Тушда дажжолни кўрса нима бўлади?

0

Савол:

Тушда дажжолни кўрса нима бўлади?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;

Дажжол фитнанинг боши бўлгани учун уламоларимиз тушда дажжолни кўришни золим ва ёлғончи подшоҳ ёки одамларга илмсиз фатво бериб, уларни адаштирадиган имом ёки душман бостириб келиши ёхуд ёлғончи маккор инсон деб таъбир қилишган. Яъни, бу таъбирларнинг моҳияти фитнага бориб тақалади. Негаки, золим ва ёлғончи бошлиқ ҳам, одамларни адаштирадиган имом ҳам фитна бўлса, душман бостириб келишининг ўзи катта бир фитна ҳисобланади. Саволда айтилган тушни тўғри таъбир қилиш учун тушнинг тафсилотини билиш керак. Чунки тушнинг тафсилоти уни тўғри таъбир қилишда муҳим рол ўйнайди. Шунингдек, туш солиҳ ва ростгўй инсон тарафидан кўрилган бўлиши унинг таъбири рост чиқишини янада таъкидлайди. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Энг тўғри туш кўрадиганингиз энг ростгўйларингиздир” – деганлар (Муслим (2263) ривояти).

Баъзан инсон шайтон ўйнашгани учун турли хил бемаъни тушлар кўрса, баъзан қаттиқ ўйлаган нарсасини тушида кўради. Бу каби тушларнинг ҳар иккала тури ҳам таъбир қилинмайди. Негаки, биринчиси ёлғон туш бўлса, иккинчисида инсон кўп ўйлаган нарсасини тушида кўрган бўлади. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Туш уч хил бўлади: Аллоҳ тарафидан башорат, инсон ўйлаган фикрини тушда кўриши ҳамда тушда шайтонннинг қўрқитиши. Агар бирортангиз ўзига ёққан туш кўрса, хоҳласа уни бошқаларга ҳам айтиб берсин. Агар ёмон туш кўрса, уни ҳеч кимга айтмасин ва туриб намоз ўқисин” – деганлар (“Саҳиҳи сунани Ибн Можа” (3154)). Шунингдек, туш тўғри бўлиши учун бомдоддан бироз олдин кўрилган бўлиши ва таҳорат билан ухланган бўлиши шарт эмас. Чунки Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кундузи ухлаб, кўрган тушларини асҳобларига айтиб берганлар (Бухорий (5926) ривояти), валлоҳу аълам.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг