Никоҳдан олдин айтилган талоқ

0

Никоҳдан олдин айтилган талоқ

Агар эркак киши бирон аёлга “Сен талоқсан” ёки “Агар сенга уйлансам талоқсан” деса, сўнг унга уйланса, талоқ тушмайди.

Бунга қуйидагилар далилдир:

Аллоҳ таоло айтади: “Эй иймон келтирганлар, қачон сизлар мўминаларни никоҳларингизга олсангизлар-у, сўнгра… талоқ қилсангизлар” [Аҳзоб: 49]. Оятда талоқ никоҳдан кейин бўлишига ишора бор.

Амр ибн Шуайб отасидан, отаси эса бобосидан ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Одам боласи ўзи эгалик қилмаган нарсасидан назр қилиши, ўзи эгалик қилмаган қулни озод қилиши, шунингдек, ўзи эгалик қилмаган (яъни никоҳида бўлмаган) аёлни талоқ қилиши мумкин эмас[1].  Ҳадисни Термизий ривоят қилиб, ортидан шундай дейди: “Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳоблари ва улардан бошқалардан иборат аксар уламоларнинг фикридир”.

Дарҳақиқат, юқорида айтиб ўтилганидек, бу жумҳур уламолар билдирган рожиҳ фикрдир[2].

Эслатма:

Агар инсон ичида талоқ қилиб, талоқ сўзини талаффуз қилмаса, талоқ тушмайди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис бунга далил: “Дарҳақиқат, модомики умматим дилида кечган сўзларга амал қилмаса ёки уни талаффуз қилмаса, Аллоҳ таоло бу кечинмалардан ўтиб юборади (яъни унинг учун жавобгар қилмайди)”[3].

Қатода роҳимаҳуллоҳ мазкур ҳадисни ривоят қилар экан шундай дейди: “Ичида хотинини талоқ қилса, зиёни йўқ”.

[1] Ҳасан. Абу Довуд (2190), Термизий (1181) ва Ибн Можа (2047) ривоят қилишган.
[2] “Фатҳул Борий” (9/386).
[3] Бухорий (5269), Муслим (127), Абу Довуд (2209), Термизий (1183), Насоий (6/156) ва Ибн Можа (2040) ривоят қилишган.

Изоҳ қолдиринг