Намоз вақтлари ҳақидаги боб (5)

0

 

Қирқ саккизинчи ҳадис

 

عَنْ عَلِيٍّ – رضي الله عنه -: أَنَّ النَّبِيَّ – صلى الله عليه وسلم – قَالَ يَوْمَ الْخَنْدَقِ: ((مَلأَ اللَّهُ قُبُورَهُمْ وَبُيُوتَهُمْ نَارًا كَمَا شَغَلُونَا عَنْ الصَّلاةِ الْوُسْطَى حَتَّى غَابَتْ الشَّمْسُ)) وَفِي لَفْظٍ لِمُسْلِمٍ ((شَغَلُونَا عَنْ الصَّلاةِ الْوُسْطَى – صَلاةِ الْعَصْرِ – ثُمَّ صَلاهَا بَيْنَ الْمَغْرِبِ وَالْعِشَاءِ)) . 

وَلَهُ عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ مَسْعُودٍ قَالَ: ((حَبَسَ الْمُشْرِكُونَ رَسُولَ اللَّهِ – صلى الله عليه وسلم – عَنِ الْعَصْرِ حَتَّى احْمَرَّتِ الشَّمْسُ أَوْ اصْفَرَّتْ فَقَالَ رَسُولُ اللَّهِ – صلى الله عليه وسلم -: شَغَلُونَا عَنْ الصَّلاةِ الْوُسْطَى – صَلاةِ الْعَصْرِ – مَلأَ اللَّهُ أَجْوَافَهُمْ وَقُبُورَهُمْ نَاراً أَوْ حَشَا اللَّهُ أَجْوَافَهُمْ وَقُبُورَهُمْ نَاراً)) 

 

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хандақ жанги куни шундай дедилар: “Аллоҳ мушрикларнинг қабрлари ва уйларини ўтга тўлдирсин! Улар то қуёш ботгунча бизни ўрта намоздан машғул қилиб қўйишди” [Бухорий: 2931 ва Муслим: 627].

Имом Муслимнинг бир ривоятида: “Бизни ўрта – аср намозидан машғул қилиб қўйишди”, деб сўнгра шом билан хуфтон ўртасида асрни ўқидилар” [Муслим: 627].

Имом Муслим Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан келтирган бошқа бир ривоятда шундай дейилган: “Мушриклар то қуёш қизаргунча ёки сарғайгунча Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни аср намозини ўқишдан тўсиб қўйдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ уларнинг ичлари ва қабрларини ўтга тўлдирсин!”, ёки “Аллоҳ уларнинг ичлари ва қабрларини ўтга лиммо-лим қилсин” дедилар [Муслим: 628].

Шарҳ:

Хандақ – ҳижрий бешинчи йили мушриклар мусулмонларни қамалга олган пайтда Мадинаи Мунаввара шаҳрининг шимолида шарқий ҳарра (қирра тошли тошлоқ жой)дан то ғарбий ҳаррагача Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалар қазиган ўра – чуқурлик[1].

Ўрта намоздан машғул қилиб қўйишди…”, яъни энг афзал намоздан. Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятида ҳам “ўрта” сўзи шу маънода келган: “Шунингдек, сизларни ўрта уммат қилдик”, [Бақара: 134] яъни энг афзал ва энг яхши уммат қилдик.

Мушриклар Мадинага қўшин тортиб келганлари боис Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалар то қуёш ботгунига қадар Мадинани ва ўзларини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш билан машғул бўлиб қолишди ва асрни кун ботганидан кейин ўқишди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам мушриклар у зотга ва саҳобаларга етказган азияти ва энг афзал бўлмиш аср намозидан қолдирганлари учун Аллоҳ уларнинг ичлари ва қабрларини ўтга тўлдиришини сўраб дуо қилдилар.

Уламолар ихтилофи:

Маълумки, Аллоҳ таоло ўрта намозни сақлашга – ўз вақтида тўкис адо этишга тарғиб қилиб шундай деган: “Барча намозларни ва хусусан ўрта намозни сақланглар — ўз вақтларида адо қилинглар! Ва Аллоҳ учун бўйинсунган ҳолда туринглар!” [Бақара: 238]. Уламолар оятдаги “ўрта намоз”дан  қайси намоз назарда тутилгани борасида бир қанча фикрларни билдиришган. Шавконий роҳимаҳуллоҳ улардан ўн еттитасини далиллари билан зикр қилган. Китоб чўзилиб кетишидан хавотирланиб ҳамда фойдаси оз бўлгани сабабли уларни бу ерда зикр қилишимизга ҳожат йўқ деб билдик. Аксар салаф ва халаф уламолар билдирган фикрга кўра, шунингдек, саҳиҳ очиқ-ойдин ҳадислар тақозо қилишича, оятдаги ўрта намоздан мурод аср намозидир. Бундан бошқа фикрлар заиф ва ҳужжат-далили кучсиз.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1 – Ўрта намоздан мурод аср намозидир. Бунга “саҳиҳайн”да Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ушбу ҳадис далолат қилади: “Биз оятда зикр қилинган ўрта намозни бомдод намози деб билардик. Аҳзоб куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деяётганларини эшитдим: “Мушриклар бизларни ўрта намоз – аср намозидан машғул қилиб қўйишди”. Ибн Асир роҳимаҳуллоҳ айтади: “Аср намози ўрта деб номлаганининг сабаби, чунки у энг афзал ва ажр-савоби энг кўп намоз саналади. Шу боис уни ўз вақтида тўкис адо этишга алоҳида эътибор қаратилган”.
2 – Намозни ўз вақтида адо этишга имкон бўлмаса, уни белгиланган вақтидан кейин адо этиш жоиз.
3 – Бу воқеа “хавф намози” жорий қилинишидан илгари содир бўлган бўлса керак. Негаки, кейинчалик мусулмонлар хавф-хатар пайтида оёқда тик турган ёки уловларига минган ҳолларида намоз ўқишга буюрилганлар. Қози Иёз роҳимаҳуллоҳ айтади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам асрни қасддан кечиктирдилар. Аммо хавф намози (жорий қилингач) бу (яъни хавф-хатар пайтида намозни қасддан вақтидан кечиктириб ўқиш жоизлиги)ни насх –бекор қилган”. Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ айтади: “Ушбу фикр ҳақиқатга яқинроқ. Қолаверса, Аҳмад ва Насоий Абу Саид розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда айтилишича, бу воқеа хавф намозига тегишлиЭнди агар (душман ҳужумидан) хавфда қолсангиз, пиёда ёки отлиқ ҳолингизда ибодат қилаверингиз![Бақара: 239] ояти нозил бўлишидан олдин содир бўлган”.
4 – Намозни вақтида ўқишни унутиб қўйган одам уни эслаган пайтида ўқийди.
5 – Золимнинг зулми миқдорича уни дуоибад қилиш жоиз. Чунки бу қасос ҳисобланади.
6 – Уламолар айтишади: “Ушбу ҳадис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларини маънодош сўзлар билан ривоят қилиш жоиз эмаслиги, балки уни сўзма-сўз нақл қилиш лозимлигини кўрсатади. Негаки, Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қай бир лафзни айтганлари борасида иккиланиб: “Аллоҳ уларнинг ичлари ва қабрларини ўтга тўлдирсин!”, ёки “Аллоҳ уларнинг ичлари ва қабрларини ўтга лиммо-лим қилсин” деди ва уларнинг бирига чекланиб қолмади. Ҳолбуки, мазкур ҳар икки лафз бир маънони англатади.

[1] Мадинанинг шимолидан бошқа барча тарафи ҳарра (қирралик тошлоқлар) ва тоғлар билан, хурмозор боғлар билан ўралган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай катта қўшин Мадинага фақат шимол томондангина ҳужум қила олиши мумкинлигини билганларидан шу тарафни хандақ билан ўраттирдилар.

Изоҳ қолдиринг