Аффонни”, деди. Кейин Усмондан: “Агар сизни тайинламасам, сиз кимни халифаликка кўрсатасиз?”, деб сўради. У: “Али ибн Абу Толибни”, деб жавоб берди. Афтидан, бу сўзлашув уч кунлик оммавий сўзлашувлардан олдин бўлганди. Шундан сўнг у бошқа саҳобалар билан ҳам бирма-бир гаплашиб чиқди. Мадина оралаб, йўлида учраган ҳар бир кишининг фикрини ўрганди. Катта саҳобалар ва ҳарбий қўмондонлар билан алоҳида гаплашди. Унинг маслаҳатлашувидан аёллар ҳам четда қолмади, улар ҳам ўз фикрларини билдирдилар. Ҳатто мактабдаги ёш болаларнинг ва ўша кунлари Мадинага кириб келган мусофирлар ва аъробийларнинг ҳам фикрини сўраб чиқди. Шу уч кун мобайнида унинг кўзларига деярли уйқу қўнмади. У деярли барча вақтини фақат дуо, намоз, истихора ва халқ билан сўзлашувларда ўтказди. Сўзлашувлар натижасида у халқлар Усмон ибн Аффонга ҳеч кимни тенг кўрмаслигини аниқлади. Умар ибн Хаттоб вафотидан сўнг халифа сайланиши учун берилган уч кунлик муҳлатнинг охирги куни ярим тунда у жияни Мисвар ибн Махраманинг уйига келиб, унга Али ва Усмонни чақириб келишини буюрди. Икковлари келгач, Абдураҳмон уларга одамлар билан бўлган сўзлашувлари ҳақида хабар берди, одамларнинг шу икковларидан бошқа бирон кишининг халифа бўлишига рози эмасликларини айтди. Кейин ҳар иккисидан яна бир бор, агар уни халифаликка тайин қилса, албатта адолат қилишга, аксинча бўлса, сайланган халифага итоат қилишга ваъдаларини олди. Сўнг масжидга чиқиб борди, бошига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўраб қўйган саллани кийиб олган ва белига қилич таққан эди. Муҳожиру ансорларнинг пешволарига одам юборди, барча одамларни масжидга келишга чорлатиб, жар солдирди. Масжид одамлар билан лиқ тўлди, жой йўқлигидан одамлар бир-бирларига ёпишиб ўтирдилар. Усмон ўта ҳаёли ва тортинчоқ киши эди, унга ҳам ўтиришга жой топилмасдан, охирги қаторлардан бирига жойлашди. Сўнг Абдураҳмон ибн Авф Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг минбарларига кўтарилди, одамларга эшиттирмай узоқ дуо қилиб турди. Сўнгра гап бошлаб: “Эй одамлар! Мен сизлар билан бўлғуси халифа ҳақида сўзлашдим, сизлардан махфий-у ошкор тарзда сўраб чиқдим, билдимки, ҳеч бирингиз шу икковларидан – Али ва Усмондан – бошқага рози эмас экан”, деди. Сўнг: “Буёққа келинг, эй Али”, деди. Али келиб, минбар ёнида турди. Абдураҳмон унинг қўлидан тутиб: “Сиз мен билан Аллоҳнинг Китоби, Расулининг Суннати ҳамда Абу Бакр ва Умарнинг тутган тутумида юришга байъатлашасизми?”, деб сўради. Али: “Фақат кучим ва имкониятим доирасида”, деб жавоб берди. Сўнгра унинг қўлини қўйиб юбориб: “Буёққа келинг, эй Усмон”, деди. Кейин Усмоннинг қўлидан тутиб: “Сиз мен билан Аллоҳнинг Китоби, Расулининг Суннати ҳамда Абу Бакр ва Умарнинг тутган тутумида юришга байъатлашасизми?”, деб сўради. У: “Ҳа, албатта”, деб жавоб берди. Шундан сўнг Абдураҳмон масжид шифтига юзланган ҳолда, Усмоннинг қўлидан тутганича: “Эй Аллоҳ, эшит ва гувоҳ бўл! Эй Аллоҳ, эшит ва гувоҳ бўл! Эй Аллоҳ, эшит ва гувоҳ бўл! Эй Аллоҳ, мен зиммамдаги бу ишни Усмоннинг зиммасига ўтказдим”, деб хитоб қилди. Одамлар гуриллаб қўзғолиб, Усмонга байъат бера бошладилар, минбар остида Усмоннинг атрофида одам тиқилиб кетди. Абдураҳмон Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўтирадиган ўринларига ўтирди, Усмонни кейинги поғонага ўтиргизди. Одамлар келиб, бирма-бир байъат бера бошладилар. Али ибн Абу Толиб биринчи бўлиб, бир ривоятда иккинчи бўлиб байъат берди[11].

Юқорида келтирилган нақллардан маълум бўладики, халифалик байъати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга берилиши барча саҳобаларнинг (Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин) ижмоъ-иттифоқлари билан ҳосил бўлди, улардан ҳеч ким бунга қаршилик билдирмади.

Алини Усмондан муқаддам қўйиш ҳукми:

Аҳли суннат эътиқоди шуки, улар Алини Абу Бакр ва Умардан муқаддам қўйган кишини адашган бидъатчи санайдилар. Алини Усмондан муқаддам қўйган кишини эса хатокор деб биладилар, бироқ адашган бидъатчи санамайдилар[12]. Аҳли илмлар ичида Алини Усмондан муқаддам ўринга қўйган киши ҳақида қаттиқ гапирган ва: “Кимда-ким Алини Усмондан муқаддам қўйса, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари омонатга хиёнат қилиб, Али ўрнига Усмонни (розияллоҳу анҳумо) халифаликка ихтиёр қилишган, деб даъво қилган бўлади”, деган кишилар ҳам бор[13].

Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: “Гарчи бу масала – Усмон ва Али масаласи – унга мухолиф бўлган киши жумҳур аҳли суннат наздида ҳақдан озган ва адашган деб саналадиган асл-асослардан бўлмаса-да, аҳли суннат иши (эътиқоди) Усмонни муқаддам қўйишга қарорланган. Аммо унда мухолиф бўлган киши йўлдан озган деб саналадиган масала – халифалик масаласидир. Боиси, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейинги биринчи халифа Абу Бакр, ундан кейин Умар, ундан кейин Усмон, ундан кейин Али деб ишонадилар. Ким ушбу имомлардан бирорталарининг халифалигини ноҳақ деб айтса, у кимсани гумроҳликда эшакдан ҳам баттар деб биладилар”[14].

Илм аҳлларининг Алини Усмондан афзал кўриш масаласидаги сўзлари:

Бу борада икки хил сўз бор.

Биринчиси: Мумкин эмас. Ким Алини Усмондан афзал санаса, саҳобалар ижмосига хилоф қилгани учун суннатдан чиқиб, бидъатга кирган бўлади. Шунинг учун ҳам “Ким Алини Усмондан муқаддам қўйса, у муҳожиру ансорларга нисбатан ёмон гумонда бўлибди”, деб айтилган. Бу сўз Аюб Сахтиёний, Аҳмад ибн Ҳанбал, Дорақутний ва бошқа бир қанча имомлардан ривоят қилинган.

Иккинчиси: Алини муқаддам қўйган киши бидъатчи саналмайди. Чунки Усмон билан Алининг ҳоли (даражаси) бир-бирига жуда яқиндир[15].

[1] Ибн Аби Шайба, “Мусаннаф” (14/588).
[2] Асбаҳоний, “Китобул имома вар-рад алар-рофиза” (306-бет).
[3] Заҳабий, “Мезонул эътидол фий нақдир рижол” (2/273).
[4] Доктор Носир ибн Али Ойиз, “Ақийдату аҳлис сунна валжамоа фис саҳоба” (2/666).
[5] Ибн Саъд, “Табақот кубро” (3/63).
[6] Байҳақий, “Маноқиби Шофеий (1/434).
[7] “Ар-радду алар рофиза” (319-бет).
[8] Минҳожус сунна (3/166). Халлол, “Сунна” (320-бет).
[9] Ибона ан усулид диёна” (68-бет).
[10] “Минҳожус сунна” (1/134).
[11] Бидоя ва ниҳоя (7/159-161).
[12] Мажмуул фатово (3/101).
[13] Усмон Хамис, “Ҳуқба минат тарих” (66-бет).
[14] Мажмуул фатово (3/101, 102).
[15] Аввалги манба.

Изоҳ қолдиринг