Иккинчи ҳадис: (18) тақдирнинг тўртинчи босқичи: яратиш

0

Тақдирнинг тўртинчи босқичи: яратиш

Борлиқдаги барча нарсаларни Аллоҳ таоло яратган. Ёмғир ёғиши, ўсимларнинг униб чиқиши ва ҳоказо Аллоҳ таолонинг иши билан юзага келган нарсаларни Аллоҳ яратганлигида шак-шубҳа йўқ.

Бироқ бандаларнинг хатти-ҳаракатларичи? Уларни ҳам Аллоҳ яратадими?

Жавоб: ҳа, уларни ҳам Аллоҳ яратади. Инсоннинг барча ҳаракат ва сукунатларини Аллоҳ яратади. Буни қуйида исботлаб берамиз:

Биринчидан, Аллоҳ таоло инсонни яратган ҳамда унга ирода-хоҳиш ва қудрат ато этган. Инсон ҳар қандай иш ва хатти-ҳаракатни ана шу иккиси воситада амалга оширади. Бинобарин, инсон пайдо қилган иш ва хатти-ҳаракатлар манбаи қатъий ирода ва тўлиқ қудратдир. Ҳолбуки, бу икки сифатни Аллоҳ яратган. Маълуки, сабаб ёхуд воситани яратган зот ундан келиб чиққан хатти-ҳаракатни ҳам яратган саналади.

Иккинчидан, инсон жисми ва васфи билан инсондир. Бинобарин, унинг жисмини яратган Аллоҳ сифатларини ҳам ўзи яратади. Демак, инсон хатти-ҳаракатларини Аллоҳ яратади. Инсоннинг узун-қисқалиги, оқ-қоралиги, семиз-озғинлигини Аллоҳ яратганидек, унинг хатти-ҳаракатлари ва ишларини ҳам Аллоҳ яратади. Негаки, бу хатти-ҳаракатлар инсоннинг сифатларидан биридир. Маълумки, бирон нарсанинг аслини яратган зот унинг сифатини ҳам яратган саналади.

Қолаверса, бунга қуйидаги оятлардаги Иброҳим алайҳиссаломнинг қавмига айтган сўзлари ҳам далолат қилади: “(Иброҳим) деди: “Ўзингиз йўниб ясаб олган бутларга ибодат қиласизларми?! Ҳолбуки, сизларни ҳам, амалларингизни ҳам Аллоҳ яратган” [Соффот: 95-96]. Мазкур оят араб тили қоидаларидан келиб чиқиб икки хил маънони ифода этиши мумкин:

Биринчиси: “Сизларни ҳам, амалларингизни ҳам Аллоҳ яратган”. Бу эҳтимолга кўра оятда инсоннинг хатти-ҳаракатларини Аллоҳ яратганлиги очиқдан-очиқ ифода этилади.

Иккинчиси: “Сизларни ҳам, сиз ясаган нарсаларни ҳам Аллоҳ яратган”. Бу эҳтимолга кўра ҳам бандаларнинг хатти-ҳаракатларини Аллоҳ яратганлиги келиб чиқади. Чунки инсон ясаган нарсаларни Аллоҳ яратган бўлса, демак, инсон амалининг ўзини ҳам Аллоҳ яратган бўлади. Негаки, ясалган нарса инсон амали билан вужудга келди. Агар инсон хатти-ҳаракатининг маҳсули бўлмиш ясалган нарсани Аллоҳ яратган бўлса, демак, банданинг хатти-ҳаракатини ҳам Аллоҳ яратган бўлади. Шундай қилиб, оят ҳар икки эҳтимолга кўра ҳам бандаларнинг ишлари ва хатти-ҳаракатларини Аллоҳ таоло яратганлигига далолат қилади.

  Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

(20) Барча ишларнинг олдиндан тақдир қилинишида бирон ёмонлик йўқ. Ёмонлик фақат тақдир қилинган ишда бўлиши мумкин. Тушунтириброқ айтадиган бўлсак, Аллоҳнинг иши бўлган тақдири азалийнинг барчаси яхшиликдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Ёмонлик Сенга нисбат берилмайди[1], деган сўзлари ҳам шуни кўрсатади. Бинобарин, Аллоҳ барча ишларни тақдир қилишининг ўзида бирон ёмонлик йўқ. Чунки тақдир Аллоҳнинг раҳмати ва ҳикматидан келиб чиқиб ёзилган. Қолаверса, ҳар томонлама ёмонлик фақат ёвуз кимсадангина содир бўлиши мумкин. Аллоҳ таоло эса раҳмли ва бандаларига яхшилик қилувчи зотдир.

Ундай бўлса, “тақдирнинг яхши-ёмонига иймон келтирамиз” деган иборани қандай изоҳлаш мумкин?

Жавоб: Аллоҳ яратган мавжудотлар ичида яхши ва ёмон нарсалар бўлиши мумкин. Аммо Аллоҳ таолонинг ишларидан бўлмиш тақдир қилиш ишининг ўзида асло ёмонлик йўқ. Масалан, Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзига эътибор қаратайлик: “Одамларнинг қилмиши туфайли қуруқлик, (дарё) ва денгизларда (яъни барча жойда) бузуқлик зоҳир бўлди” [Рум: 41]. Бу – ер юзидаги бузуқлик сабабининг баёнидир. Бироқ унинг ортидаги ҳикмат нима? Ҳикмат “Шояд одамлар (ҳаққа) қайтишлари учун Аллоҳ уларга баъзи гуноҳларининг жазосини тотдириши”дир [Рум: 41]. Демак, қурғоқчилик, касаллик, фақирлик ва ҳоказо мусибатларнинг оқибати яхшилик билан ниҳоя топаркан. Шунинг учун ёмонлик Рабга нисбат берилмай, балки махлуқотларга нисбат берилади. Бу мусибатлар ундан содир бўладиган азиятларга нисбатан ёмон саналсада, мақтовга сазовор оқибати жиҳатидан яхшиликдир: “Шояд одамлар (ҳаққа) қайтишлари учун Аллоҳ уларга баъзи гуноҳларининг жазосини тотдириши учун” [Рум: 41].

Қолаверса, мавжудотларда яхшилик ҳам ёмонлик ҳам бўлиши ҳикматдандир. Зеро, ёмонлик бўлмаса яхшилик билинмайди, бирон нарсанинг моҳияти унинг зидди билан солиштирилсагина рўёбга чиқади. Агар барча инсонлар солиҳ бўлишганда ёмонликни билмаган, аксинча, барча инсонлар ёмон бўлишганда яхшилик нима билмаган бўлур эдик. Шунингдек, хунук ва тасқара мавжудотлар бўлмаганида гўзалликнинг қадрига етмаган ёхуд барча махлуқотлар гўзал бўлганида хунуклик нима билмаган бўлур эдик.

Демак, яхшиликни билишимиз учун ёмонлик пайдо қилинган. Бироқ Аллоҳ таолонинг ёмонликни пайдо қилиши ёмонлик эмас. Бу ерда ёмонликни пайдо қилиш бўлган Аллоҳнинг иши билан ёмонлик объекти бўлмиш пайдо қилинган мавжудот ўртасида фарқ бор. Аллоҳнинг иши бўлмиш тақдирда бирон ёмонлик йўқ. Аллоҳ тақдир қилган нарса эса яхши ва ёмонга бўлинади. Бирон нарсада мавжуд бўлган ёмонлик, албатта, улуғ бир ҳикмат учун яратилган.

Агар бирон киши “Аллоҳ нега ёмонликни тақдир қилди?”, деса, унга қуйидагича жавоб берилади:

Биринчидан, инсонлар ёмонлик сабабли яхшиликни билиб олишлари учун;

Иккинчидан, инсонлар ёмонликдан қочиб Аллоҳга илтижо қилишлари учун;

Учинчидан, инсонлар Аллоҳга тавба-тазарру қилишлари учун.

 Қанчадан қанча инсонлар борки, халойиқнинг ёмонлигидан қўрқиб кечаси ёки кундузи турли зикр ва дуоларни ўқийди. Одамларнинг турли бало-офатлардан сақланиш учун мунтазам равишда бу зикр ва дуоларни ўқиб юришга одатланганини кўрасиз. Демак, махлуқотларда мавжуд бу ёмонликларнинг фойдаларидан бири шундаки, улар одамларни Аллоҳни зикр қилишга, унга дуо-илтижо қилишга ундайди. Демак, бу ёмонликларнинг оқибати яхшиликдир.

Яна бир мисол: бир инсоннинг ўғли бор. Ота ўғлига бениҳоят меҳрибон. Ўғил касалга чалинди. Касални даволаш учун олов билан куйдириб даволаш услубини қўллашга тўғри келди. Шубҳасиз, бундай муолажа услубидан ўғил азият чекади. Бироқ шунга қарамай ота куйдириш ортидан келадиган фойдани кўзлаб ўғлини олов билан куйдиради. Кўриб турганингиздек, куйдириш ёмонлик бўлсада, унинг оқибати яхшиликдир.

Агар Аллоҳнинг барча ишлари яхшилик эканини билсангиз, Аллоҳ тақдир қилган ишлардан хавотирга тушмайсиз, тақдирга батамом таслим бўласиз. Натижада, Аллоҳ таоло қуйидаги оятда айтган зотлар сирасидан бўласиз: “Ким Аллоҳга иймон келтирса, Аллоҳ унинг қалбини ҳидоят қилади” [Тағобун: 11]. Алқама роҳимаҳуллоҳ мазкур оят тафсирида шундай дейди: “Оятдан бошига мусибат тушган, мусибатнинг Аллоҳ ҳузуридан эканига иймон келтириб, тақдирга рози ва таслим бўлган киши назарда тутилган”.

Тақдирга чинакам рози бўлган инсон ғам ва хафачиликдан хотиржам бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги сўзлари бунга далилдир: “Кучли мўмин заиф мўминдан кўра яхшироқ ва Аллоҳга  суюклироқдир. Уларнинг ҳар бирида яхшилик бор. Ўзингга фойдали ишларга интил, Аллоҳдан ёрдам сўра ва ожизлик қилма. Сенга бирон нохушлик етса, “Эсиз, бундоқ қилганимда бундоқ бўлар эди-я!”, дема. Зеро, бу сўз шайтон васвасасига йўл очади[2]. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фойдали ишларга интилишга буюрдилар. Борди-ю, натижа сиз кутгандек бўлмаса, “Бу Аллоҳнинг тақдири. Аллоҳ хоҳлаганини қилди”, деб айтинг.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Кучли мўмин заиф мўминдан кўра яхшироқ ва Аллоҳга  суюклироқдир” деган сўзларидан мақсад мускуллари бақувват киши эмас, балки иймони бақувват кишидир. Қанчадан қанча жисмонан бақувват инсонлар борки, уларда бирон яхшилик йўқ. Аксинча, жисмонан заиф инсонлар борки, уларда кўп яхшилик бор. Шунга кўра, бу ҳадисни катта лавҳаларга ёзиб спорт майдонларига осиб қўйиш жоиз эмас. Чунки бундан кучли мўмин деганда фақат жисмонан бақувват мўмин назарда тутилган деган тушунча пайдо бўлиб қолади.

Хулоса шуки, ёмонлик Аллоҳ таолога нисбат берилмайди. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Ёмонлик Сенга нисбат берилмайди”, деганлар. Аксинча, ёмонлик махлуқотларга нисбат берилади. Аллоҳ таоло айтади: “(Эй Муҳаммад), айтинг: “Мен тонг Парвардигоридан (менга) Ўзи яратган нарсаларнинг ёмонлигидан паноҳ беришини сўрайман” [Фалақ: 1-2]. Кўриб турганингиздек, оятда ёмонлик махлуқотларга нисбат берилмоқда.

Шу ўринда бир масала бор: ёвуз махлуқотларнинг яралишини тақдир қилишда бирон ҳикмат борми?

Жавоб: Ҳа, албатта, бунда катта ҳикмат бор. Агар бу ёвуз махлуқотлар бўлмаганида яхши махлуқотларнинг қадрига етмаган бўлур эдик. Мисол учун, бўри туяга нисбатан жуссаси кичик. Шунга қарамай, бўри инсонни ейди. Аллоҳ таоло Юсуф сурасида Яъқуб алайҳиссалом тилидан шундай дейди: “Мен уни бўри еб қўйишидан қўрқаман” [Юсуф: 13]. Маълумки, туя инсонни емайди. Аксинча, баҳайбат туя кичкина болага ҳам бўйсунади. Аллоҳ таоло айтади: “Ахир улар Биз Ўз қўлимиз билан улар учун чорва ҳайвонларини яратиб қўйганимизни кўрмадиларми?! Улар бу ҳайвонларга эгадирлар. Биз бу ҳайвонларни уларга бўйсундириб қўйганмиз. Улардан (туя сингари) миниладиганлари ва (гўшти) ейиладиганлари бор” [Ёсин: 71-72]. Бу етук ҳикматни мушоҳада қилинг: Аллоҳ таоло туяни баҳайбат суратда яратди ва бизларни унинг хилқати тўғрисида тафаккур қилишга буюрди. Аллоҳ таоло айтади: “Туянинг қайдай яратилганига тафаккур назари билан қарамайдиларми?” [Ғошия: 17]. Шунингдек, Аллоҳ таоло одам боласига азият берадиган бўри ва унга ўхшаш ҳайвонларни ҳам яратди. Токи инсонлар бу каби махлуқотлар орқали Аллоҳнинг қудрати чексиз экани ва ишларнинг барчаси Унинг қўлида эканини билсинлар!

[1] Муслим (771, 201) ривояти.
[2] Муслим (2664, 34) ривояти.

Изоҳ қолдиринг